Ўзбекистонда инновацияларни жорий этишнинг тизимли трансформацияси
Ўзбекистонда инновацияларни жорий этишнинг тизимли трансформацияси

 

Мамлакатимиз инновацион ривожланишни миллий тараққиётнинг асосий омилларидан бири сифатида белгилаб, сўнгги йилларда иқтисодиёт тармоқларини диверсификация қилиш ва юқори технологияли ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш мақсадида тизимли ислоҳотларни амалга оширмоқда.

Сабаби аёнки, бугун дунёда иқтисодий тараққиёт ва миллий рақобатбардошлик анъанавий хомашё ресурсларига эмас, балки билим, технология ва интеллектуал мулкка асосланган инновацияларни жорий этиш тезлиги билан белгиланмоқда.

Шу маънода, аввало юртимизда таълим сифати ва қамровини ошириш ҳамда ривожлантириш, кадрлар тайёрлаш тизимининг иқтисодиёт эҳтиёжларига мослашувчанлигини таъминлаш, илмий-инновацион фаолиятни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш, мамлакатнинг инновацион салоҳиятини шакллантириш ва янада такомиллаштириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқишга қаратилган норматив-ҳуқуқий асослар ишлаб чиқилди ва тубдан янгиланди.

Хусусан, 10 га яқин қонун, 50 га яқин Ўзбекистон Республикаси Президент фармонлари ва қарорлари, 36 та Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари қабул қилинди.

Жумладан, 2020 йил 24 июлда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонуни инновацион жараёнларнинг ягона ҳуқуқий базасини белгилайди. Ушбу қонун тараққиётимизни янада жадаллаштирувчи янги ғоя, янги кашфиётлар, илмий ишланмаларни яратиш ҳамда ҳаётга жорий этилишининг ишончли ҳуқуқий механизмларини ўзида акс эттиради.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари билан 2019 — 2021 йилларда ҳамда 2022-2026 йилларда Ўзбекистон Республикасининг инновацион ривожлантириш стратегиялари, Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, Илм-фанни 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, “Рақамли Ўзбекистон — 2030” стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020 — 2030 йилларга мўлжалланган стратегияси, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тасдиқланди.

Бундан ташқари, илм-фан ва инновацияларни давлат бюджетидан молиялаштириш 1,5 трлн сўмдан ошди, ёш олимлар сони 6,5 минг нафардан 11 минг нафаргача етди, инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш бўйича 30 га яқин институт ташкил этилди, 28 та туман ва шаҳар инновацион ҳудуд деб эълон қилинди.

2018 йилдан бошлаб ҳар йили ўтказилаётган Халқаро инновацион ғоялар ҳафталиги — “Innoweek.uz” хорижий инновацион ва илмий марказлар, инвестицион фондлар, технологик агентликлар, технопарклар ва бизнес-инкубаторларни бир мақсад йўлида жамловчи инновацион технологиялар платформасига айланмоқда.

Ушбу амалга оширилган стратегик ислоҳотлар натижасида Ўзбекистоннинг халқаро инновацион майдондаги интеллектуал ва технологик мавқеи Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (WIPO) томонидан эълон қилинадиган Глобал инновацион индекс (GII) ҳисоботларида яққол намоён бўлмоқда. 2025 йилги глобал ҳисоботга кўра, Ўзбекистон 139 та давлат ичида 79 ўринни эгаллаб, 2020 йилги кўрсаткичга нисбатан 14 поғонага, 2015 йилги кўрсатгичга нисбатан 43 поғонага юқорилади ва Марказий Осиё минтақасининг инновацион етакчиси сифатида тан олинди.

Бутунжаҳон интеллектуал мулк ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистон “барқарор ривожланаётган инновацияларга асосланган иқтисодиёт” сифатида таърифланган. Албатта, мазкур баҳолар мамлакатда илм-фан, таълим ва рақамли иқтисодиёт соҳасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг бевосита натижасидир.

Шу ўринда таъкидлаш керак, мамлакатимиздаги кўплаб соҳалар ўз фаолиятини инновацион ғояларга таянган ҳолда фаолият олиб бормоқда. Биргина мисол, энг катта соҳалардан бири қишлоқ хўжалигида сув ресурслари тақчиллиги кескинлашаётган шароитда жадаллик билан сув тежовчи суғориш технологиялари жорий этилмоқда. Рақамларга эътибор берсак, 2019 йилда сув тежовчи технологиялар умумий майдони атиги 75 минг гектарни ёки умумий суғориладиган ерларнинг 1,7 фоиз қисмини ташкил этган бўлса-да, тизимли субсидиялар ва электр энергияси бўйича преференциялар орқали бу кўрсаткич миллион гектардан ошди.

Ёхуд тиббиёт муассасаларида ягона рақамли инфратузилма яратилиб, 2024-2025 йиллар мобайнида 3 мингдан ортиқ тиббиёт муассасасида локал тармоқлар шакллантирилди. Айни пайтда республика бўйлаб тиббий муассасаларда 2 минг 500 нафардан ортиқ янги IT-оператор ҳамширалар фаолият юритмоқда.

Умуман олганда, соҳаларда инновацияларни жорий этиш сиёсати институционал шаклланиш босқичидан фаол иқтисодий ва амалий трансформация босқичига ўтмоқда. Глобал инновацион индексдаги ижобий натижалар ва стартап экотизимига венчур капитали оқимининг беш баробарга кўпайиши миллий инновацион салоҳиятнинг ошганидан далолат беради.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг

Инновацион ривожланиш ва ахборот технологиялари масалалари қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш