Қашқадарёда коммунал хизматлар ва инфратузилма ҳолати таҳлил қилинди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қашқадарё вилоят кенгаши томонидан “Коммунал инфратузилмани ривожлантириш ва аҳолига муносиб хизмат кўрсатиш истиқболлари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Унда аҳолининг кундалик ҳаётига бевосита таъсир кўрсатадиган коммунал хизматлар сифатини ошириш, ички йўллар ҳамда ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳар бир ҳудудда муносиб ҳаёт кечириш учун шароит ва имконият яратилиши лозим, деб ҳисоблаши таъкидланди. Электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газ барқарор етказиб берилиши, ичимлик суви таъминоти, ички йўлларнинг яхши ҳолати, халқимиз ҳар куни биринчи ўринда мана шу хизматларга эҳтиёж сезади.

Маълумотларга кўра, вилоятда 2521 та кўп қаватли уйлар бўлиб, бугунги кунда уларга 69 та бошқарув сервис компаниялари хизмат кўрсатиб келмоқда.

Келтирилишича, ҳудудда коммунал хизматлар, уй-жой, ички йўллар ва ҳудудлар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича муайян ишлар амалга оширилмоқда. Бироқ аҳоли мурожаатлари соҳада ҳали ечимини кутаётган қатор тизимли муаммолар мавжудлигини кўрсатмоқда.

Хусусан, Халқ қабулхоналарига келиб тушаётган мурожаатлар таҳлилига кўра, суюлтирилган газ таъминоти бўйича шикоятлар 22 фоизга, электр таъминоти билан боғлиқ мурожаатлар 98 фоизга, хотин-қизларнинг уй-жойларини таъмирлаш масалалари бўйича мурожаатлар эса 180 фоизга ошган. Бу рақамлар коммунал хизматлар сифати ва аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилаш борасидаги ишларни янада кучайтириш зарурлигини кўрсатмоқда.

Муҳокамаларда ёш оилалар, ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар, ногиронлиги бўлган шахслар, хотин-қизлар ва даромади юқори бўлмаган оилаларни арзон уй-жой билан таъминлаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Шунингдек, мулоқотда шаҳар ва қишлоқларидаги ички йўллар, айрим маҳаллаларга олиб борувчи асосий йўлларнинг таъмирталаб ҳолати аҳоли эркин ҳаракатланиши учун жиддий тўсиқ бўлиб келаётгани қайд этилди.

Давра суҳбатида коммунал хизматлар сифатини ошириш ва ҳудудлар инфратузилмасини янада ривожлантириш аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлашда энг муҳим омиллардан бири эканлиги таъкидланди.

Мулоқот якунида Ўзбекистон Халқ демократик партияси фаоллари билдирилган таклиф ва мулоҳазалар асосида коммунал хизматлар сифатини ошириш ҳамда инфратузилмани яхшилаш борасида масъул ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлашди.

Шунингдек, аҳоли мурожаатларини тизимли таҳлил қилиш, аниқланган муаммоларга манзилли ечим ишлаб чиқиш ва ижросини парламент ҳамда жамоатчилик назорати орқали таъминлаш муҳим вазифа сифатида белгиланди.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш