Коронавирус билан боғлиқ турли чекловлар иқтисодиёти бақувват, тиббиёти ва бошқа ижтимоий соҳалари ривожланган давлатларни ҳам эсанкиратиб қўйди.
Мамлакатимизда синовли кунлардан мардонавор ўтиш бўйича қатъий ҳаракат қилинмоқда. Президентимизнинг тезкор, муаммолар ечимига аниқ йўналтирилган қарор ва фармонлари, видеоселектор йиғилишларида хавфларни бартараф этиш бўйича қатъий белгилаб бераётган вазифалари бу жараёнда асосий аҳамият касб этмоқда.
Энг муҳим жиҳат шундаки, юртбошимиз пандемияга қарши курашиш юзасидан ҳаётий ташаббуслар билан чиқиб, давлат ва жамият имкониятлари ҳамда саъй-ҳаракатларини ягона мақсад йўлида бирлаштирди. “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракатини ташкил этиш ташаббуси ҳам шундай эзгу ғоялардан бўлди.
Энди бу ташаббус нега муҳимлиги, унинг улкан ижтимоий аҳамияти ҳақида мушоҳада қилиб кўрайлик. Карантин муддати узайтирилиши ижтимоий муҳофазага муҳтож кишилар, ногиронлиги бўлган шахслар, вақтинча ишсизлар, норасмий секторда кунлик даромадга суяниб келган оилаларга манзилли ёрдамни кучайтиришни тақозо этади. Бу ёрдам қисқа муддатда кўрсатилиши, оилалардаги эҳтиёж ва зарурат ҳисобга олиниши зарур.
Бундай вазиятда энг тезкор ва аниқ ёрдам маълум маҳалла, кўча доирасида кўрсатилиши мумкин. Нега? Маҳаллада ким ёрдамга муҳтож бўлиб қолгани, айнан қандай озиқ-овқат ёки дори-дармонга эҳтиёж сезаётганини аниқлаш осон.
Ҳамма ҳам хайрияларни мувофиқлаштириш марказларига мурожаат қилмаслиги мумкин. Яна жамиятимизда шундай кишилар борки, қўнғироқ қилиб ёрдам сўрашга, исмини, уй манзилини айтишга истиҳола қилади.Агар маҳалласи, кўчасидаги таниш инсон ёрдам берса, бир кун қайтаришни кўнглига тугиб қўяди. Маҳаллада муҳтож оилага ёрдам берилганини биров билиб, биров билмай қолади. Хижолатчилик камроқ бўлади. Одамнинг ички табиати шундайки, ўзига таниш, яқинроқ кишилардан ёрдамни илиқроқ қабул қилади.
Маҳалла, кўча ёки бошқа кичикроқ ҳудуд доирасида оилаларга ёрдам кўрсатилганда карантин қоидаларига риоя қилиш, одамларни бир жойга тўпламасдан кўпроқ оилаларга ёрдам кўрсатиш осонроқ бўлади.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати натижасида қўни-қўшнилар, таниш-биродарлар ўртасида меҳр-оқибат, хайр-у саховат ришталари янада мустаҳкамланади.Шу тариқа ижтимоий, иқтисодий ҳолатидан қатъи назар, аҳоли ўртасида ҳамжиҳатлик, руҳий яқинлик кучаяди. Бу жамиятимиздаги ижтимоий бирдамликни мустаҳкамлашда катта аҳамият касб этади.
Маълумотларга кўра, ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказларида 1 апрелдан буён (1197 қисқа рақами орқали) 180 мингга яқин мурожаат қабул қилиниб, қиймати қарийб 23 миллиард сўмлик ёрдам етказиб берилган. Бу муҳим натижа.
Шунинг билан бирга, иқтисодиётда банд бўлмаганлар, ногиронлиги бўлган шахслар, ёлғиз кексалар, кўмакка муҳтож бошқа тоифадаги кишиларни ҳисобга олсак, манзилли ёрдам етказиш зарурати янада равшанлашади.
Саховатпеша, ижтимоий масъулияти юқори тадбиркорлар давлат томонидан турли имтиёз ва преференциялар орқали қўллаб-қувватланиши карантин чекловларидан кейинги қийинчиликларни енгиб ўтишда уларга катта ёрдам бўлиши шубҳасиз.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати эҳтиёжманд бўлиб қолган ҳар бир оилага етиб бориши, ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмаслиги, бу жараёнда, айниқса, партиямизнинг бошланғич ташкилотлари, барча даражадаги депутатлар фаоллик кўрсатиши талаб этилади. Чунки ЎзХДП дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, жойлардаги ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ вазиятдан партиямиз депутатлари яқиндан хабардор бўлиши керак.
Бунинг учун биринчи навбатда қайси ҳудудда кимга ёрдам қилиниши бўйича манзилли рўйхатларни шакллантириш, ногиронлар, боқувчисини йўқотган ёлғиз аёллар ва кексалар, кўп болали оилаларга мурожаат қилишини кутиб ўтирмасдан ижтимоий кўмак етиб боришини эътиборга олиш керак.
Саховат ва кўмакка қурби етадиган тадбиркорлар, фермерларга, кластер хўжаликларига давлат томонидан имтиёз ва преференсиялар берилишини тушунтириш, айни пайтда тадбиркорларнинг бу имтиёзлардан фойдалана олишига амалий ёрдам бериш зарур. Маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар бу борада таъсирчан имкониятларга эга. Эл-юртга ёрдам берган тадбиркорлар турли англашилмовчилик ва сансалорликлар сабаб бўлиб давлатдан кўмак олишга қийналмаслиги керак. Бу иш ўринларига ҳам салбий таъсир етказиши мумкин.
“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати Рамазон ойи кунларидаги эзгу амаллар билан уйғунлашиб кетишида ҳам чуқур маъно бор. Муқаддас ойда муҳтожларга ёрдам кўрсатилиши, эҳтиёжмандлар қўллаб-қувватланиши руҳий бирдамлигимиз ва бардамлигимизни оширади. Айни шу туйғулар мураккаб синовларни енгиб ўтишда ҳаммамизга қўшимча куч-қувват беради, “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати халқимизни янада жипслаштиради.
Улуғбек Иноятов,
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси раҳбари.