Андижонда минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда
Андижонда минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда

 

Кўпчилик яхши билади, бундан ўн йилча аввал Ўзбекистонда камбағаллик алоҳида давлат сиёсати даражасида очиқ тан олинмаган ва чуқур ўрганилмаган муаммо эди. Аҳоли даромадлари, бандлик ва ижтимоий ҳимоя масалалари асосан бир марталик ёрдам механизмлари орқали ҳал этилар, камбағал оилани аниқлаш, манзилли қўллаб-қувватлаш, даромадли қилиш занжири ҳали шаклланмаган эди. Ўша пайтда 7,5 миллион киши, яъни аҳолининг 23 фоизи камбағаллик чегарасига ҳам етмаслиги қайд этилган. Бунинг оқибатида меҳнат бозорида яширин ишсизлик ва боқимандалик кайфияти юқори даражада сақланиб қолган, айрим халқаро экспертлар баҳосига кўра, ўша даврда реал камбағаллик даражаси аҳолининг қарийб 35 фоизини ташкил этарди.

Кейинги йилларда биринчи марта камбағаллик очиқ тан олиниб, уни қисқартириш энг муҳим ижтимоий-сиёсий вазифалардан бири сифатида белгиланди. Ижтимоий сиёсатнинг мазмуни ҳам ўзгарди: нафақа ва ёрдамдан манзилли ижтимоий ҳимоя, бандлик, касбга ўқитиш, имтиёзли кредит, субсидия, компенсация ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга асосланган тизимга ўтилди. Халқаро ҳисоб-китобларга кўра, 2016-2022 йилларнинг ўзида юртимизда 5,1 миллион киши камбағалликдан чиққан. Демак, давлатнинг фуқарога муносабати ёрдам берувчи моделдан имконият яратувчи моделга, ижтимоий ҳимоядан ижтимоий-иқтисодий фаолликни рағбатлантиришга қараб ўзгарди.

Бу ёндашувнинг ҳудудий аҳамиятини Андижон мисолида ҳам кўриш мумкин. Аҳолиси 3,5 миллиондан зиёд вилоятда ер ва бошқа ресурслар чекланган. Шунинг учун ҳар бир инвестиция юқори қўшилган қиймат, янги иш ўрни ва аҳоли учун барқарор даромад манбаига айланиши керак. Андижонда 4 фоиз атрофида қайд этилаётган эҳтиёжманд аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш вазифаси иш жойи, даромад манбаи, касб ва иқтисодий имконият яратиш билан боғлиқдир. Бугун вилоятда ишга туширилаётган ва қурилиши бошланаётган 9,4 миллиард долларлик 206 та лойиҳа ана шу имкониятларни кенгайтириш учун муҳим иқтисодий база бўлади. Айниқса, уларнинг саноат, энергетика, тўқимачилик, машинасозлик, логистика ва хизматлар каби юқори самарали соҳаларни қамраб олаётгани минглаб барқарор янги иш ўринлари, доимий даромад манбалари шаклланишига замин яратади. Бундай юксак натижалар Андижонда камбағалликни бартараф этиш истиқболларини кучайтиради.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш