Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикасининг наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар, Конституциявий суд ва конституциявий суд ишларини юритиш, валютани тартибга солиш, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори» фахрий унвонини таъсис этиш, шунингдек, вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Аҳолининг муносиб ҳаёт кечириши, ижтимоий адолат тамойилларини қарор топтириш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда жамиятда барқарор ва хавфсиз муҳитни таъминлаш – партиянинг Сайловолди дастурий мақсадларидан ҳисобланади.
Шу нуқтаи назардан, фракция аъзолари ҳар бир қонун лойиҳасини муҳокама қилишда унинг инсон ҳаёти ва кундалик турмушига таъсири, аҳоли манфаатларига қай даражада хизмат қилишига алоҳида эътибор қаратдилар.
Дастлаб депутатлар биринчи ўқишда кўриб чиқилган «Наркотиклар ва кучли таъсир қилувчи моддалар тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда кўриб чиқдилар.
Хусусан, биринчи ва иккинчи ўқиш оралиғида қонун лойиҳасининг такомилига етказилгани, жумладан, гиёҳвандлик (наркомания), заҳарвандлик (токсикомания), прекурсорлар, психотроп моддалар, ғайриқонуний нарколаборатория каби асосий тушунчаларга батафсил таърифлар берилгани, Ўзбекистон Республикасида назоратга олинадиган гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатлари ҳақида батафсил маълумотлар берилиб, қонун лойиҳасининг мақсади – гиёҳвандликка ҳамда наркожиноятларга қарши курашиш соҳасини тартибга солишдан иборатлиги қайд этилди.
Жараёнда, ҳудудларда, хусусан, маҳаллаларда хавфсиз муҳитни яратиш ва ҳуқуқ-тартиботни мустаҳкамлашга қаратилган жамоат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида узоқ йиллар давомида самарали меҳнат қилган, ўзининг юксак касбий маҳорати, фидойилиги ва намунали хизмат фаолияти билан алоҳида ибрат кўрсатган ички ишлар органларининг ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспекторларига бериладиган «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ҳуқуқбузарликлар профилактикаси инспектори» фахрий унвонини таъсис этиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилинди.
Жумладан, депутатлар мазкур унвонни таъсис этиш бўйича киритилган қонун лойиҳасини тайёрлашда, аввало, профилактика инспекторининг касбий мақоми, малака талабларининг идоравий қонун ости ҳужжатлари билан тартибга солингани, хорижий мамлакатларда соҳа ходимларини юксак даражада рағбатлантириш тизими ва халқаро тажрибаларнинг ўрганилганлиги каби масалалар юзасидан масъулларга бир нечта саволлар билан юзландилар.
Қонун ташаббускорлари томонидан юқоридаги саволларга батафсил жавоб берилгач, депутатларимиз қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватладилар.
Шунингдек, йиғилишда вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қонунчилик ташаббусига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Фракция аъзолари болаларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш, улар учун хавфсиз ижтимоий муҳит яратиш муҳимлигини қайд этдилар.
Умуман, йиғилишда муҳокама қилинган қонун лойиҳалари юзасидан билдирилган фикр ва таклифларда инсон қадри, аҳолининг ижтимоий ҳимояси ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига устувор мезон сифатида қаралди.
Кун тартибидан ўрин олган қонун лойиҳалари бўйича Ўзбекистон Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ҳамда партия дастурий ғояларидан келиб чиқиб тегишли қарорлар қабул қилинди.