Марказий Осиё ҳамкорлиги: ишончдан — тараққиёт сари
Марказий Осиё ҳамкорлиги: ишончдан — тараққиёт сари

 

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Марказий Осиё ва Озарбайжон давлат раҳбарларининг саккизинчи Маслаҳат учрашувидаги нутқида минтақамизнинг бугунги тараққиёт манзараси, келгуси устувор вазифалар ва халқларимиз фаровонлигини таъминлашга қаратилган муҳим ташаббуслар илгари сурилди.

Эътиборли жиҳати шундаки, бугун Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилди. Давлат раҳбарларининг мунтазам мулоқоти, очиқ ва ишончли ёндашуви минтақада ўзаро англашув ва ҳамкорлик муҳитини мустаҳкамламоқда. XXI асрда Марказий Осиёни ривожлантиришга қаратилган Дўстлик, яхши қўшничилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома тузилиши жараёнининг якунлангани ҳам ана шу ишончнинг муҳим натижасидир.

Депутат сифатида мен, аввало, Президентимиз томонидан минтақавий мулоқотнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаш зарурлигига урғу берилганини алоҳида аҳамиятли, деб ҳисоблайман. Чунки барқарор ҳамкорлик нафақат сиёсий келишувлар, балки уларни ҳаётга татбиқ этиш имконини берадиган аниқ ҳуқуқий механизмларга ҳам таянади.

Бугун биз оддий савдо муносабатлари билан чекланиб қолмаслигимиз керак. Президентимиз таъкидлаган «Олти иқтисодиёт — битта маҳсулот» тамойили минтақавий иқтисодий ҳамкорликнинг мазмунини яққол ифодалайди. Яъни энди ҳар бир давлат ўз имкониятидан алоҳида эмас, балки умумий занжирнинг бир бўғини сифатида фойдаланиб, юқори қўшилган қийматга эга тайёр маҳсулот яратишга интилиши лозим. Бу эса янги инвестициялар, иш ўринлари, технологиялар ва рақобатбардош ишлаб чиқариш учун кенг имконият очади.

Айниқса, транспорт ва логистика масаласи минтақанинг келажаги учун стратегик аҳамиятга эга. Янги автомобиль ва темир йўллар қуришнинг ўзи кифоя эмас. Уларнинг атрофида саноат зоналари, логистика марказлари, хизмат кўрсатиш объектлари ва янги ишлаб чиқариш қувватлари шаклланиши керак. Шунда транспорт йўлаклари нафақат ҳудудларни боғлайди, балки иқтисодий ўсиш нуқталарига айланади.

Шу билан бирга, энергетика, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, Оролбўйи экологик муаммоларини ҳал этиш, муҳим минераллардан самарали фойдаланиш, рақамли технологиялар ва замонавий касбларга тайёр кадрлар масалалари ҳам минтақавий ҳамкорликнинг узоқ муддатли кун тартибини белгилайди.

Бу вазифаларнинг барчаси охир-оқибат инсон манфаатига хизмат қилиши керак. Зеро, минтақавий ҳамкорликнинг ҳақиқий самараси рақамлар ёки битимлар сони билан эмас, одамларнинг ҳаётидаги ўзгаришлар билан намоён бўлади. Янги иш ўринлари, муносиб меҳнат шароити, сифатли таълим, замонавий инфратузилма ва барқарор даромад — ҳамкорликнинг халқимиз учун энг муҳим натижаларидир.

Президентимиз таъкидлаганидек, келгуси авлодларга тинч, хавфсиз ва иқтисодий жиҳатдан кучли минтақани қолдиришимиз керак. Бу мақсадга эришишнинг асосий шарти эса — бирдамлик ва ишонч.

Парламент ва депутатлар зиммасига ҳам бу жараёнда муҳим вазифалар тушади. Минтақавий келишув ва ташаббусларнинг ҳуқуқий асосларини мустаҳкамлаш, миллий қонунчиликни замон талаблари асосида такомиллаштириш, инвестиция ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитларни таъминлаш, фуқаролар манфаатларини ҳимоя қилиш — бугунги куннинг долзарб вазифаларидир.

Ишонч бор жойда ҳамкорлик, ҳамкорлик бор жойда тараққиёт бўлади. Бугун Марказий Осиё олдида янги имкониятлар эшиги очилмоқда. Биз ана шу имкониятларни халқларимиз фаровонлиги, ёшларимиз келажаги ва минтақамизнинг барқарор тараққиёти учун самарали натижаларга айлантиришимиз зарур.

 

Муқаддас ЎРАЗАЛИЕВА,

Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати,

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш