Иқтисодий юксалиш ва инсон фаровонлиги
Иқтисодий юксалиш ва инсон фаровонлиги

 

Кейинги йилларда бутун мамлакатимизда бўлгани каби Қашқадарё вилоятида ҳам амалга оширилаётган жадал ўзгариш ва ислоҳотлар ҳаётий натижаларини бермоқда. Давлат раҳбари ғоя ва ташаббуслари асосида ҳаётга татбиқ этилаётган иқтисодий стратегия ҳудуднинг саноат ва технология салоҳиятини тубдан ўзгартиряпти. Айни пайтда у ижтимоий масалаларни ҳал этиш ва инсон капиталини ривожлантиришнинг ишончли кафолати бўлмоқда.

Узоқ йиллар Қашқадарё фақат пахта, ғалла ва табиий газ берадиган хомашё ҳудуди сифатида танилган, бу сир эмас. Лекин кейинги йиллардаги изчил ислоҳотлар ва мақсадли инвестиция сиёсати туфайли вилоят иқтисодиёти янги йўлга чиқди. Бугун Қашқадарё хомашё етказувчи ҳудуддан юқори қийматли, тайёр, ички ва ташқи бозорда рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқарувчи инновацион марказга айланмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида бундай туб ўзгаришларнинг амалдаги натижалари аниқ рақамларда яққол кўрсатиб ўтилди. Сўнгги беш йилда воҳа иқтисодиётига 20 триллион сўм йўналтирилди ва 7 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилинди. Шу туфайли аҳоли жон бошига даромад уч баравар ошди. Таъкидланганидек, энди асосий мезон маҳсулотни вилоятнинг ўзида чуқур қайта ишлаш, одамларга муносиб даромад ва барқарор иш беришдир.

Ҳозирги кунда ҳар қандай иқтисодий лойиҳанинг энг олий мезони шундай: янги иш ўринлари, одамларнинг даромади ва ижтимоий барқарорлик. Шу нуқтаи назардан, Президент старт берган 6 миллиард доллардан ортиқ қийматдаги 161 та лойиҳа алоҳида аҳамиятга эга. Уларнинг 69 таси ишга тушди, 92 тасининг қурилиши бошланди. Фақат ишга тушаётган 28 та йирик корхонада 7 мингга яқин доимий иш ўрни яратиляпти. Италиянинг «Cotonella» бренди билан ҳамкорлик лойиҳалари ва Косон, Миришкор, Касби туманларидаги тўқимачилик кластерлари яна 18 минг янги иш ўрни яратиши кутилмоқда. Бу ижтимоий барқарорлик ҳақидаги фикрларнинг ҳаётдаги исботи бўлади.

Ташриф давомида Қашқадарё илғор касбий маҳорат техникуми ва унинг негизида ташкил этилган “Касблар шаҳарчаси” фаолияти билан танишиб, замонавий касб-ҳунар ўргатиш бўйича вазифалар белгилаб берилгани ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Қиймати 42 миллиард сўм бўлган техникум 5,2 гектар майдонда жойлашган, ҳозир бу ерда 10 та йўналиш бўйича 417 нафар ёш таҳсил олаётган экан. Техникум вилоятдаги бошқа касбий таълим муассасалари учун ҳам методик ва амалий база бўлиб хизмат қилиши мўлжаллангани, 2 минг 800 нафар ўқувчи шу ерда амалиёт ўташи янгича ёндашувнинг амалга ошаётганидан далолат бермоқда. Касбли инсон эса ҳеч қачон кам бўлмайди.

Ишонч билан айтиш мумкинки, 2027 йил Қашқадарёда замонавий саноат ва агротехнологиялар асосида ривожлантириш йили бўлиши вилоят тараққиётида янги тарихий даврни бошлаб беради. Бу кенг кўламли ислоҳотларнинг замирида давлатимиз сиёсатининг бош ғояси – инсон қадрини улуғлаш ва халқни рози қилишдек эзгу мақсад турибди.

 

Улуғбек Иноятов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги

ЎзХДП фракцияси раҳбари.

 

 

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш