Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аҳоли ҳамда атроф-муҳитни радиоактив чиқиндиларнинг зарарли таъсиридан ҳимоя қилиш, маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, бозорда тенг шароитлар ва адолатли рақобат муҳитини таъминлаш, шунингдек, яширин иқтисодиёт улушини қисқартиришга қаратилган қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.
Йиғилишда лойиҳаларнинг амалдаги қонунчиликни такомиллаштириш, аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, тенг имкониятлар яратиш ва ҳуқуқни қўллаш амалиётида самарадорликни ошириш масалалари билан боғлиқ аҳамияти атрофлича кўриб чиқилди.
Депутатлар Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексни халқаро стандартлар асосида такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси қатор фикр-мулоҳазаларни келтириб чиқарди.
Ташаббускорларга кўра, бугунги кунда маъмурий суд ишларини юритишда қатор камчиликлар мавжуд. Жумладан, оммавий ҳуқуқий муносабатларда ўзини оқлаган институт ва тартиблар тўлиқ имплементация қилинмаган, маъмурий актлар устидан бериладиган даъво турлари аниқ белгиланмаган ва махсус даъво муддатлари қайд этилмаган. Бундан ташқари, маъмурий органлар билан фуқаролар ва юридик шахслар ўртасидаги низоларнинг судга тааллуқлилигига оид қоидалар етарли даражада тартибга солинмаган, аризани иш юритишга қабул қилиш, ишларни кўриб чиқишга оид процессуал муддатлар, уларни тиклашнинг аниқ чегаралари кўзда тутилмаган.
Фракция аъзолари қонун лойиҳаси концепциянинг айрим меъёрлари бўйича бир қатор таҳлил ва таклифларини маълум қилишди.
Хусусан, депутат Дилбар Мамаджонова 2-моддадаги “маъмурий норма ижодкорлиги” ва “бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатларда ҳуқуқий аниқликни таъминлаш” деган тушунчалар мавҳум баён этилганига урғу бериб, уларга ҳуқуқий жиҳатдан аниқлик киритилиши лозимлигини таъкидлади.
Фракция аъзоси Шокиржон Аҳмедов эса қонун лойиҳасидаги 24-моддага киритилаётган янги меъёр судьялар бирёқлама қарор қабул қилишига ёки коррупцион ҳолатларга олиб келмаслиги ҳақидаги саволига аниқ жавоб берилишини сўради.
Яна бир депутатимиз Улуғбек Шерматов маъмурий судлар фаолиятини ислоҳ қилиш ва бугунги кун қонунчилик талабларига мувофиқ такомиллаштириш муҳим жараён эканини қайд этди. Депутат фикрига кўра, нотўғри қўлланилган молиявий санкциялар устидан тадбиркор даъво аризаси киритганида давлат божидан озод қилинмаётгани, бундай ҳолатларга қонун лойиҳасида аниқ жавоблар бўлиши керак.
Фракция аъзоси Зуҳра Шодиева эса судга жамоавий даъво аризалар киритилишининг аниқ механизмларини кўрсатиш лозимлигига эътибор қаратиб, бу жараённи амалга ошириш тартиби содда ва халқона тарзда баён этилиши зарурлигини билдирди.
Депутатлар қизғин баҳс-мунозаралардан сўнг қонун лойиҳасини концептуал жиҳатдан қўллаб-қувватлаб, иккинчи ўқишга тайёрлаш жараёнида фракция аъзоларининг таклиф ва фикр-мулоҳазалари инобатга олиниши лозимлигини таъкидлашди.
Шунингдек, йиғилишда Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги қўмитаси раисига «Ўсимликлар карантини соҳасини тартибга солиш ва карантин тадбирларини олиб бориш, кимёлаштириш ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари билан боғлиқ ишларни хавфсиз амалга ошириш тўғрисида» парламент сўрови юбориш таклифи маъқулланди.
Якунда кун тартибидаги масалалар бўйича Халқ демократик партияси электорати манфаатлари ҳимоясига қаратилган қарорлар қабул қилинди.