“Бир маҳалла — бир ташаббус” лойиҳаси доирасида олиб борилган ўрганишлар давомида халқ депутатлари Янгиер шаҳар Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП депутати Гулнора Боймирзаева “Маърифат” маҳалласи аҳолиси мурожаатлари асосида депутат сўрови юборган эди.
Сўровда Талабалар кўчасидаги ўзаро боғловчи икки чорраҳага светофор ўрнатиш, шунингдек, 3- ва 9-сонли мактаблар ҳамда мактабгача таълим ташкилотлари яқинидаги пиёдалар ўтиш жойларини йўл чизиқлари билан белгилаш масалалари кўтарилган.
Депутат сўрови ижроси таъминланиб, икки чорраҳага светофорлар ўрнатилди, пиёдалар ўтиш жойлари белгиланди.
Ўзбекистон ХДП депутатлари аҳоли мурожаатлари асосида ҳудудлардаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларнинг амалий ечимига эришишни ўз фаолиятининг муҳим йўналиши деб билади. Янгиердаги мазкур натижа ҳам фуқаролар ташаббусини депутатлик назорати орқали қўллаб-қувватлашнинг амалий намунасидир.