Зоминда ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари ишга қайтмоқда
Зоминда ишлаб чиқариш корхоналари ходимлари ишга қайтмоқда

 

Буюк алломаларимиз асарларида инсонпарварлик? эзгулик, мурувват ва ҳиммат мавзуларига жуда катта ўрин ажратган.

Маҳмуд аз-Замахшарийнинг “Нозик иборалар” рисоласида хайру саховат ва фазилат соҳибининг фарзанди ҳам ҳурмат, шону шарафга муносиб ва лойиқдир. Кимки, атрофидагиларга ёрдам қилса, мискин, бечора, камбағалга ёрдам берса, унинг молу дунёсига барака беради, деб ёзилган.

Президентимиз томонидан илгари сурилган “Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати ташаббусини Зомин туманидаги тадбиркор, қурувчи, фермер ва бошқа саховатпеша инсонлар бир овоздан қўллаб-қувватлаган ҳолда, амалий ишларни ҳам бошлаб юборишди.

Зомин туманида 163 мингдан зиёд аҳоли 25776 та хонадонда истиқомат қилади, шулардан 3159 хонадон, яъни 15783 нафар аҳоли кам даромадли оилалар ҳисобланади.

Карантин даврида муҳтожларга озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб бериш бўйича республикамизнинг барча ҳудудларида бўлгани каби туманимизда ҳам 2200 та оилага моддий ва маънавий кўмак берилди.

Мамлакатимизда коронавирус эпидемиясига қарши ўз вақтида кўрилган чора-тадбирлар натижасида кўплаб ҳудудлар бу хавфдан сақлаб қолинди. Мен сайланган 34-Зомин сайлов округи ҳам шундай ҳудудлардан бири ҳисобланади.

Туманимизда 2048 нафар тадбиркорлар фаолият юритади. Шулардан 25-30 фоизи хизмат кўрсатиш, умумий овқатланиш, дам олиш масканлари бўлгани учун фаолияти тўлиқ тўхтатилган. Туманимизда ҳам тадбиркорларимиз томонидан очилган корхоналар ўз ишини тўхтатган ёки тўлиқ қувват билан ишламаётган эди. Карантин чекловлари юмшатилиши билан шундай корхоналардан “Зомин асл ипак толаси” корхонасида иш тикланди.

Тумандаги ишчи гуруҳ хулосасига кўра, “Траст Электроникс” маъсулияти чекланган жамияти фаолияти ҳам йўлга қўйилиб, 150 нафар ходим ишга қайтди. “Zomin Brewery” МЧЖ шаклидаги қўшма корхонанинг 80 фоиз ходими ишга чиқди.

Барча корхоналар фаолиятига кўмаклашиш, улар олдидаги бугунги муаммоларни ҳал қилиш чоралари кўрилмоқда. Босқичма-босқич бошқа корхоналар ишга туширилмоқда. Бу жараёнда вирусдан сақланиш талабларига қатъий риоя қилиниши назоратга олиняпти.

Кимки, қўлидан келганда саховат қилса, атрофидагиларга кўмак берса, ўз ҳаётига ҳам файз қўшилади.


Муқаддас Ўразалиева,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Фан, таълим, маданият ва спорт масалалари қўмитаси аъзоси.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш