“Биз фақат Ватан деб яшадик...”
“Биз фақат Ватан деб яшадик...”

 

Уруш кўрган, жангоҳларида жон олиб, жон берган кексалар гурунгига қулоқ тутганмисиз? Уларнинг ҳар сўзидан ҳикмат топасиз, ҳар каломидан ибрат оласиз. Зеро, тирик тарихга айланган бу инсонлар осойишталик қадридан, очарчилик, қаҳатчилик йилларида азият чеккан бувиларимиз эса тўқлик, тўкинлик қадридан сўз очишади. Айни кунда орамизда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, машаққатли даврда яшаган авлоддан саноқли инсонларгина умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг дилидан, тилидан шукроналик тушмайди.

Убайдхон Зубайдов Бухоро шаҳридаги Собир Раҳимов МФЙда истиқомат қилади. 1917 йил 15 январда туғилган. 1941 йил август ойида ҳарбий хизматга чақирилган. Оддий ўқчи бўлиб жангда қатнашган. Ленинградни ҳимоя қилган ва жангда яраланган, тўлиқ даволанмасдан пулемётчи бўлиб жангга қайтиб кетади. Жангда кўрсатган қаҳрамонликлари учун "Жасорат" медали билан мукофотланади.

Ҳарбий қисмлари билан Украина фронти сафида Харьков шаҳрини озод қилиш жангларида қатнашади. Чехословакия ва Польшани озод қилиб, Берлин остонасигача боради. 1945 йил январ ойида жангда каттик яраланиб , госпиталда даволаниб уйига қайтади.

Урушнинг номи ўчсин, биз кўрдик бу кунларни, болаларимиз, невараларимиз кўрмасин. — дейди отахон биз билан суҳбатда.— Аслида у кунларни эслашнинг ўзи оғир. Эсласанг, дилинг пора бўлади, этинг жимирлайди. Лекин даҳшатли уруш жанггоҳларини унутиб бўлармиди...

Уруш! Хотираларни эслаш оғир. Йиллар ўтсада, бу совуқ сўз қалби жудолик, йўқотиш ва ғамдан зада уруш кўрганларни изтироб исканжасига солади. Бу қалблардаги жароҳат изларида, кекса авлод пешонасидаги ажинларда Ватандан узоқда, жисми ўзга тупроқларда қолиб кетган минглаб сафдошларининг очиқ кетган кўзларидаги мунг қиёфаси бор.

Хайриятки, бугунги фаровон кунларни кўриш насиб қилди, бир армоним камайди. Набираларимга бугунги тинч осойишта ҳаётимизнинг қадрига етиш кераклигини эслатиб чарчамайман. Минг карра шукур, қаерга бормайлик ҳар қадамда эҳтиром, ҳурматдан баҳрамандмиз. Туриш-турмушимиз, оиламизнинг аҳволи, саломатлигимиз ҳамиша эътиборда. Ҳомий ташкилотлар, сиз каби саховатпеша инсонларнинг йўқловларидан бошим осмонга етиб, гўё умримга умр, кучимга куч қўшилаётгандек.

Норбой ота Қаршиев 1926 йил 10 февралда туғилган. 1944 йил Бухородан ҳарбий хизматга чақирилиб, тайёргарликдан сўнг, 1945 йил апрель ойидан жангларда иштирок этган. Ғалабадан сўнг 1945-1950-йилларда Берлин горнизонида харбий хизматни давом эттирган.

Бу дунёда Ватан деб яшанг, тинчликнинг қадрига етинг, болаларим! Биз Ватанни севдик, Ватан деб жондан кечдик, Ватан эса муносиб мукофотлади, саодатмандлик бахтига етдик, шукр! Бундай бахтиёрлик ҳар бир инсон учун бардавом бўлсин! Шундай одамлар бор, узоқдан кўриб қолса салом бериб ҳол сўрайди. Кўнглимиз тоғдек кўтарилади. Биз кексалар ҳамиша ҳар дуога қўл очганимизда тинчлигимизга шукрона айтамиз, – дейди отахон биз билан суҳбатда.

Бундай шукроналик каломи шу кунларда ҳар бир кекса авлод қалбида жўш ураётир. Сўзи ҳикмат, ҳаёти ибрат нуронийларимиз кечмишлари ўсиб келаётган ёшлар учун энг олий қадриятдир.


Ғофур Саидов,

Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати, ЎзХДП гуруҳи аъзоси.

Теглар

Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш