ЎзХДП фракцияси ишчи гуруҳи камбағалликни қисқартиришга оид жараёнларни бевосита ўрганяпти
ЎзХДП фракцияси ишчи гуруҳи камбағалликни қисқартиришга оид жараёнларни бевосита ўрганяпти

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 26 мартдаги “Иқтисодиётни ривожлантириш ва камбағалликни қисқартиришга оид давлат сиёсатини тубдан янгилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида самарали макроиқтисодий сиёсатни юритиш, барқарор иктисодий ўсиш суръатларини таъминлаш, тадбиркорлик муҳитини яхшилаш орқали мамлакатда камбағалликни қисқартириш бўйича муҳим вазифалар белгиланган.

Бугунги кунда юртимизда коронавирус пандемияси даврида аҳоли даромадлари кескин камайиб кетишининг олдини олиш, иқтисодиёт тармоқларининг узлуксиз ишлашини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга.

Олий Мажлис Конунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, камбағалликни қисқартириш борасида ҳудудларда амалга оширилаётган ишларни ўрганиш, электорат вакилларига амалий кўмак бериш бўйича дастур тайёрлади.

Ҳозирда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари, шаҳар ва туман ҳокимликлари билан ҳамкорликда камбағалликни қисқартириш бўйича тизимли иш олиб бормоқда.

Президент фармонида белгиланган вазифаларнинг самарали ижроси таъминланиши коронавирус пандемияси шароитида партия электоратини қўллаб-қувватлашда айниқса муҳим аҳамиятга эга. Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзолари ва партия масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ ҳудудлардаги ўрганиш жараёнида бу масалага алоҳида эътибор қаратади.

Ишчи гуруҳ Жиззах вилоятидаги маҳаллаларда ҳар бир хонадон ва оилаларнинг турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган қатламнинг рўйхати шакллантирилганлиги, турмуш шароити ва ижтимоий аҳволи оғир бўлган аҳоли вакилларига бевосита қай даражада манзилли ёрдам кўрсатилаётгани, эҳтиёжманд, лекин истаги ва имкониятлари бор фуқароларни касбга ўқитиш, тадбиркорликка ўргатиш ишлари қандай ташкил этилаётганини таҳил қилади.

Таҳлил натижалари маҳаллий Кенгаш депутатлари ва мутассади ташкилотлар иштирокида муҳокама этилиши, маҳаллий даражада ҳал этилиши мумкин бўлган масалаларни ҳудудий депутатлар ва мутассадди ташкилотлар билан бирга ҳал этиш белгиланган. Республика даражасида ҳал этилиши лозим бўлган масалалар фракцияда муҳокама этилиб, парламент сўрови тайёрланиши, мутассадди вазирликларга жўнатилиши, шунингдек, қонунчилик ва меъёрий ҳужжатларни такомиллаштириш эҳтиёжини ўрганиш ҳам назарда тутилган.

Ўрганиш жараёни ҳақида кейинчалик ахборот берилади.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш