Киши ўз ҳақ-ҳуқуқини билса жамиятда адолат бўлади, тартиб-қоида қарор топади. Бундай одам иш фаолиятида ҳам, ҳаётдаги турли мажороли, баҳсли ўринларда қийналмайди. Афсуски, кўпчилик бунга эътиборсизлик билан қарайди ва кейинчалик ўзининг ҳуқуқи бузилгани ёки камситилганидан норози бўлиб юради.
Юртимизда ислоҳотларнинг янги босқичида бошқа соҳа ва тизимларда бўлгани каби айнан ҳуқуқ соҳасида ҳам кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Бу тизимни ислоҳ қилиш борасида қабул қилинаётган қонунларда ўз аксини топмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг шу йил 29 апрелда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони айнан юридик таълим соҳасида янги босқични бошлаб бермоқда.
Фармонда юридик таълимни тамомила янгича босқичга олиб чиқиш учун бир қатор янгиликлар жорий қилинмоқда. Аввало, ҳуқуқ бўйича олий маълумотли мутахассисларга бўлган эҳтиёжларни тўла қоплаш учун Самарқанд, Наманган ва Термиз давлат университетларида юридик факультетлар янгидан ташкил қилинаётганини алоҳида қайд қилиш керак. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Давлат ва ҳуқуқ институти ҳам ташкил қилинаяпти.
Булардан кўзланган мақсад юридик таълим ва фанни янада ривожлантириш ва шу орқали юқори малакали, ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрларни тайёрлашни таъминлашдир.
Президентимиз Фармонида алоҳида кўрсатилган ушбу сифатлашлар таҳсинга лойиқ. Негаки, илк бора ижодий фикрлайдиган, ҳалол кадрлар атамаси алоҳида тилга олинаяпти. Бу бежизга эмас, албатта.
Ҳеч кимга сир эмаски, собиқ шўро даврида ҳам ва ўтган чорак асрлик вақтда ҳам ҳуқуқ соҳасида эскича, қотиб қолган бир хилдаги қолиплар асосий иш мезони бўлиб келди. Шунинги учун ҳам Халқ қабулхоналарига тушаётган шикоятларнинг аксарияти суд тизими, ҳуқуқ органлари фаолияти билан боғлиқдир.
Терговчи бўладими, судья бўладими қонун бузилиши билан боғлиқ бирор фаолиятни тергов қилиш ёки унга ҳуқуқий баҳо беришда аввало амалдаги қонунларга қатъий риоя қилишлари керак. Бунда масалага холис ва ҳалол ёндашиш бирламчи ҳисобланади. Фақат шундагина адолат қарор топади.
Бунинг учун эса ҳуқуқ тизимида ишлайдиган юридик кадрлар ҳалол бўлмоқликлари ва ижодий фикрга эга бўлишлари керак. Айнан шунинг учун Фармонда бу борада энг мукаммал ҳорижий тажрибаларни тизимга тадбиқ қилиш механизмларини яратиш ҳам белгилаб берилган. Биргина мисол: Тошкент Давлат юридик университетида Япон ҳуқуқларини ўрганиш маркази фаолият юритиши белгилаб берилган. Шунингдек, ҳуқуқ тизими ривожланган Германия ва бошқа давлатлар тажрибалари ҳам кенг ўрганилиши, бу борада тадқиқотлар олиб бориш белгиланган.
Президентимизнинг бу Фармони юридик таълим ва фанни янгича босқичга олиб чиқиш учун мустаҳқам пойдевор вазифасини ўташи ҳеч шубҳасиз.
Муқаддас Нарқулова,
Хоразм вилоят юридик коллежи ўқув-бўлими методисти, ЎзХДП фаоли.