Бахтли ва соғлом оилаларимиз кўпайсин!
Бахтли ва соғлом оилаларимиз кўпайсин!

 

Бахтли оилалар туфайли бахтли жамоа вужудга келади. Чунки бахтли ота-оналар бахтли болаларни улғайтирадилар, бир-бирига меҳр қўйган ота-оналарнинг фарзандлари ҳам бир-бирларига меҳр қўяди.

Оила ҳар бир халқнинг, миллатнинг давомийлигини сақлайдиган, миллий қадриятларнинг ривожини таъминлайдиган, янги авлодни дунёга келтириб, уни маънавий ва жисмоний баркамол қилиб тарбиялайдиган, жамиятнинг асосий негизи ҳисобланувчи муқаддас маскандир. Бу даргоҳ фуқаролик жамиятининг таянч нуқтасидир. Бу муқаддас масканда инсон дунёга келади, айнан мана шу ерда у маънавий ва аҳлоқий жиҳатдан камол топади.

Мен Гулистон шаҳар 3- умумий ўрта таълим мактабига 26 йилдан буён рахбарлик қиламан. Мактабимизнинг 70 фоизини аёллар ташкил қилади. Аксарияти ёш оила қурганлар.

Биз ёш келин-куёвларимизга оила муқаддас эканлигини мукаммал тушунтиришимиз керак. Шунда ҳар бир оила мустаҳкам, тинч, осойишта ва бахтли ҳаёт кечиради. Баъзи бир арзимас камчиликлар ва тушунмовчиликлар туфайли ажралишлар олди олинади.

Оила ҳаловати жуда улуғ неъмат саналади. Шу маънода оила ҳаётининг бахт-саодати ва хотиржамлигида эр ва хотин, қайнона ва келин, ота-она ва фарзандлар ўртасидаги муомаларига эътибор бериш лозим бўлади. Оила муҳитидаги юксак маънавий муҳитни ташкил этишда оила-аъзоларининг, айниқса, эр ва хотиннинг ўзаро муроса-мадорага бориши, ғазаби келганда уни енгиши ва ширин сўзли бўлиши, шу билан бирга, оилавий сирларни кўчага олиб чиқмаслиги сингари бир қатор омиллар жуда катта аҳамият касб этади.

Кейинги пайтларда юртимизда оила мустаҳкамлиги, келин-куёвнинг бахтли, туғилажак зурриётларнинг соғлом бўлишини ўйлаб никоҳ олдидан келин-куёв тиббий кўрикдан ўтказиш ҳам жорий этилди. Авайлаб-ардоқлаб вояга етказган қизини не-не умидлар ва катта ҳаражатлар билан турмушга узатган, қизлари туфайли куёвли бўлган набираларни орзулаган ота-она тўйдан кўп ўтмай куёвининг давосиз, бедаво дардга йўлиққанини билса, қай аҳволга тушишини бир ўйлаб кўринг. Ана шундай кўнгилсиз воқеаларнинг олдини олиш, оила ва фарзандлар иқболини ўйлаб, соғлом оила ва турмушни барпо этиш мақсадида жорий этилган бу тадбирнинг келин-куёвга ҳам, уларнинг яқинларига ҳам фақат фойдаси бор.

Қачон оила бахтли ва намунали бўлади, қачонки оилада одоб, илм, лутф, аҳиллик муҳити, ўша оила ибратли оилалардан бўлади. Ҳаммаларимизни ибратли оилалардан бўлишни насиб қилсин.


Мавжуда Бекташева,

Гулистон шаҳридаги 3-умумий ўрта таълим мактаб директори,

Халқ депутатлари Гулистон шаҳар Кенгаши депутати.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш