Халқ демократик партияси: ЭЗГУ ҲАРАКАТ ЙЎЛИДА БИРЛАШАМИЗ!
Халқ демократик партияси: ЭЗГУ ҲАРАКАТ ЙЎЛИДА БИРЛАШАМИЗ!

 

Халқимиз қанчадан-қанча оғир заҳматларни, қийинчиликларни бошидан кечирган. Урушлар, қаҳатчилик, мустамлакачилик... Лекин синовларга саботли, сабрли бўлгани учун у кунларни енгиб ўтган. Бугун мамлакатимиз ҳам бошқа давлатлар қаторида аҳоли ҳаётига таҳдид солаётган коронавирус балоси билан юзма-юз келди. Бутун дунё халқларини қаттиқ саросимага солиб, жаҳоннинг манаман, деган мамлакатларини ҳам ожиз қолдираётган коронавирус пандемияси ҳар биримиздан ҳушёр ва янада сергак бўлишни талаб этмоқда. Оғир синовларга қарши сабр-бардош, матонат билан курашаётганимизга ҳам икки ойдан ошди. Аслида коронавирус пандемиясидан қутулиш ҳеч қайси давлатда осон кечаётгани йўқ. Давлатимиз коронавирус пандемиясига қарши курашиш, унинг талафотларини камайтириш борасида қатъий чоралар кўрди. Хусусан, ҳукуматимиз томонидан шу йилнинг 16-март кунидан эътиборан бутун мамлакатимиз бўйлаб карантин эълон қилинди. Пандемияни жиловлаш мақсадида барча зарур чора-тадбирлар амалга оширилди. Айни вақтгача бир қонун, бир нечта фармон ва қарорлар қабул қилинди. Кўрилган тўғри ва тезкор тадбирлар натижасида қийинчиликлар босқичма-босқич ортда қоляпти.

Карантин шаротида аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳамда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида муҳим вазифалар белгиланди. Айниқса, ёрдамга муҳтож, якка-ёлғиз, ишсиз фуқароларни ижтимоий ҳимоялашга эътиборни кучайтириш асосий масала сифатида қўйилди. Оғир турмуш шаротидаги ҳамда карантин даврида вақтинчалик даромад манбаини йўқотган оилалар учун қатор хайрия тадбирлари ташкил этилди.

Халқ демократик партияси ҳам бу эзгу саъй-ҳаракатларда фаол иштирок этиб келмоқда. COVID-19 вируси кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида партия тизимида 3 та, яъни тарғибот-тушунтириш, муҳтожларга ёрдам тадбирлари, ОАВ ва ижтимоий тармоқларда фикр-муносабатлар билдириб бориш йўналишларида ишлар ташкил этилди.

Партия ташкилотлари томонидан вирусни юқтириб олмаслик, ундан ҳимояланиш бўйича кенг кўламда тушунтириш ишлари олиб борилди. Карантин шаротида имкон қадар уйда қолиш, фақат зарурат туфайлигина кўчага чиқиш, жамоа тўпланадиган турли тадбир, маросимларни уюштирмаслик, санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилиш бўйича тарғиботлар ўтказилди.

Карантин қоидаларига риоя қилиш устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида партия ходимлари ва депутатларидан иборат “Партия кўнгиллилари жамоалари” ташкил этилди. Ушбу жамоага партия кенгашлари масъул ходимларидан 214, маҳаллий Кенгашлар депутатларидан 1600 нафари жалб этилди.

Кўнгиллилар гуруҳи томонидан бугунгача 7000 та маҳаллада тушунтириш ишлари олиб борилди. Бундан ташқари, партия фаоллари, депутатлар аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланишни ташкил этиш бўйича ҳам амалий чоралар кўрилди. Хусусан, 350 минг хонадонга кириб, томорқасига полиз маҳсулотларини экиш масаласида кўмаклашилди.

Биз меҳр-оқибатли халқмиз. Бу инсоний фазилатлар, айниқса, киши бошига оғир кунлар тушганда янада яққол намоён бўлади. Саховат ва кўмак, муҳтожларга ёрдам қўлини чўзиш қон-қонимизга сингиб кетган. Бугунги синовли кунларда ушбу олижаноб фазилатлар ҳар бир юртдошимизнинг қалбида янада кучлироқ жўш урди.

Кўнгиллилар гуруҳи аъзоларидан бири Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги ХДП гуруҳи аъзоси, депутат Фаррух Бекмирзаев Қоровулбозор ҳамда Когон туманидаги 1000 та ижтимоий ҳимояга муҳтож оилани ўз оталиғига олган. Ушбу оилаларнинг меҳнатга қобилиятли бўлган аъзоларини иш билан банд қилмоқда. Меҳнат қилиш имконияти чекланганларининг эса озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминланиб, хайрия ишларида фаоллик кўрсатмоқда. Бугунги кунгача ушбу оилаларга 12 турдаги 400 миллиондан ортиқ озиқ-овқат, дори-дармонлар саховат қилинган.

Маълумки, карантин чекловларини жорий этилиши муносабати билан кўплаб ҳаётий масалалар, айниқса, аҳолини озиқ-овқат, дори-дармон, тиббий ниқоб ва бошқа воситалар билан узлуксиз таъминлаш каби муҳим масалаларни зудлик билан ҳал этиш зарурати юзага келди. Нарх-наво барқарорлигини сақлаш устидан назорат кучайтирилди.

Ушбу тадбирлар сирасига “Меҳр улашинг” шиори остида ўтказилаётган акциялар ҳам киради. Бу орқали Халқ демократик партияси ташаббуси билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, ёлғиз кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ҳолидан хабар олинмоқда.

Партия ташкилотлари, депутатлар ташаббуси билан жорий йилнинг 26 май кунига қадар ўтказилган хайрия тадбирларида 75180 га нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож, кўп фарзандли, карантин сабаб даромад манбаидан ажралган, ишсиз, боқувчисини йўқотганларга 45 млрд. 400 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон воситалари хайрия қилинди. 350 минг нафардан ортиқ ногиронлиги бўлган шахсларга ҳомийларнинг 12 турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник воситалар тарқатилди. Томорқадан унумли фойдаланиш мақсадида аҳолига озиқ-овқат маҳсулотлари билан бирга сабзавот кўчатлари ҳам етакзилди.

— Мана шундай қийин кунларда партия ташкилотларимиз ва партия гуруҳларимиз иқтисодий қийинчиликларни бошдан кечираётган кам таъминланган, боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган оилаларга ўзларининг ёрдам қўлларини чўзишмоқда, — деди Ўзбекистон ХДП Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши раиси Халилла Эшимбетов. — Ўтган давр мобайнида партия ташкилотларимиз томонидан юздан ортиқ оилага 12 турдаги озиқ–овқат маҳсулотлари тарқатилди. Бундан ташқари, депутатларимиз ўзлари сайланган ҳудуддаги камбағал оилаларни турмуш тарзидан доимо хабардор бўлиб турибди. Уларнинг иқтисодий фаоллигини оширишга ҳам кўмак берилмоқда. Хусусан, 10-12 сотих томорқалари қаровсиз ётган ерларни экинга тайёрлаб, кўчат ўтказишга ёрдам берилди. Партия ташкилотлари ва депутатлар ўз ташаббуси билан 106 камбағал оилани бир ой мобайнида озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш, уларга кўмак беришни зиммаларига олишди.

— Партия оғир дамларимизда кўмак бермоқда, — дейди Беруний тумани “Қизилқалъа” овул фуқаролар йиғини Кесиктау қўрғонида яшовчи Маткаримов Хужаахмад. — Оилада саккиз жонмиз. Фарзандим туман марказида кунлик ишларда ишлаб, топганини бола-чақасига едириб келади. Карантин сабаб, ишламай қолди. Оиламиз кун кечириши учун келадиган даромад бутунлай тўхтади. Ўғлим икки ойдан буён уйда ўтиради. Мен нафақадаман, аёлим биринчи гуруҳ ногирони, тақдирда кўзи ожизлик бор экан. Шифокорлар Тошкентга бориб даволатсангиз, кўзига гавҳар қўяди, дейишди қани энди, имконим бўлса... Яқинда партия фаоллари уйимизга келиб, аҳволимиз билан танишиб кетди. Ҳар доимгидек, келиб-кетадиганлар бўлса керак, деб муаммоларимизни айтдиму, ишонч билдирмадим. Эртасига ўғлимни чақиртиришди. У “Нурислам-Арина” фермер хӯжалигига ишга жойлашганидан хурсанд бўлиб уйга келди. Шу кундан бошлаб Жўқорғи Кенгес депутати Сайёра Имамова оиламизни ўз ҳомийлигига олганини айтди. У ҳар ҳафта кунлик истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотлари олиб бераяпти. Биласизми, оғир дамда ёрдам қўлини узатгган инсон кам бўлмайди. Ёрдам берган инсонларни дастурхон атрофида дуо қилишдан чарчамайман. Бирига минг берсин. .

– Ногиронлик аравачаси олишга қурбимиз етмасди, – дейдиТошкент шаҳри Чилонзор тумани 10-мавзе, 9-уй, 3-хонадонда истиқомат қилаётган Моҳира Юсупова. — Сўнгги 2 йил ичида ўнга яқин ташкилотлар хонадонимизга келиб, муаммоимизни ўрганиб кетишган. Бироқ натижа бўлмагани учун умидимни узиб қўйгандим. 3 ой олдин бир ташкилот мутасаддилари келиб, 10 кун ичида муаммони ҳал қилиб беришини, бунинг учун Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тасарруфидаги тиббий-меҳнат эксперт комиссиясининг тиббий хулосасини олишим зарурлигини айтишганида кўнглим тоғдек кўтарилиб, қувонган эдим. Аммо қувончим узоққа чўзилмади. Фарзандларим кўмагида бир амаллаб, хулосани олишга олдим-ку, навбатим келиши учун яна бир неча ой кутишим кераклигини билганимдан сўнг, ҳафсалам пир бўлди.

Яқинда депутатларнинг уйма-уй юрганлигини эшитиб, арзимни айтгандим. Булар ҳам номигагина ўрганиб кетишди, деб ўйлаган эдим. Аммо куннинг иккинчи ярмида депутат томонидан ногиронлик аравачаси олиб келиб берилди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Сафар Остонов кўмаги билан аравачали бўлдим.

Айтиш керакки, давлатимиз раҳбарининг бевосита ташаббуси билан бошланган Саховат ва кўмак умумхалқ ҳаракати халқимизнинг тантилиги намунаси, десак муболаға бўлмайди. Унда фаол иштирок этиш, имконият даражасида эзгу ишларга ҳисса қўшиш мақсадида Халқ демократик партияси алоҳида чора-тадбирлар белгилаб олди. Унга кўра, жорий йилнинг 22 апрелидан бошлаб партия ташкилотлари, Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда барча даражадаги депутатлар иштирокида Саховат ва кўмак хайрия акциясини ўтказиш вазифаси белгиланган.

Мазкур хайрия акциясини учта йўналишда амалга ошириш белгиланди. Депутатлар, партия фаолларининг имкониятларга қараб, камида битта жуда эҳтиёжманд оилани ҳомийликка олиш ташаббуси қўллаб-қувватланди. Бунинг натижасида республика бўйича қарийб 2 мингдан ортиқ оғир аҳволга тушиб қолган оила қисқа муддатда ҳимояга олинди.

— Оиламизда ўн бир нафармиз, — дейди Шуманай тумани «Тазабазар» маҳалласидан Карамитдин Бегмуратов. — Кунлик ва мавсумий ишлар орқасидан кун кечирар эдик. Карантин вақтида иш йўқ, кундалик эҳтиёжларимизни таъминлаш учун пул керак. Жуда тушкунликка тушиб қолгандик. Давлатимиз бизни эътиборсиз қолдирмади. Қолаверса, депутатлар кўмагида оиламизга ҳар ҳафта озиқ-овқат маҳсулотлари олиб келиняпти. Биз сайлаган туман кенгаши депутати Онгар Реймов оиламизни оталиғига олган. Озиқ-овқат маҳсулотларидан ташқари, икки сотихли томорқамизга помидор, бодринг, пиёз кўчатларини олиб келиб, экиш жараёнида бошида турди. Бундай саховатпеша депутатларимиздан мамнунмиз. Мана шундай оғир кунларда халқ корига яраган саховатпешаларнинг ишлари илгари бўлаверсин.

— Бизнинг оилага ҳам партия кўмагида саховат кўрсатилди, — дейди Қашқадарё вилояти, Ғузор тумани, Эскибоғ қишлоғида яшовчи фуқаро Шаҳноза Бўриева. — Оилада 13 киши яшаймиз. Мен ва турмуш ўртоғим оддий ишда ишлаймиз. Топганимиз қозон қайнатишдан нарига ўтмайди. Охирги пайтда ҳеч қаердан даромад келмаганидан оиламиз қийналиб қолган эди. Шу йилнинг апрель ойида Ўзбекистон ХДП Ғузор тумани фаоллари ва партиядан сайланган депутатлар маҳалламизда эҳтиёжманд оилаларни ўрганиб, оиламизни ҳам рўйхатга киритишди. Ўшандан буён партия депутатлари бизга озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон етказиб турибди. Депутатимиз Отабек Исматов ўз ҳисобидан оиламизга 4 бош қўй олиб берди. Қаранг, агар бир сўмлаб йиғсак, шу қўйларни бир йилда олардик. Энди уларни кўпайтириб, чорвачиликни йўлга қўймоқчимиз. Мен бир она сифатида партия фаоллари ва депутатларига ўз миннатдорлигимни билдираман.

— Инсон кексайганда кўмакка муҳтож бўлиб қоларкан, — дейди Фарғона вилояти Бешариқ тумани, Қияли маҳалласи, Шода қозиқ қишлоғидан Отажон Умаров. — Қисматимда ёлғизлик бор экан. Ишлаб овунай десам, кучим, соғлиғим кўтармайди. Аммо нолимайман, кўчада қолганим йўқ. Саховатпеша инсонлар бор экан, мен каби ёлғиз кексалар эътиборсиз қолмайди. Ҳар куни депутатларимиз, маҳалла-кўй хабар олиб туради. Соғлиғимни текшириб туради. Карантин вақтида ҳимматли инсонлар кўпайди. Яқинда депутатимиз Отажон Умаров, партия фаоллари билан ёнимга келди. Нима керак бўлса, тортинмай мурожаат қилишимни айтди. Менга ҳеч нарса керак эмас, меҳр керак, деб гурунг қилдик. Кунора, гоҳида телефон қилиб хабар олишади. Зарур озиқ-овқат маҳсулотларини олиб келиб беришяпти. Чексиз миннатдорлигимни билдираман. Муқаддас китобимизда айтилганидек, “Яхшиликнинг мукофоти фақат яхшиликдир”. Яхшилик қилган инсонлар доимо элда азиз бўлади.

Учинчи йўналишда тадбиркорлар, фермерлар ҳамда бошқа субъектларга саховат ва кўмак кўрсатганлик учун давлат томонидан имтиёз ва преференсиялар берилиши тушунтирилиши лозим. Шу асосида тадбиркорларнинг бу имтиёзлардан тўсиқсиз фойдаланишига амалий ёрдам кўрсатиш бўйича вазифалар белгилаб олинди.

Шунингдек, “Саховат ва кўмак” жамғармаси бўлинмаларига тушган маблағларнинг манзилли, шаффоф сарфланиши, озиқ-овқат ва тиббий воситаларнинг эҳтиёжманд оилалар қўлига етиб бориши бўйича депутатлик назорати ўрнатилади. Жойларда аниқланган муаммоли ҳолатлар ҳақида тегишли халқ депутатлари Кенгашларига тезкор маълумотлар тақдим этилади.

Зеро, кўмакка муҳтож ҳар бир инсон давлатимиз, юртдошларимиз томонидан кўрсатилаётган эътибор ва мададни ўз ҳаётида, турмушида чуқур ҳис этсин.

 

Лазиза ШЕРОВА

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш