Болажонларнинг беғубор оламига ғубор қўнмасин
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни
Болалар ўзига хос беғубор олам. Аммо бу шундай оламки, у доим ҳимояга муҳтож.
БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси шу мақсадда қабул қилинган. UNICEF – (United Nations Childrenʼs Fund), яъни БМТнинг Болалар жамғармаси дунё бўйлаб болалар манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган фаолият олиб боради.
Ўзбекистон ҳам бу жараёнда фаол иштирок этиб келмоқда. Кейинги пайтда бу борада салмоқли амалий ишлар қилинди.
Айнан ҳимояга муҳтож, яъни ота-она қарамоғисиз қолган болаларга ўзлари яшаб турган турар жойларни ўн саккиз ёшга тўлгунга қадар бронлаштириш ҳуқуқи берилди.
Болаларнинг рўйхатда туриш жойи ва фуқаролигидан қатъи назар, уларга барча ижтимоий хизматлар кўрсатилмоқда.
Болаларнинг давлат органларига бевосита қилган мурожаатларини тўлиқ кўриб чиқиш кафолатланди. Бола тўлиқ муомала лаёқатига эга эмаслиги важлари билан бу турдаги мурожаатларни кўрмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.
Болаларни ҳимоя қилиш мақсадида судларга ариза билан мурожаат қилган даъвогар давлат божи ва бошқа тўловларни тўлашдан озод қилинди.
Оилада боланинг манфаатларига тааллуқли ҳар қандай масала ҳал қилинаётганда, шунингдек, ҳар қандай суд муҳокамаси ёки маъмурий муҳокама даврида бола ўз фикрини ифода қилишга ҳақли эканлиги қонунчиликдан жой олди.
Болаларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш ҳолатларига барҳам берилди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди.
Мазкур институт жорий йил март ойи бошида фаолиятини бошлади.
– Ишга киришишим билан уй-жойидан маҳрум бўлган бир неча болалар уйида улғайган шахслар мурожаат қилишди, – дейди Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова. – Чирчиқлик бўлган бу ёш оилалар тушунмовчилик сабаб шу вазиятга тушган экан. Кўрилган таъсир чоралари туфайли муаммо ҳал бўлди. Зангиота туманида кар ва соқовлардан иборат оила эса вояга етмаган болалари билан уйидан ажралган. Ушбу масалада суд уларнинг иштирокида бўлса ҳам сурдо таржимонсиз кўриб чиқилгани учун ушбу масалада прокурор протести киритилишига эришдик. Карантин бошланиб қолгани туфайли кенг фаолият олиб бора олмаяпмиз. Бироқ бизга тушаётган мурожаатларни имкон қадар кўриб чиқишга ҳаракат қиляпмиз. Сардобадаги ҳалокат туфайли кўплаб болалар ҳам жабр кўрганидан хабарингиз бор. Икки марта бориб улардан хабар олиб, муаммоларини ўргандик. Ҳозир ҳам бу масала эътибор марказимизда турибди.
Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 29 майдаги «Бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори билан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари ва фаолияти йўналишлари аниқ белгилаб берилди.
Эндиликда болалар билан боғлиқ барча масалалар вакил иштирокида амалга оширилади. Хусусан, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашади.
Вакил бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши билан боғлиқ мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари нормалари ва талабларининг ижросини ўрганиш каби ишларни амалга оширади.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига тобе бўлмаган тарзда бажаради.
Қисқа қилиб айтганда, қарорда вакил томонидан амалга ошириладиган ишлар батафсил келтирилган. Муҳими, қўйилаётган вазифаларнинг амалда бажарилиши.
Зеро, мазкур ҳужжат болаларни, айниқса, ота-она қарамиғисиз қолган вояга етмаган шахсларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш бўйича вакилга нафақат ваколат, балки катта масъулият ҳам юклади. Бунинг амалда таъминланиши ҳаётга умид кўзлари билан боқаётган ёш авлоднинг ҳимояда бўлиши, қоқилмаслиги кафолати бўлиб хизмат қилади.
Бу жараёнда эса кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этиши мақсадга мувофиқ. Шундай қилишимиз керакки, токи болажонларнинг беғубор оламига ҳеч бир ғубор қўнмасин!