Ўзбекистонда кейинги йилларда давлат бошқарувида амалга оширилаётган туб ислоҳотлар замирида давлат идораларининг халқимиз олдидаги масъулиятини кучайтириш, жамиятни ислоҳотларнинг бош ташаббускорига айлантиришдек эзгу мақсадлар мужассам.
Коронавирус пандемияси ва бошқа сабаблар натижасида дунё иқтисодиётида мураккаб вазият юзага келди. Инқироз шароитида мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, муаммоли масалаларни тезроқ ҳал этиш, аҳоли даромадлари, харид қобилияти кескин тушиб кетишининг олдини олиш каби долзарб масалалар турибди.
Шу йил бошида Давлатимиз раҳбари парламентга Мурожаатномасида Олий Мажлис палаталари фаолиятини кучайтириш, янги босқичга олиб чиқиш бўйича зарурий таклиф ҳамда ташаббусларни илгари сурди. Умуман, охирги йилларда парламентнинг давлат бошқарувидаги мавқеи, жамиятдаги ўрни анча мустаҳкамланди, таъсир кучи ҳам ошиб боряпти. Барча депутатлар ҳозирги талаблар даражасида катта масъулият билан фаолият юритиши, эл-юрт ишончини оқлаши зарур, албатта.
Президентимиз ҳар ҳафта юртимиз ижтимоий-иқтисодий ҳаёти билан боғлиқ жуда муҳим масалаларда танқидий йиғилишлар ўтказиб, соҳалар зиммасида турган асосий вазифаларни аниқ белгилаб бермоқда.
28 май куни иқтисодиётда рақобат муҳитини таъминлаш ва истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш борасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказилди. Давлат раҳбари Ўзбекистон бозор иқтисодиётига қатъий ўтиши жараёнида рақобат масаласи принципиал аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Аниқ ва аччиқ саволлар берилди.
“...Мени ташвишлантирадиган масала шуки, корхоналаримиз ташқи рақобатга бардош бера оладими? Четдан товар кириб келса, юртимизда ишлаб чиқарилган худди шундай маҳсулот унга рақобатчи бўла оладими?.. Рақобат бўлмаса, сифат бўлмайди, нарх тушмайди. Замон ўзгаряпти, лекин монопол корхоналар ўзгара олмаяпти. Қатъий чоралар кўриш вақти-соати келди. Иқтисодиётда бу ҳаёт-мамотимиз”, деди Президент.
Маълум қилинишича, бугунги кунда 31 та товарлар гуруҳи ва 82 турдаги хизматлар бозорида 245 та корхона монопол ҳолатда сақланиб қолмоқда. Бу эса товарлар ва хизматларнинг сифати, нархи, истеъмолчиларга танлов имкониятини яратиш масалаларида муаммолар оз эмаслигини англатади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси юқори ижтимоий аҳамиятга эга товар ва хизматлар нархлари ҳамда тарифлари ошиб кетмаслиги учун тизимли ишлар амалга оширилиши керак, деб ҳисоблайди.
Ҳар сафар бундай маҳсулот ва хизматларнинг нархи ўзгариши ҳақида хабарлар чиқиши билан турли фикрлар, нуқтаи-назарлар билдирилади. Яқиндагина автомобиллар нархи ошиши ҳақидаги хабар ижтимоий тармоқларни ларзага солган, ОАВ бу борадаги мунозараларни фаол ёритиб борган эди. Мана, охирги кунларда бензин нархи ошиши ҳақида гап-сўзлар кўпайди.
«Ўзбекнефтгаз» импорт бензинга акцизни 5 фоиздан 20 фоизга оширишни таклиф қилди. Монополияга қарши курашиш қўмитаси акциз солиғини ошириш ҳақидаги таклиф етарлича иқтисодий асослантирилмаганини таъкидлаб, соғлом рақобат муҳити ва истеъмолчилар манфаатларини кўзлаган ҳолда, акциз солиғи оширилишини мақсадга мувофиқ эмаслиги таъкидлади.
Эркин рақобат натижасида ривожланган давлатларда истеъмолчиларнинг манфаатларига зид бўлса, ички бозорда нарх ўсишига олиб келса, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланмайди.
Бироқ мамлакатимизда ижтимоий аҳамияти юқори маҳсулот ёки хизматларнинг нархи билан боғлиқ ўзгаришлар, таклифлар негадир аксарият ҳолларда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган бўлади. Маҳаллий ишлаб чиқарувчилар деганимиз эса одатда саноқли корхоналар бўлади. Саноқли корхонага “яхшилик” қиламиз, деб мамлакат ички бозорида энди-энди шакллана бошлаётган рақобат муҳитини ўлдириш, миллионлаб истеъмолчилар манфаатига салбий таъсир ўтказиш, одамларнинг кайфиятини бузиш мақсадга мувофиқ эмас.
Муҳим ижтимоий аҳамиятга эга маҳсулотлар нархи ўсиши мамлакатдаги барча оилага у ёки бу даражада таъсир қилади. Шундай катта воқеа жамоатчилик кенг хабардор этилмаган тарзда амалга ошади. Бир ташкилот ўз сайтига янги нархларни “илиб” қўяди. Бошқа бир ташкилот эса яна бир ташкилотга икки энлик хат ёзади, холос.
Четдан олиб келинадиган бензинга акциз солиғини каррасига ошириш ҳақидаги таклиф ҳам монопол корхоналар рақобатга дош бера олмаётганининг исботи бўлиши мумкин.
Халқ манфаатлари билан боғлиқ муҳим масала ёпиқ эшиклар ортида, саноқли кабинетларда муҳокама этилиши – нотўғри, ижтимоий аҳамияти юқори товар ва хизматлар нархи, тарифлари билан боғлиқ долзарб масалалардаги қарорлар мамлакат парламенти олдида асослантирилиши ҳар жиҳатдан тўғри бўларди. Таклиф ёки қарор асослаб берилса, депутатлар ҳам унинг аҳамиятини жамоатчиликка етказишга, тўғри тушунтиришга ёрдам берарди.
Округлардаги учрашувларда сайловчилар “нарх ошармиш, нега бундай бўляпти, сизлар нима қиляпсизлар”, деган мазмунда кўплаб саволлар беришади. Депутатлар бу каби саволларга асослантирилган жавоб беришга қийналади. Чунки, бундай жараёнларда парламентнинг иштироки, таъсири бўйича ҳуқуқий механизм масаласи очиқ.
Шунинг учун мамлакат миқёсидаги муҳим ижтимоий масалаларда қарорлар қабул қилишда парламентнинг бевосита иштироки бўйича ҳуқуқий механизмлар жорий қилиш ҳақида чуқурроқ ўйлаб кўриш вақти келди.
Масалан, ижтимоий муҳим товар ва хизматлар нархи, тарифи ошиши ҳақидаги ёки шунга таъсир кўрсатиши мумкин бўлган масалалар парламент олдида асослантирилиши мақсадга мувофиқ бўларди. Шунда асоси мустаҳкам, мамлакат ва халқ учун умумманфаатли қарорлар қабул қилинар эди.
Ўз навбатида парламентнинг мамлакат ижтимоий ҳаётига бевосита таъсир кўрсатиш ваколатлари кенгайиши аҳоли фаоллиги, талабчанлиги ошишига, бу эса жамоатчилик назорати кучайишига, давлат идораларининг халқимиз олдидаги масъулияти ошишига хизмат қилади. Натижада жамият ислоҳотларнинг асосий ташаббускорига айланиши бўйича ҳуқуқий асос янада мустаҳкамланади.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси.