Улуғбек Иноятов бошчилигидаги парламент ишчи гуруҳи Иштихон туманидаги муаммоларни ўрганди
Улуғбек Иноятов бошчилигидаги парламент ишчи гуруҳи Иштихон туманидаги муаммоларни ўрганди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Улуғбек Иноятов бошчилигидаги ишчи гуруҳ Самарқанд вилоятида аҳоли турмуш даражаси ва сифатини яхшилаш, камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, тадбиркорларни қийнаб келаётган муаммоларни ҳал этиш борасида секторлар томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳолатини ўрганишни бошлади. Кеча ишчи гуруҳ Иштихон туманидаги вазият билан бевосита танишди.

Тумандаги 62 та маҳалла фуқаролар йиғинида 55 минг 182 та оила бор, улардан 2515 таси кам таъминланган оила сифатида рўйхатга олинган. Мазкур оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Камбағал оилалар аъзоларини иш билан банд қилиш мақсадида 3081 киши ишга жойлаштирилган. Парранда олиб бериш орқали 215 кишининг бандлиги таъминланган.

Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси ҳисобидан субсидия ва грантлар ажратиш орқали "Tomorqa business xizmatlar" таъминотчи корхонаси томонидан 176 нафар фуқарога енгил конструкцияли иссиқхоналар қуриб берилган.

Туманда ташкил этилган 9 та ишлаб чиқариш кооперативларига 231 киши бириктирилиб, ер майдонлари ажратиб берилган.

Жумладан, 1-сектор ҳудудида жойлашган “Халқобод” ҚФЙ Бешариқ маҳалласида шоличилик ҳамда асаларичилик йўналишлари бўйича 4 та қишлоқ хўжалиги кооперативи ташкил этилган. "Чуқуркўл Балиғи" ИЧК раҳбари Облаев Эшмаматга 22,78 гектар ер ажратилган, кооператив аъзолари сони 48 киши, шундан 13 нафари ишсиз ёшлар, 35 нафари камбағал оилалар. Ҳар бир таъсисчига шоли экиши учун 0,47 гектар ер майдони тақсимланиб, 2 млн. 230 минг сўмдан субсидия ажратилган.

Санчиқул қишлоғи иқтисодий ихтисослашув бўйича танлаб олинган бўлиб, ушбу қишлоқда 67 та оила (шундан 9 таси камбағал оила сифатида рўйхатга олинган) истиқомат қилади. Қишлоқда асаларичилик йўналишида 18 гектар ер майдонида “Ҳайдаробод ҳосилли” ишлаб чиқариш кооперативи ташкил этилган. Кооператив аъзолари 40 киши. Ҳар бир таъсисчига мева-сабзавот етиштириш учун 0,10 га ер майдони тақсимланган, уларнинг ҳар бирига 2 млн. 230 минг сўмдан субсидия берилган.

Бундан ташқари, эрта баҳордан битта қишлоқ битта маҳсулот тамойили асосида шафран гули ўсимлиги экилган бўлиб, бугунги кунда яхши парвариш қилинмоқда.

Шафран гули ўсимлиги 1 сотих ер майдонидан 8-10 кг. маҳсулот беради. 1 кг. шафран гули ички бозорда 500 минг сўм туради. Уни етиштириш учун меҳнатдан бошқа харажат талаб этилмаскан. Ушбу ўсимлик гулидан саноат корхоналарида ишлатиш учун краска олинади. Келгусида туманда шу йўналиш бўйича кооперация ташкил қилиб, саноатни йўлга қўйиш режалаштирилган.

“Саховат ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида туман “Маҳалла” хайрия жамоат фонди бўлинмаси қошида махсус ҳисоб рақами очилган. Шу вақтгача 2500 дан ортиқ оилага 1 млрд. 217,6 млн. сўмлик озиқ-овқат маҳсулотлари, антисептик воситалар етказиб берилган.

Депутатлар туманда амалга оширилаётган амалий ишлар билан бирга, имкониятлардан янада самарали фойдаланиш, муаммоларни масалаларни ҳал этиш, янги таклиф ва ташаббусларни ўрганишга ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Маълум бўлишича, туманда қишлоқ хўжалигида фойдаланилмайдиган 500 гектар лалми ер майдонида мева сабзавотчилик ва узумчилик йўналишлари бўйича ишлаб чиқариш кооперативларини ташкил этиш, шу орқали 1000 га яқин кишининг бандлигини таъминлаш имконияти мавжуд экан. Бунинг учун бандлик жамғармасидан 4 млрд. 460 млн. сўмлик субсидия маблағлари керак бўларкан.

Амалий ёрдам кўрсатилса, самарасиз фойдаланилаётган 200 гектар лалми майдонда интенсив узумзор ташкил этиш имконияти бор экан. Таклиф шундай эканки, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Узумчилик ва виночиликни ривожлантириш агентлиги маблағлари ҳисобидан 200 гектар майдонда узумзор ташкил этилиб, аҳолига лизинг ёки кредит маблағлари ҳисобига берилса, 400 та оила бандлигини таъминлаш мумкин бўларкан.

Туман марказида оқова сув тармоғи, яъни канализация қуриш вазифаси қўйилган. Лойиҳа-смета ҳужжатлари тайёрланиб, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига тақдим этилган. Бу иш охирига етказилса, туман марказидаги эски бир қаватли уй-жойлар ўрнига кўп қаватли уйлар қуриш имконияти очилиб, аҳоли турмуш шароити яхшиланади.

Қуйи палата ишчи гуруҳи аҳоли вакиллари, тадбиркорлик субъектлари билан мулоқот пайтида аниқланган муаммоли масалаларни жойида ҳал этишга ҳаракат қилмоқда.

Таҳлилий ўрганиш Самарқанд вилоятининг бошқа туманларида ҳам давом этмоқда.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш