Парламент қуйи палатаси ишчи гуруҳи таркибида ЎзХДП фракцияси аъзолари Дилбар Мамаджанова ва Мавжуда ҳам Самарқанд вилоятида жойларга чиқиб, камбағалликни қисқартириш билан боғлиқ жараёнларни бевосита ўрганяпти.
Депутатлар Булунғур тумани 1-сектор ҳудудига кирадиган маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари билан сектор штабида суҳбатлашди. Мулоқот чоғида “Небўса” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Нурматова Моҳира қишлоқ оилавий поликлиникасининг аҳоли учун ноқулай жойда жойлашгани тўғрисида мурожаат қилди.
“Нурли йўл” маҳалласи раиси, депутат Раҳимжон Ўроқбоев ички йўллар, электр устунларини алмаштириш масалаларида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови юборгани, лекин муаммолар ижобий ҳал бўлмаётганини айтди.
“Исори Ўроқли” маҳалласи раиси Халима Худойбердиева давлат хусусий шерикчилик асосида мактабгача таълим муасассаси қурилишига кредит олишда муаммо вужудга келаётгани бўйича мурожаат қилди.
Ишчи гуруҳ аъзолари кўтарилган масалаларга ечим топиш бўйича маҳаллий ҳокимлик билан биргаликда ҳаракат қилишини таъкидлашди.
Туманда кооперацияси асосида субсидия ва ер майдонлари ажратилаётгани билан боғлиқ ҳолатлар жойларга чиқиб ўрганилди.
3-сектор ҳудудида жойлашган “Мингтепа” маҳалласида истиқомат қилувчи Тўлғоной Жумабоева оиласига тикув машинаси берилган. Унинг 3 нафар фарзанди бор. Битта хонадонда 3 та оила истиқомат қилаётгани аниқланди. Фуқаронинг уй-жойга муҳтожлиги бор. Т.Жумабоева мунтазам даромад топишни йўлга қўядиган бўлса, уй олишга имконияти бўлиши, керак пайтда ёрдам кўрсатилиши тушунтирилди.