Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида
Аҳоли томорқаларидан фойдаланиш самарадорлигини оширишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида

 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг

қ а р о р и

Сўнгги йилларда республикада деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларига ажратилган майдонлардан самарали фойдаланиш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, қишлоқ аҳолисининг бандлиги ва турмуш даражасини ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Томорқа ерларидан самарали фойдаланиш, “Томорқа хизмати” МЧЖ моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, фаолиятини янада кенгайтириш ва аҳоли томорқаларини хизматлари билан қамраб олиш даражасини ошириш, шунингдек, маҳсулотларни экспорт қилиш имкониятларини янада кўпайтириш мақсадида:

1. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликларининг:

аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб беришни ташкил этиш учун “Томорқа хизмати” МЧЖларга иссиқхона, совутгичли омборхоналар, чорвачилик мажмуалари қуриш учун асосланган ҳисоб-китобларга мувофиқ ер майдони ажратиш;

“Томорқа хизмати” МЧЖлар кузатув кенгашлари таркибига, туман маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи, туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси аъзо бўлиб киришлари;

аҳоли томорқаларига кафолатланган кўчат ва уруғларни тизимли етказиб бериш, маҳсулотларни сотишни ташкил қилиш учун вилоятлар ва туман (шаҳар)лар марказий деҳқон бозорларида, аҳоли гавжум пунктларида “Томорқа хизмати” МЧЖлар учун махсус савдо майдонларини ажратиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

2. Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан:

1-иловада келтирилган кластер усулида фаолият юритадиган “Томорқа хизмати” МЧЖларга 3 йил муддатга кредит ёки уларнинг устав капиталига кейинчалик сотиш ҳуқуқи билан улуш ажратсин;

аҳоли томорқаларида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш учун 20-30 тонналик кичик ҳажмли совутгичлар барпо этиш учун кредит ажратсин;

тижорат банклари билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг асосий ставкасида уч ой имтиёзли давр билан бир йил муддатга 4 фоиз банк маржасини ҳисобга олган ҳолда аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланиш йўналишида 2 миллион сўмгача Оилавий тадбиркорлик маркази хулосасисиз Оn-line тарзда томорқа ер эгаларига микрокредитлар ажратиш механизмини жорий этсин.

3. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан:

2023 йил 1 январга қадар “Томорқа хизмати” МЧЖ ҳамда қишлоқ хўжалиги кооперативларига бериладиган кредитлар бўйича кредит суммасининг 50 фоизигача, бироқ 3 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган ҳажмда кафиллик берилиши белгилансин;

фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгалари, “Томорқа хизмати” МЧЖ ва қишлоқ хўжалиги кооперативларига Фермер, деҳқон хўжалиги ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси тўғрисидаги низом талабларини ҳисобга олган ҳолда, ажратиладиган кредитлар фоиз ставкасининг 7,5 фоизли пунктигача қоплаб бериш тизими жорий этилсин.

4. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартиб асосида камида 30 та аҳоли томорқаларини суғориш учун ер ости сувларига қудуқларни бурғилаш харажатларининг 70 фоизини, бироқ 120 миллион сўмдан ошмайдиган қисмини қоплашга субсидия ажратсин.

5. 2022 йил 1 январга қадар 2-иловага мувофиқ товарларни олиб киришда божхона божининг (божхона расмийлаштируви учун тўлов ва қўшилган қиймат солиғидан ташқари) ноль ставкалари белгилансин.

6. "Ўзбекчорванасл" агентлиги бир ой муддатда цистернада автоматлашган сут ҳажмини ўлчаш ва тозалаш механизмига эга сут маҳсулотлари йиғиш машиналари ҳамда мотокультиваторларга бўлган талабни ҳисобга олган ҳолда “Ўзавтосаноат” АЖга техник вазифани киритсин.

“Ўзавтосаноат” АЖ "Ўзбекчорванасл" агентлигининг техник вазифаси асосида, бир ой муддатда цистернада автоматлашган сут ҳажмини ўлчаш ва тозалаш механизмига эга сут маҳсулотлари йиғиш машиналари ҳамда мотокультиваторларни маҳаллийлаштириш бўйича аниқ чораларни кўрсин.

7. Белгилаб қўйилсинки:

Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Сув хўжалиги вазирлиги билан биргаликда ҳар йили 1 апрель ва 1 августга қадар сув таъминоти оғир ҳудудлардаги аҳоли томорқаларида қазиладиган қудуқларнинг манзилли дастурини шакллантиради ва тасдиқлайди;

лойиҳа ташаббускорларига белгиланган тартибда тасдиқланадиган рўйхатга асосан ажратиладиган субсидиялар 2020-2021 йилларда Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан ҳамда 2022 йилдан бошлаб Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши ҳузуридаги Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

8. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги:

бир ой муддатда тупроқ-иқлим хусусиятларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалик экинларининг уруғ ва кўчатларини ҳудудлар кесимида экиш, етиштириш ва сифатли маҳсулот олиш бўйича тавсиялар ишлаб чиқилишини ва жойларга етказилишини;

2021 йил 1 январга қадар Фарғона вилоятида “Томорқа хизмати” МЧЖ таклифлари асосида Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиаллари ҳузуридаги “Ахборот-маслаҳат марказ”лари (Extension center) ҳамда “In-vitro” лабораторияси томонидан ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларидан келиб чиқиб, қишлоқ хўжалиги экинларининг уруғлари ва кўчатларини тайёрлаш, етказиб бериш, ўсимликларни касаллик ва зараркунандалардан ҳимоя қилиш ҳамда етиштириш агротехникаси, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш ва қайта ишлаш юзасидан маслаҳат ва тавсиялар бериш бўйича хизматларни шартнома асосида ташкил этилишини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши билан биргаликда аҳоли ўртасида тушунтириш ишларини олиб бориб, коронавирус пандемиясининг салбий оқибатларини юмшатиш мақсадида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш учун аҳоли томорқаларидан самарали фойдаланган ҳолда икки марта ҳосил олиш ишларини ташкил этсин.

10. Тошкент давлат аграр университети, Фарғона вилояти Қува туманидаги Томорқа ер участкаларини ривожлантириш илмий-амалий маркази “Томорқа хизмати” МЧЖлар таклифлари асосида уларнинг ходимларини ва бирга ишловчи томорқа ер эгаларининг малакасини оширишни тизимли ташкил этсин.

11. Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукуматининг айрим ҳужжатларига 3-иловага мувофиқ ўзгартириш ва қўшимчалар киритилсин.

12. Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.И.Барноев ҳамда Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгаши раиси А.Хаитов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ш.МИРЗИЁЕВ

Тошкент шаҳри,

2020 йил 30 июнь

 
 
← Рўйхатга қайтиш