Ёшлар — ҳар қандай жамиятнинг эртаси. Шу маънода айтадиган бўлсак, улар бугунги ва эртанги кунимизнинг ҳал қилувчи кучидир. Ҳозирда мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини баркамол авлод эгалари ташкил этишини ҳисобга олсак, юрт тараққиёти кўп жиҳатдан навқирон ўғил-қизларга боғлиқ эканини янада теранроқ тасаввур этамиз.
Мамлакатимиз аҳолисининг салмоқли қисмини ташкил этадиган ёшларнинг бугунги кайфияти, қизиқишу интилишлари, маънавий-руҳий олами қандай? Ўз навбатида, уларни нима ўйлантиради ва ташвишга солади? Ўзи бугун ёшлар нималар билан банд? Уларни кўпроқ нималар қизиқтиради?
Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида Самарқанд вилоят уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармасида вилоят партия кенгаши ташаббуси билан ёшлар билан очиқ мулоқот ташкил этилди.
Тадбирда ёшлар билан манзилли ва тизимли ишлаш, улар учун муносиб шароитлар яратиш, замонавий билим ва кўникмага эга бўлишларини таъминлаш, уларнинг илғор ғоя ва ташаббусларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласида сўз борди. Йигит-қизлар ҳеч қаерда ишламайдиган ёшлар билан ҳар ҳафта учрашиб, уларнинг муаммоларини ўрганиш, ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш ҳамда бандлигини таъминлаш бўйича ўз таклифларини баён қилишди. Муаммоларни ҳал этишда ҳар бир депутат фаол бўлиши кераклиги, ёшлар масаласи кун тартибидаги асосий масала экани таъкидланди.
ЎзХДП Самарқанд вилоят кенгаши раиси Баҳодир Неъматов бошқарма ёшларини байрам билан табриклаб, уларга совғалар топширди. Тантанали тадбирда партияга хайрихоҳ, унинг дастурий-мақсадларини қўллаб-қувватлаш ва амалга оширишга аҳд қилган 15 нафар ёш ходимлар партия сафига қабул қилинди.
Ёшлар куни муносабати билан бошқармада фаолият юритиб келаётган ёшларга байрам совғалари топширилди.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.