ХДП фракциясининг айрим аъзолари баъзи қонун лойиҳаларига қатъий эътироз билдирди
ХДП фракциясининг айрим аъзолари баъзи қонун лойиҳаларига қатъий эътироз билдирди

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракциясининг видеомулоқот шаклидаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, бир қатор қонун лойиҳалари кўриб чиқилди.

Депутатлар “Архив иши тўғрисида”ги қонунга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама этишди.

Қонун лойиҳасига кўра, қонуннинг асосий тушунчалар моддасига давлат ихтисослаштирилган архиви тушунчалари қўшимча тарзда киритилмоқда. Тугатилган ташкилотлар архив ҳужжатларини тегишли архивларга, шу жумладан, нодавлат архивларини ҳам истисно қилмаган ҳолда топшириш билан ўзгартирилмоқда. Шунингдек, қонун лойиҳаси билан давлат архивлари биноларини архивлар тасарруфидан чиқариш нормаси қатъийлаштирилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Миллий архив фонди ҳужжатларини доимий сақлаш ҳуқуқи берилган айрим вазирликлар, идоралар, тармоқ давлат фондлари ва ташкилотларда давлат ихтисослаштирилган архивларини ташкил этиш мумкинлиги назарда тутиляпти. Давлат архивларига топширилаётган Миллий архив фонди ҳужжатларининг электрон базаларини яратиш ва ушбу билан архив ҳужжатларидан фойдаланишда қулайликлар яратиш мақсадида ташкилотлар томонидан архив ҳужжатларини давлат архивларига электрон нусхалари билан бирга топшириш белгиланмоқда.

Фракция аъзолари ҳозирги замонда архив ҳужжатларини рақамлаштириш жуда долзарб масала экани, давлат архивлари билан бирга нодавлат архив ташкилотлари фаолияти ривожланиши учун ҳуқуқий шароит яратиш алоҳида аҳамиятга эгалигини таъкидлаб, таклиф-мулоҳазаларини билдиришди.

Депутатлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатлари ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ҳам қизғин муҳокама қилишди. Ушбу қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бюрократик тўсиқларни янада қисқартириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятига замонавий бошқарув тамойилларини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “Йўл харитаси”га мувофиқ ишлаб чиқилган. Қарорга кўра, 2020 йил 1 январдан бошлаб маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг 5 та ваколатини бекор қилиш, яна 11 та ваколатини давлат бошқаруви органлари ҳудудий бўлинмаларига ўтказиш белгиланган. 28 турдаги ҳужжатларни фуқаролардан талаб этиш бекор қилинган.

Фракция аъзолари бюрократик тўсиқлар камайиши эҳтиёжманд аҳоли қатлами учун, айниқса, муҳим масала эканини таъкидлашди. Чунки бундай фуқаролар турли сунъий тўсиқлар туфайли ҳуқуқ ва манфаатларига эришишга қийналишади.

Масалан, Меҳнат кодексининг 80-моддасига асосан ишга кираётган шахсдан талаб қилинадиган ҳужжатлар рўйхатидан турар жойдан маълумотнома сўраш талаби бекор қилинмоқда. Бунинг натижасида меҳнат шартномаларини тузишда ортиқача сансалорликлар камаяди.

Йиғилишда, шунингдек, «Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодексини тасдиқлаш ҳақида»ги қонуни лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

Айтиш керакки, Шаҳарсозлик кодекси ҳозирги замон қонунчилиги ва муносабатларини ҳисобга олган ҳолда тубдан такомиллаштирилмоқда. Хусусан, ҳаёт ва амалиёт билан бевосита боғлиқ бўлмаган умумий мазмундаги тушунча ва меъёрлар чиқариб ташланмоқда. Кўплаб янги тушунча ва меъёрларга аниқлик киритилмоқда. Боблар ва моддаларга ҳам бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Кодекснинг аниқ ва мукаммал бўлиши шаҳарсозлик фаолиятида жиддий, қўпол қонунбузилиш ҳолатларининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга.

Фракция аъзолари «Жамоат хавфсизлигини таъминлаш чоралари янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ҳам кенг муҳокама этишди.

Лойиҳага кўра, Жиноят кодексига баданга қасддан қурол ва қурол сифатида фойдаланиш мумкин бўлган бошқа нарсаларни ишлатиб, оғир ёки ўрта оғир даражада шикаст етказиш ҳам жавобгарликка асос бўлиши белгиланмоқда. Мазкур кодекс совуқ қурол ёки совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни олиб юриш, улардан фойдаланишни таъқиқловчи янги моддалар билан тўлдирилмоқда.

Фракция аъзолари жамоат тартиби ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашда кейинги вақтларда бот-бот кузатилаётган танага турли даражада тан жароҳати етказиш билан боғлиқ кўнгилсиз ҳолатларнинг олдини олишда, бу борада жавобгарликни белгилаш муҳим масала эканини таъкидлашди.

Шу билан бирга, депутатлар қонун лойиҳасининг айрим меъёрлари бўйича қатъий саволлар қўйишди. Жумладан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни касбий фаолият, спорт фаолияти ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолда жамоат жойларида, шу жумладан, барча турдаги жамоат транспортларида очиқ ҳолда (ғилофсиз) олиб юриш жавобгарликка сабаб бўлиши ҳақида киритилаётган меъёр эътироз келтириб чиқарди.

Бу меъёр кодексга киритилиши кўнгилсизликларнинг олдини олиш билан бирга, турли англашилмовчиликларни келтириб чиқариши, ўринсиз жарималар белгиланишига олиб келиши мумкин. Масалан, ҳуқуқ-тартибот идораси ходими фуқарони қандай қилиб бўлса-да жавобгарликка, жаримага тортиш учунгина бу моддадан фойдаланиши ҳам мумкин. Ҳаётда бундай ҳолатлар кузатилмаяпти дейишга асослар йўқ. Қонун-қоидалардан узоқроқ юрадиган фуқаро ўзи билмаган ҳолда жавобгарлик объектига айланиб қолишига йўл қўйиб бўлмайди. Фракция аъзоси Мақсуда Ворисова қонун лойиҳасини қўллаб-қувватламаслигини билдирди.

Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича депутатлар томонидан таклиф ва мулоҳазалар билдирилди. Партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, фракция позицияси белгилаб олинди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш