Фрилансинг – бизга янгилик эмас
Фрилансинг – бизга янгилик эмас

 

Мамлакатимизда карантин тартиблари ўрнатилгандан сўнг, кўплаб тадбиркорлик соҳалари, ёлланма ишчи сифатида ишлаётган фуқаролар уйда қолиб, ишсиз бўлиб қолишга мажбур бўлишди. Бироқ шундай вазиятда ҳам карантин бўйича ўрнатилган чекловлар, вазиятга қараб юмшатила бошлади.

Бу борада энг асосий туртки, Ўзбекистон Республикаси Призидентининг 2020 йил 8 июлдаги “Тадбиркорлик фаолияти ва ўзини ўзи банд қилишни давлат томонидан тартибга солишни соддалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ПҚ 4742-сонли қарори, ўз ўрнида иқтисодий соҳа ривожида муҳим аҳамият касб этади.

Ўзини ўзи иш билан таъминлашни истовчилар учун иш стажи ва пенсия ҳисобланиши мумкин бўлган, қонуний бандликнинг янги мақоми – “ўзини ўзи банд қилган шахс” жорий этилди.

Шунга қараб тилимизга кириб келган “Фрилансинг” (freelancer) – ингилиз тилидан олинган сўз бўлиб, “эркин рассом” деган маънони англатади. Ушбу сўз илк бор 1819 – йилда “Айвенго” асарида ишлатилган бўлиб, мустақил сарбоз маъносини англатган. Бугун эса фрилансер деганда одатда расмий ва доимий иш жойи бўлмаган, масофадан буюртмага ишлайдиган эркин ижодкор тушунилади. Бу янги термин бўлгани билан моҳияти, вазифаси жиҳатидан анча қадимийдир.

Қарорда ўзини ўзи банд қилган шахслар учун назарда тутилган фаолият турлари билан шуғулланувчи, иштирокчилар сони камида уч нафар бўлган оилавий корхоналар айланмалардан солиқни белгиланган миқдоридан 50 фоизга камайтирилган ставкаларда тўлаш тартиби қайд этилган. Бу имтиёз асосида 2020 йил 1 июлдан рухсат этилган фаолиятлар рўйхати 24 тадан 67 тага кенгайтирилди.

Давлат солиқ қўмитасининг берган маълумотига кўра, жорий йилнинг ярмида ўзини ўзи банд қилганларнинг умумий сони 201283 нафарни ташкил этган. Ҳудудлар кесимида кўрсак, Сидарё вилояти бўйича 5852 нафар бўлса, бу кўрсаткич Самарқандда 28515 нафар, Наманган вилоятида 24368, Бухоро вилоятида эса 21641 нафарни ташкил этган.

Энг оммабоп – маиший хизматлар: сартарошлик, маникюр, косметолог, педикюр, уйда кир ювиш ва дазмоллаш, калитлар тайёрлаш, пойабзал тикиш, таъмирлаш ва бўяш хизматлари. Мазкур йўналишда 54 932 нафар аҳоли банд бўлиб, меҳнат фаолияти натижасида олган даромадлар жисмоний шахслар жами даромадлари таркибига киритилмайди.

Бир йилда бир марта ижтимоий солиқ тўлаш кифоя (2020 йил учун энг камида 111 500 сўм). Ташкилотлар томонидан ўзини ўзи банд қилган шахсларни шартнома асосида бир марталик хизматлар кўрсатиш ва ишларни бажариш бўйича фаолиятга жалб қилишга йўл қўйилади. Бунда ўзини ўзи банд қилган шахслар меҳнатига ҳақ тўлаш ижтимоий солиқни ҳисоблаб чиқиш объекти ҳисобланмайди.

Бироқ шу вақтга қадар давлат рўйхатидан ўтмасдан, яширин иқтисодиётга “ҳисса қўшаётган айрим фаол фуқаролар” уйда репититорлик қилиши, сантехника ускуналарини таъмирлаш, велесипедларни тузатиш, ёғоч меъморчилиги, сартарошлик хизматлари каби йўналишлар даромад солиғи тўламасдан фаолият юритиб келаётганлар ҳам анчагина салмоқни эгаллайди. Жумладан, Уйда телевизор, радиоларни тузатувчилар, Соатсозлар, Косиблар, тикувчилар. Бу баъзи тизим ходимларининг эътиборсизлиги десак муболаға бўлмайди. Бугун, 67 та эркин фаолият йўналишлари кутилмаганда яширин иқтисодиётни парчалаб, ҳам инсон ҳам давлат манфаатларини таъминлашда, карантин шароитида уйда даромад топишида жуда катта имкониятлар эшигини очди. Буни фуқароларга, айниқса қўлида ҳунари бўлган одамларга тўғри тушунтириш орқали яхши натижаларга эришиш мумкин.

 

Холбек ЖАЛОЛОВ,

Халқ депутатлари Сирдарё вилоят Кенгаши депутати.

Теглар

Депутат
← Рўйхатга қайтиш