Дунёда ҳукм сураётган коронавирус деган кўринмас ёв бутун дунё халқларини катта ташвишга солди. Ҳатто дунёнинг энг тараққий этган мамлакатлари ҳам бу офат олдида эсанкираб қолди. Бугунги кунга келиб ер юзи аҳолисининг 22 миллионга яқини ушбу инфекция билан зарарланди. Афсуски уларнинг 773 мингдан ортиғи вафот эди.
Мамлакатимизда халқимизни ушбу касалликдан, унинг аянчли оқибатларидан имкон қадар кам талофот билан олиб чиқиш бўйича қатъий чоралар амалга оширилмоқда.
Ана шундай оғир ва якуни ҳали кўринмаётган кунларда масъулиятни аввало, ҳар бир фуқаронинг ўзи зиммасига олиши керак. Бир неча ой давом этган карантин чекловларидан кейин 15 августдан бошлаб мамлакатимизда иқтисодий ва ижтимоий соҳаларнинг барқарор ишлашини таъминлаш, аҳолининг яшаш шароитларини яхшилаш мақсадида карантин чекловлари юмшатилди. Албатта бу аҳолининг кайфияти, талаб ва истаклари, давлат ва жамият ҳаётининг турли соҳалари ривожини инобатга олган ҳолда жорий этилди.
Шундай бўлсада, бир нарсани унутмайлик, карантин қоидаларини юмшатиш уни бекор қилишни англатмайди. Ҳар куни 700 га яқин инсоннинг инфекция билан зараланиши юртимизда ҳали эпидемиологик вазият барқарор эмаслигидан далолатдир. Аксинча, карантин талаблари юмшатилиб, одатий ҳаёт тарзимизга қайтганимиз сайин кишининг вирус юқтириб олиши эҳтимоли қатъий карантин пайтидагига қараганда анча юқори.
Шундай экан коронавирус пандемиясининг яна тарқаб кетмаслиги учун ҳар биримиз онгли равишда масъул эканлигимизни унутмайлик, ҳар биримизнинг ҳаётимиз ва саломатлигимизга ўзимиз жавобгармиз, аслида.
Афсуски орамизда ана шундай бепарво ва лоқайд инсонлар ҳали кўплаб учрамоқда. Бепарво одам эса душмандан ҳам хавфлироқдир.
Шунча огоҳлантириш ва тушунтиришларга қарамай, жойларда карантин қоидалари амал қилмаслик, пандемия балосининг кўлами, унинг аянчли оқибатлари, давлат ва жамият ривожига салбий таъсири ҳақида тор ўйлаётган айрим кишилар талаб ва қоидаларни очиқдан-очиқ бузаётгани ҳолатларга кўп гувоҳ бўляпмиз.
Барчамиз бугун инсон саломатлигидан улуғроқ неъмат йўқлигини англаб етдик. Касалликка чалинганларни даволаш, уларнинг ҳаёти учун кунни тунга улаб елиб-югуриб меҳнат қилаётган шифокорларимиз фидойилигини кўз олдимизга келтириб, уларга ёрдам берайлик.
Чунки, карантин қоидалари юмшатилди дегани бу барча чекловлар олиб ташланди дегани эмас!
Санитария-гигиена қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда, фарзандларимиз, ота-оналаримиз ва кекса ёшдаги аҳолининг соғликларини ўйлаб, саёҳат, меҳмондорчилик ва бошқа режаларимизни бироз кейинроққа қолдирайлик. Тиббий ниқобларни олиб ташлашга ва қўл бериб саломлашишга бироз шошилмайлик. Халқимизга хос бўлган қадимий урф-одатларимиздан қўлимизни кўксимизга қўйиб саломлашишни канда қилмайлик. Тўйлар ва бошқа тадбирларни тор доирада ўтказилишини таъминлайлик. Санитария-гигиена қоидаларига амал қилган, ижтимоий масофани сақлаган ҳолда, вирус чекинишига ҳиссамизни оила бағрида бўлишимиз билан қўшайлик.
Зеро, биздан бугунги оғир кунларда фақат сабр-тоқат қилиш билан соғлигимизни сақлаш, ўзимизни ва атрофимиздагиларни асраш мумкин.
Инфекция тарқалишига қарши биргаликда курашиш, унга қарши мустаҳкам туриш мақсадида фуқароларни юқорида айтиб ўтилган талабларга сўзсиз ва қатъий амал қилишга чақирамиз.
Зулфия Туйева
Ўзбекистон ХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси,
Халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгаши депутати.