Ижтимоий соҳага сарфланаётган маблағлар шаффофлиги таъминланиши зарур


Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда 2020 йил 1-ярим йиллик якунлари бўйича Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси тўғрисидаги масала атрофлича таҳлил қилинди.

Аввало қайд этилдики, Давлат бюджети ижросида мамлакатимизда олиб борилаётган аҳолини ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлашга қаратилган давлат сиёсати ўз аксини топган. Ҳар бир давлатнинг бюджети ижросига қараб, ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларга баҳо бериш мумкин. Пандемия даврида бу масала, айниқса, долзарбдир.

Таълимни ривожлантириш, соғлиқни сақлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳар доим асосий эътиборда турибди. Давлат бюджетидан ана шу йўналишларга кўпроқ маблағ йўналтириш, яъни аҳолининг турмуш фаровонлигини ошириш чоралари кўриляпти. Шундай муҳим пайтда бюджет маблағларининг режалаштирилган эзгу мақсадлар учун оқилона йўналтирилиши ҳар томонлама долзарб ва ҳаммамизни ўйлантирадиган масаладир.

Айтиш керакки, Давлат бюджетининг 2020 йил 1-ярим йиллик ижроси “2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида”ги қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида ҳамда коронавирус инфекциясига қарши курашиш, глобал инқироз оқибатларини бартараф этиш юзасидан қабул қилинган Президентининг Фармон ва қарорлари, Ҳукумат қарорлари ҳамда Инқирозга қарши курашиш комиссиясининг қарорлари ижросини таъминлашга қаратилган.

Ҳисобот даврида мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 255,3 трлн. сўмни ташкил этган. Пандемия билан боғлиқ бутун дунёдаги чекловлар мамлакатимиз иқтисодиётига, аксарият кўрсаткичларга таъсир ўтказган, албатта.

Йиғилишда қайд этилдики, COVID-19 пандемияси таъсирида аҳоли ҳаракатчанлик индекси секинлашган, карантин чоралари таъсири 2020 йил январь-июнь ҳолатига аҳоли умумий даромадларида ҳам ўз аксини топган. Натижада аҳоли умумий даромадлари 176,0 трлн. сўмни ташкил этган.

Фракция аъзолари Давлат бюджетининг ижтимоий йўналтирилганлиги мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя кафолатларини мустаҳкамлашда, аҳолининг турмуш даражасини янада яхшилашда муҳим аҳамият касб этаётганини алоҳида таъкидлашди.

Муҳокамалар жараёнида ижтимоий соҳага йўналтирилган маблағларнинг қанчалик самарали сарфлагани масаласига алоҳида эътибор қаратишди.

Давлат бюджети харажатларида ижтимоий соҳага ажратилаётган маблағлар улуши йилдан-йилга ошириб бориляпти. Хусусан, ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 34 665,5 млрд. сўм ёки умумий харажатларнинг 53,4 фоизи миқдорида маблағ сарфланди. Бу харажатлар ЯИМ га нисбатан 13,9 фоизни ташкил этган.

Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан йўналтирилган маблағлар миқдори 8 071,5 млрд. сўм ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1440,6 млрд. сўм (21,7 фоиз) кўп маблағлар ажратилган. Ажратилган маблағнинг жами Давлат бюджети харажатларидаги улуши 12,4 фоизни ташкил этган.

Шунингдек, нафақалар, моддий ёрдам, компенсация тўловлари ва аҳоли бандлик даражасини оширишга Давлат бюджетидан ҳисобот даврида 3726,7 млрд. сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 847,1 млрд. сўм кўп) маблағ ажратилган.

Фракция аъзолари масалани кенг ва таҳлилий муҳокама қилишди. Депутатлар партия дастурий мақсадлари ҳамда электорат манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, мамлакатимиз бош молиявий ҳужжатининг ижросига нисбатан қатъий нуқтаи назарларини билдиришди.

Хусусан, Халқ таълими вазирлиги бўйича 1 919 та умумтаълим мактабларида қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини амалга ошириш учун ажратилган маблағлардан 672,9 млрд. сўм, Мактабгача таълим вазирлиги бўйича 256 та мактабгача таълим муассасасини қуриш-таъмирлаш ишлари учун ажратилган маблағлардан 1 882,4 млрд. сўм, автомобиль йўллари, кўприклар ҳамда йўл ўтказгичларини қуриш ва реконструкция қилиш, шунингдек, объектларни жиҳозлаш ҳамда техникалар харид қилиш учун ажратилган маблағлардан 773,9 млрд. сўм ва соғлиқни сақлаш соҳаси бўйича Давлат дастурларида белгиланган тадбирларни амалга ошириш учун ажратилган маблағларнинг 538,6 млрд. сўми ишлатилмасдан қолганлигига алоҳида эътибор қаратишди.

Ҳукумат томонидан ушбу ҳолатларнинг асосий сабаблари чуқур ўрганиб чиқилиши ҳамда аниқланган камчиликлар бошқа такрорланмаслиги учун аниқ чоралар кўриши зарурлиги бўйича депутатлар томонидан илгари сурилди.

Депутатлар марказда ва жойларда давлат бошқаруви органларининг, бюджет ташкилотларининг бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланилишини таъминлаш, молиявий интизомга қатъий риоя қилиш, шунингдек, Бюджет кодекси нормалари ва қоидалари ижро этилиши устидан назоратни янада кучайтириш, ушбу масалаларда масъулиятни жиддий тарзда ошириш зарурлигини таъкидлашди.

Пандемия ва карантин чекловлари билан боғлиқ қийин вазиятда маблағларнинг самарасиз сарфланиши, айниқса, талон-тарож ҳолатлари кўпайгани танқид қилинди. Ҳукумат, мутасадди вазирлик-идоралар бюджет маблағларининг сарфланиши бўйича шаффоф тизим яратиш ишларини кескин кучайтириши зарурлиги таъкидланди. Нафақа ва ёрдам пуллари тарқатилиши жараёнида қатор камчиликларга йўл қўйилди, ижтимоий соҳа объектларини қуриш ва таъмирлаш жараёнлари очиқлиги таъминлангани йўқ.

Давлат бюджети ижросини таъминлашда парламентдаги муҳокамалар билан бирга, жойларда, тармоқларда бевосита, тезкор таҳлиллар ўтказиш, шу орқали қонунчиликнинг таъсирчанлигини ошириш муҳимлиги қайд этилди. Шу асосда ЎзХДП фракциясининг Давлат бюджети, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ижроси юзасидан позицияси ишлаб чиқилди.

Инвестиция дастури ижроси учун ажратилган маблағларни ўзлаштириш даражаси 35 фоизни ташкил қилаётгани, айниқса, ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларининг айни пайтдаги ҳолати ўта қониқарсиз даражада экани ташвишли ҳолат, деб баҳоланиши керак.

Фракциямиз келгусида Давлат бюджетида режалаштирилган маблағларнинг тушуми ҳамда уларнинг самарали ишлатилиши юзасидан депутатлик корпуси томонидан назоратни янада кучайтириш зарур.

Давлат бюджети ижросини таъминлашда депутатларимизнинг ўрни фақат назорат ўрнатилиши билан чекланиши керак эмас, балки бюджет ижросини таъминлашда депутатлик корпусининг бевосита амалий иштирокини ҳам кучайтириш лозим.

Йиғилишдаги муҳокама ва таклиф-мулоҳазалардан келиб чиққан ҳолда, Халқ демократик партияси фракцияси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил биринчи ярим йиллигида ижроси тўғрисидаги ҳисоботни қўллаб-қувватлаш ҳақида қарор қабул қилди.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш