Учинчи ренессанс ёшлар даври бўлади
Учинчи ренессанс ёшлар даври бўлади

 

Жонажон Ватанимиз – ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритгани ва мустақил тараққиёт йўлини бошлаганига 29 йил тўлди. Истиқлол эл-юртимиз учун ўз тақдирининг ҳақиқий эгаси бўлиб, қадр-қимматини англаб, муносиб ҳаёт кечириш, юртимизда ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш имкониятини яратди.

Дарҳақиқат, истиқлол туфайли ўзлигимизни англадик, озод халқ, мустақил давлат сифатида Ўзбекистоннинг бор бўй-бастини, улкан салоҳиятини бутун дунёга намоён қилиш имкони яратилди. Ёшларга эътибор кучайди. Йигит-қизлар ўз салоҳиятини кўрсатиши, иқтидорини ривожлантириши учун барча шароитлар яратилди.

Хусусан, Ёшлар ишлари агентлиги, Ёшлар масалалари бўйича идоралараро кенгаш ташкил этилди. Олий Мажлис палаталари ҳузурида Ёшлар парламенти, Инновацион ривожланиш вазирлиги қошида Ёшлар академияси тузилди. Ҳудудларда “Лойиҳалар фабрикаси” иш бошлади. “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида иқтидорли ва ташаббускор ўғил-қизларимизнинг 8 мингдан зиёд бизнес лойиҳаларига қарийб 1,7 триллион сўм миқдорида имтиёзли кредитлар ажратилди. Буларнинг барчаси биз ёшларга берилган кенг имкониятлар калитидир.

Кам таъминланган оилаларда камол топаётган қизларимизнинг билим олиш имкониятини кенгайтириш учун бу йил янги тизим жорий этилди. Унга мувофиқ, ушбу ўқув йилида олий таълим даргоҳларининг кундузги бўлимларига бундай қизларимиз учун давлат гранти асосида 940 та қўшимча ўрин ажратилди.

Яқинда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва иқтидори, интилувчанлиги ва ташаббускорлиги, ҳалол ва самарали меҳнати билан Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келаётган фидойи ва мард ўғлонларимиздан 28 нафари «Мард ўғлон» мукофоти билан тақдирланди.

Ёшликдан билим хазинасига эга бўлиш, келажак учунмуҳим сармоя йеғиш билан баробардир. Албатта, инсонга берилган энг катта бойлик илм ва хунардир. Энг эътиборлиси, мард ўғлон танловида мукофотланганлар орасида мактаб ўқувчилари ҳам бор. Улардан бири Азизжон Эшбеков Сирдарё вилояти Мирзаобод тумани умумий ўрта таълим мактаб интернатининг 11 синф ўқувчиси.

Дарҳақиқат, бугунгача бўлган йўлни осонликча босиб ўтмадик. Минг-минг машаққатлар синовидан, даврнинг оғир заҳматларидан матонат, эзгу мақсад сари олға интилиш, юксак ишонч билан тик ўта олган мардона юртда яшамоқ, унга муносиб бўлмоқ ҳар биримизнинг олий бурчимиз бўлмоғи шарт! Шу заминда яшаёттан ҳар бир инсон ўзига «Ким эдигу ким бўлдик?» деган ҳақли саволни бериб яшаши замирида жавобни тинчликка бўлган ҳурмат, истиқлолга бўлган шукрона туфайли топишига аминмиз.

 

Анорқул БОЙБЕКОВ,

Ўзбекистон ХДП Сирдарё вилояти кенгаши депутати,

Сирдарё вилоят Бадиий ижодкорлар уюшмаси раиси.

 

Теглар

Депутат mustaqillikning-29-yili
← Рўйхатга қайтиш