Камбағалликни қисқартиришнинг янги механизми яратилмоқда
Жамиятимизда аёллар ва ёшларнинг ролини ошириш учун биринчи навбатда уларга малака бериш, бандлигини таъминлаш зарур.
Бу вазифани самарали ва сифатли бажармасдан аёллар ва ёшлар манфаатлари билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий масалаларни тизимли ҳал этиш имкони бўлмайди. 8 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилиши шу жиҳатдан жуда аҳамиятлидир.
Кейинги йиллар давомида мазкур икки йўналиш бўйича давлат сиёсатини марказдан маҳалла даражасигача юритадиган вертикал тизим жорий қилинди. Ёшлар масалалари ҳар бир туманда алоҳида ҳоким ўринбосари, хотин-қизлар масалалари бўйича эса ҳар бир маҳаллада алоҳида раис ўринбосари масъул этиб белгиланди. Видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари “бундан кейин одамларнинг уйига бориб, ишга муҳтожларни ишга жойлаштириш тизимини яратишимиз керак”лигини таъкидладилар.
Демак, маҳаллаларгача яратилган тизим энди қўллаб-қувватлашга муҳтож аёллар ва ёшлар истиқомат қиладиган оилаларгача кириб бориши бўйича янги иш тартиби белгиланди. Маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “ёшлар дафтари” ва “аёллар дафтари” шакллантириладиган бўлди.
Дафтарлар ҳокимлар, сектор раҳбарлари, мутасадди ташкилотлар ёшлар ва аёллар масалаларида ҳар бир ҳудудда ҳолат қандайлиги ҳақида аниқ маълумотга эга бўлиш, шунга қараб чора-тадбир белгилаш учун жуда зарур. Чунки ҳамма раҳбарлар ҳам ўзи масъул бўлган ҳудудда қанча ёш ишсиз, яна қанча аёл ҳунарсиз эканини билавермайди.
Пандемия муносабати билан мамлакатимизда карантин чоралари кучайтирилган, эҳтиёжманд оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш зарурати ошган вақтда Президент ташаббуси билан жорий этилган “темир дафтар”лар иш берди, давлат ёрдамини йўналтириб туриш, ижтимоий барқарорликни сақлаб қолиш учун асос бўлди, катта натижа берди. Ҳозирда “темир дафтар”лар оилаларни камбағалликдан чиқариш ишларини режали ташкил этишда, рўйхатдагиларга қараб кейинги ишларни мувофиқлаштиришда қўл келмоқда. Ёшлар ва аёллар дафтарлари ҳам касб-ҳунар ўргатиш, бандликни таъминлашда манзилли ёндашувни кучайтиришга хизмат қилади.
“Ёшлар дафтари”га 18-30 ёшгача бўлган йигит-қизлар киритилса, “аёллар дафтари”га 30 ёшдан ошган аёллар киритилади. Рўйхатни шакллантиришда ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ва хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилади.
Дунёда иқтисодий, ҳуқуқий ва меҳнат муносабатлари тез ривожланмоқда. Ишлаб чиқариш, айниқса, хизмат кўрсатишда қисқа вақтда янгидан-янги тармоқлар пайдо бўлмоқда, олий маълумотлилик ҳақидаги ҳужжатни кутиб ўтирмасдан яхши даромад олиш, ўзини ўзи банд қилиш имкониятлари кенгаймоқда. Мамлакатимизда тадбиркорлик, хизмат кўрсатиш соҳаларига йўл очилиши натижасида диплом эмас, муайян малака талаб этадиган замонавий иш ўринлари очилмоқда. Ҳунар ўрганган, ишли бўлган кишилар жамият ҳаётига тез киришиб кетади, кейинчалик истакларига мос имкониятларни қидириб топиш кўникмасига эришади.
Президентимиз шунинг учун бу масалага алоҳида эътибор қаратиб, “ижтимоий шартнома” тажрибасини кенг қўллаш бўйича вазифа ҳамда йўналишларни аниқ белгилаб берди. Ишсиз одам ҳунар ўрганиш, малака олиш учун кўпинча маблағдан қийналади. Энди давлат мана шу бошланғич даврда ёшлар, аёлларга моддий ва ижтимоий кўмак кўрсатади.
Ажратиладиган маблағ айни вақтда меҳнат бозорида талаб юқори бўлиб турган касб-ҳунарларга тайёрловчи мингдан зиёд нодавлат касб-ҳунар таълими марказлари фаолияти изчил йўлга қўйилишига хизмат қилади.
Бу вазифаларни бажариш бўйича манбалар ҳам аниқ белгиланди. Тикланиш ва тараққиёт жамғармасидан 100 миллион доллар миқдоридаги маблағ йўналтирилади. Шунинг 10 миллиони касб-ҳунарга ўқитишга, 90 миллиони эса ўқув курсларини тамомлаб, сертификат олганларга имтиёзли кредитлар ажратиш учун сарфланади. “Ижтимоий шартнома” орқали нодавлат касб-ҳунар ўқув курсларини битирадиган ёшлар ва аёлларга таълим харажатлари учун 1 миллион сўмгача субсидия берилади.
Шу тариқа қўллаб-қувватлашга муҳтож ёшлар ва аёллар ҳунар ўрганиб, ишли бўлса, кейин ҳаётда ўз ўрнини топиб кетишга қийналмайди. Бир сўз билан айтганда, давлатимиз раҳбари ижтимоий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим, касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор бўлган ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизларни жамиятнинг фаол қатламига қўшиш, ҳудудларда камбағалликка қарши курашиш бўйича янги механизмни белгилаб бердилар.
Энг асосий масала мазкур механизмни самарали ишлатишимизга боғлиқ. Бу борада нафақат маҳаллий ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар, шу билан бирга, парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари фаоллик кўрсатиши талаб этилади. Субсидия ва бошқа маблағлар мақсадли йўналтирилиши, ҳунар ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи борлар тўлиқ ўрганилиши жуда муҳим. Мана шу жараёнда депутатлар фаоллик кўрсатса, аҳоли билан яқин муносабат, мулоқот муҳити ўрнатилади.
Одамларнинг ислоҳотларга ва ўз имкониятларига ишончи ошади. Жамиятда ижтимоий-иқтисодий фаол қатламни кўпайтириш жараёнларига катта ҳисса қўшилади. Бу, ўз навбатида ҳудудларда депутатларнинг позицияси мустаҳкамланишига пухта шароит яратади.
Аксинча, қайси ҳудудда бу ишлар тизимли ташкил этилмаса, ишсизлик билан боғлиқ ижтимоий муаммолар янада чуқурлашади, партиямиз электорати бундан жабр кўради.
Халқ демократик партияси билим, касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бор ишсиз ёшлар ҳамда хотин-қизларни қўллаб-қувватланиши жойларда камбағалликнинг асосий сабаблари бартараф этилишида долзарб аҳамиятга эга, деб ҳисоблайди.
Бу йўналишдаги ислоҳотлар тактикаси партиямизнинг бош мақсадига тўлиқ мос келади. Шунинг учун ҳар бир партия ташкилоти ва депутатлик бирлашмалари аниқ натижа, электорат манфаатлари йўлида қатъият кўрсатиши учун режаларини белгилаб олмоқда.
Улуғбек ИНОЯТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг ўринбосари,
ЎзХДП фракцияси раҳбари.