ТАЪЛИМ, МУАЛЛИМ ВА ИСЛОҲОТ
ТАЪЛИМ, МУАЛЛИМ ВА ИСЛОҲОТ

Биз кейинги 30-40 йил давомида муаллимни илмдан узоқлаштирдик, моддий етишмовчиликларини ҳисобга олмадик, турли керакли-кераксиз дафтарларни тўлдиришга жалб этиб, қоғозбозликни авж олдирдик. Натижада улар чорасиз қолиб, қора қозонини қайнатиш, оилани тебратиш, бола-чақасининг каму кўстини тўлдириш илинжида ўз касбини ташлаб, бошқа ишлар билан шуғулланишга мажбур бўлишди, таълим тизимида бўшлиқ пайдо бўлди.

Эркак ўқитувчилар камайиб кетгани қандай оқибатларга олиб келганини биламиз. Бунинг устига, худонинг берган йили март-апрель ойидан бошлаб чигит экиш, ғўза яганаси, қатқалоқ, ўтоқ, «чеканка», пилла, чорвага хашак йиғиш, қишловга тайёрлаш, кўча тозалаш, дарахтларни оқлаш, кўчат экиш, маҳаллани обод қилиш, пахта йиғим-терими ва ҳоказоларга ўқитувчиларни жалб этиш оддий ҳолга айланиб қолганди.

Хайриятки, кейинги икки-уч йил ичида бу соҳа вакиллари бундай номаъқул ишлардан озод этилди. Педагогик фаолиятга салбий таъсир этаётган тўсиқлар олиб ташланди, ойлик маошлар пайдар-пай ошириляпти, ортиқча қоғозбозлик, мажлисбозлик, югурдаклик, ҳашарбозлигу хўжа кўрсин учун қилинадиган ишларга барҳам бериляпти.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 5 июнда қабул қилган «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори ҳамда таълимга тегишли бошқа фармойишлари, таълим соҳаси вакиллари билан учрашувларда билдирган қимматли кўрсатмаларидан сўнг олий таълим тизимини тубдан қайта қуриш борасида кенг кўламли ишлар бошлаб юборилди. Ёшларни маънавий-ахлоқий ва жисмонан баркамол этиб тарбиялаш, уларга таълим-тарбия бериш тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш бўйича тарихий ишларга киришилди. Ўқитувчиларнинг жамиятдаги нуфузи ва қадрини ошириш чоралари кўрилмоқда.

Тўғриси, олий таълим тизимида бошланган ислоҳотларни тезлик билан амалга ошириш ва маълум ижобий натижаларга тезроқ эришиш унчалик ҳам осон иш эмас. Негаки, соҳада пайдо бўлган ва нафақат мамлакатимиз олий таълим тизими, умуман таълим тизими тараққиётига тўсиқ бўлаётган қатор муаммолар узоқ йиллар давомида чуқур илдиз отиб кетган. Бу муаммоларнинг шаклланиб, ривожланиб, такомиллашиб, «тубан» ҳолатига келгунича ярим асрдан кўпроқ вақт ўтган.

Президентимиз таъкидлаганидай, таълим-тарбиянинг боши ва асоси оиладан бошланади, боғча ва мактабда давом этади. Мактабгача таълим вазирлигининг ташкил этилиши, Президент мактаблари қурилиши ва шакллантирилиши, фанлар бўйича мамлакатимиз ва дунё миқёсида ўтказиладиган олимпиадаларга ҳамда жамиятимизни китобхонликка жалб этишга доир қарорларнинг қабул қилиниши фикримизнинг ёрқин далилидир.

Аммо амалга оширилаётган бундай муҳим ишларнинг натижа беришини хотиржам кутиб ўтириб бўлмайди. Дунёда юз бераётган ижтимоий, иқтисодий ва техник тараққиёт ҳамда ота-боболаримизнинг асрий орзуси бўлган мустақилликка эришган юртимизда янгича фикрлаш, янгича ҳаракат ва ижод қилиш, яшаш сари юз тутаётган халқимиз турмуш тарзидаги бугунги кескин талаб ва эҳтиёжлар ҳам бу борада сусткашликка йўл қўйиб бўлмаслигини, имкон қадар тезкорликни тақозо этади.

Ўтган ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларига қабул квоталарининг аввалги йилларга нисбатан бир неча баробарга кўпайтирилиши, кириш имтиҳонлари бўйича тест саволлари ва синовларининг соддалаштирилиши, абитуриентларнинг тест топшириш жараёни шаффофлик, холислик, ташқи аралашувларсиз, адолатли тарзда ўтказилишининг қарор топтирилиши ҳам халқимизнинг таълим соҳаси ривожига бўлган ишончини янада оширди.

Икки йилдан буён иқтидорли фарзандларимизга ўқишга кириш борасида кўплаб енгилликлар, имкониятлар яратилди. Бу йилгидек абитуриентлар мамлакатимизнинг исталган жойидан исталган уч олий таълим муассасасига ҳужжат топшириш, исталган вилоятда кириш имтиҳонларига қатнашиши илгари тажрибада бўлмаган. Бу – мамлакатимиз олий таълим тизимида бошланган ислоҳотларнинг дебочаси ҳали. Собиқ шўролар даврида юртимизда учта университет, ўттизга яқин институт фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб республикамиздаги олий таълим муассасаларининг сони 90 дан ортди, яъни уч баробарга кўпайди, ривожланган чет мамлакатларнинг нуфузли университетлари ва институтлари филиаллари ҳам 20 дан ортди.

Таълим соҳасида бошланган ислоҳотларни муаллимнинг иштирокисиз амалга ошириб бўлмайди. Энг қуйи илм ўчоқлари – боғча, мактаб, лицей, коллежлардан тортиб, олий таълим муассасаларигача билимли, тажрибали, юксак маданиятли, ўз соҳасининг фидойиси бўлган жонкуяр, меҳрибон, ғамхўр ва керак бўлса, ўз ўрнида қаттиққўл бўла оладиган, замонавий педагогик ва ахборот технологиялари билан жиддий қуролланган муаллимлар зарур.

Аммо... аммо... муаммо... муаммолар... камаймаяпти. Хўш, муаммолар нималардан иборат?

Биринчидан, таълим тизимини бошқаришдаги муаммолар — боғча, мактаб, лицей, коллеж, туман ва вилоят халқ таълими бўлимларига раҳбарлар тайинлашда ҳали ҳам аввалги, эскича услубда кадрлар танланаётганлигида кўринади.

Президентимиз талаб қилаётганидек, халққа хизмат қилиш тамойили асосида кадрлар, раҳбарлар танланса эди, қўли эгри, порахўр, мансабпараст, дунёқараши ва маданияти ундан-да паст, сўконғич, уронғич, ўзидан бошқани менсимайдиган кимсалар бу муассасалар раҳбарлари ўриндиғига тасодифан келиб қолмас эди.

Иккинчидан, боғча, мактаб, лицей, коллежларга тарбияланувчи-таълим олувчиларни қабул қилишдаги қинғирликлар — бунда шу муассасаларнинг нафси ҳаккалак отган раҳбарлари билан бир қаторда, фарзандларини таълим муассасасига олиб келаётган ота-оналарнинг ҳам айби кам эмас. Уларнинг ҳам кўпчилиги янги давр руҳини, талабини ҳали ҳам тўлалигича англаб, тушуниб етганича йўқ. Агар улар бу соҳадаги коррупцияга барҳам беришда фаол бўлганларида эди, бу борадаги ишлар анчагина самарали бўларди.

Учинчидан, таълим муассасаларига тарбиячи-педагогларни ишга олишдаги муаммолар — таълимда сон, миқдор, албатта, том маънодаги сифатга айланиши шарт, йўқса барча қилинаётган тоат-ибодатлар, саъй-ҳаракатлар бесамар кетади. Таълим, ундаги сифат ва самарадорлик ҳар томонлама ва тўлиқ равишда тарбиячига, муаллимга, унинг педагогик салоҳияти ва маҳорати, тажрибасига боғлиқ. Олиб бориладиган ҳар бир машғулотнинг, дарснинг техник воситалари, турли педагогик усуллар тарбиячи, муаллимнинг жонли ва таъсирли мулоқоти, маҳорати ва тажрибаси олдида иккинчи даражали воситалар ҳисобланади.

Тарбиячилар, муаллимлар турлича билим, дунёқараш, фазилатлар ва ҳар хил феъл-атворга эга турфа хил инсонлардир. Улар олий таълим муассасаларида гуруҳ-гуруҳ, курс-курс ҳолида таълим-тарбия олаётган бўлсалар-да, ҳеч қачон конвейердан чиқадиган бир хил андозадаги товарлардек, катта-кичик пайкалларга экиладиган қишлоқ хўжалик маҳсулотлари каби тайёрланмайди ёки етиштирилмайди. Шунинг учун тарбиячи, муаллимларни ишга танлашда, ишга қабул қилишда уларнинг индивидуал жиҳатларига алоҳида эътибор талаб этилади.

Тўртинчидан, ойлик маошлари ошириб борилаётган, турли қоғозбозликлар, мажлисбозликлар, ҳашарлару таълимдан бошқа ҳар қандай ишларга жалб қилинишлардан бутунлай озод этилган тарбиячию муаллимлар олдида биргина вазифа – у ҳам бўлса сифатли машғулот, дарс ўтиш, кўзлари чарақлаб турган шогирдларга мукаммал билим бериш вазифаси турибди.

Хўш, улар бунга тайёрми? Ойда-йилда битта бадиий асар ўқимайдиган, ўз мутахассислиги бўйича бирор газета ёки журналга обуна бўлмайдиган, уларни мунтазам кузатиб бормайдиган, бинобарин, ўз соҳасига доир сўнгги маълумотлар, янгиликлардан бехабар, фақат дарслик билан чегараланиб қолаётган «устоз» ўз шогирдларидан ортда қолиб кетмаяптими? Кўча-куйда, қайсидир йиғинда оддий фуқаролар мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-сиёсий ўзгаришлар тўғрисида баҳслашиб қолишса ёки суҳбатлашганда ўқитувчининг фикрига алоҳида эътибор беришади ва ўқитувчининг фикрини тўғри, деб ҳисоблашади. Агар шу вақтда кўтарилган масалага тўғри, холисона фикр билдира олмаса, унда ўқитувчига нисбатан салбий фикр уйғонади.

Ўқитувчи ўз фаолияти учун зарур билим ва маълумотларни қаердан олади, агар газета ўқимаса? Ваҳоланки, ҳар бир ўқитувчи ўз билим ва малакасини қўлланмалар, ишланмалар ҳамда тармоқ нашрларида бериб борилаётган маълумотларга кўра ошириб бориши керак. Агар у тармоқ нашрларига ихтиёрий обуна бўлмаса унда қандай қилиб ўз фани бўйича билим ва малакасини ошира олади? Янги маълумотларга эҳтиёжи доимо баланд бўлган ўқитувчи ўз фанига, ўқитувчилик касбига тегишли нашрга ҳам ихтиёрий обуна бўлмаслигини оқлаб бўладими? Ахир падагог юртдаги ўзгаришлардан ва ўз фанидаги янгиликлардан хабарсиз бўлса, ёш авлодга қандай намуна бўлади?

Яна шуни таъкидлаш лозимки, ҳар бир жамиятда ўз вазифасини сидқидилдан бажараётган шахс ишнинг сифатига қараб рағбатлантириб борилиши зарур. Бизда бунга доим ҳам жиддий эътибор берилмайди. Рағбатлантириш кўп ҳолларда ошкораликдан йироқ тарзда раҳбарларнинг хоҳиш-истакларига кўра амалга оширилади. Бунда айримлар уст-устига рағбатлантириб юборилса, айримлар бир умр ишлаб ҳам бирорта «Мақтов ёрлиғи»га лойиқ кўрилмай келганди. Бу ҳол ўз навбатида таълим-тарбия сифатига салбий таъсир этмай қолмайди.

Қолаверса, шогирдлар билимини объектив – ҳаққоний, адолатли, холисона, ҳеч қандай таъма ва шаъмаларсиз тўғри баҳолаш — бу тарбиячи ва муаллимлар олдида турган энг муҳим ва энг долзарб муаммолар сирасига киради. Чунки тарбияланувчи, таълим олувчининг ҳар бир ҳаракати, интилиши, берган жавоби очиқ, тўғри ва холисона баҳоланмас экан, унда устоздан норозилик кайфияти пайдо бўлади. Бундай кайфият эса уни илм олишга рағбатлантирмайди, аксинча интилишдан, фаолликдан қайтаради. Алал-оқибат уларда олға интилиш, ташаббускорлик, кўп нарсани билиб олишга бўлган иштиёқ пасая боради ва жамиятда лоқайд, атрофдагиларга эътиборсиз, ўзидан бошқани ўйламайдиган, худбин инсонларнинг пайдо бўлишига замин яратади. Биз бугунги кунда ана шу муаммонинг – талабалар билими устозлар томонидан узоқ вақт ҳаққоний баҳоланмаганлиги нақадар оғир оқибатларга олиб келгани ва уни тузатиш жуда катта қийинчилик билан бораётганига гувоҳ бўлиб турибмиз.

Жамият тараққиётига муносиб хизмат қила олмайдиган муаллим, беморни даволай олмайдиган шифокор, қонун устуворлигини таъминламайдиган суд-ҳуқуқ пешвоси, қурган биноси талабга жавоб бермайдиган муҳандис, нўноқ иқтисодчи ва турли-турли соҳаларда муқим ўтириб олган яроқсиз мутахассислар, айрим қўрс, қўпол, нўноқ раҳбарлар осмондан тушиб келгани йўқ. Уларнинг билимига, иқтидорига боғчада, мактабда, коллежда, институтда, университетда ўзимиз ошириб, таъмагирлик билан нохолис, нотўғри баҳо қўйиб келганмиз ва энди бу қилмишларимизнинг аччиқ мевасини, жабрини тортмоқдамиз.

Биз, мамлакатимиз ҳаётида бошланган ислоҳотларнинг натижадорлигини таъминлаш ҳаммамизнинг бугунги саъй-ҳаракатимизга боғлиқлигини унутмайлик. Барчамиз бир ёқадан бош чиқариб, бугунги ижтимоий, иқтисодий ва техник тараққиёт туфайли ҳаёт эҳтиёжига айланаётган янгича фикрлаш, янгича ҳаракат ва ижод қилиш, барча соҳаларда, айниқса, таълим соҳасида ислоҳотларни кенг амалга оширишда бир дақиқа ҳам сусткашликка йўл қўймаслигимиз керак.

Куни кеча Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг мустақиллигимизнинг 28 йиллигига бағишланган нутқини катта диққат-эътибор билан тингладик. Нутқда билимсиз, илмсиз, ўз устимизда изчил ишламай туриб мақсадимизга эришиш мумкин эмаслиги қайта-қайта таъкидланди. Бу талаблар, айниқса, ўқитувчилар учун ўта муҳимдир. Ўз билим ва савиямизни оширмай ёш авлодга етарли билим беролмаймиз.

 

Мардон БОЛТАЕВ,

СамДУ доценти,

Дилмурод ДЎСТМУРОДОВ,

СамДУ матбуот хизмати котиби.

 

www.uzbekistonovozi.uz

← Рўйхатга қайтиш