Яшаш минимуми ҳақида қонун қабул қилиниши ЎзХДП фракцияси учун принципиал масала
Яшаш минимуми ҳақида қонун қабул қилиниши ЎзХДП фракцияси учун принципиал масала

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг 2020 йил тўққиз ойлик фаолияти бўйича онлайн матбуот анжумани ўтказилди.

Матбуот анжумани аввалида таъкидландики, мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя тизимини мустаҳкамлаш, камбағалликка қарши кураш бўйича стратегик вазифалар амалга оширилиши бошланди. Ижтимоий-иқтисодий фаолликни ошириш, касб-ҳунар ўрганиш, ўз ишини йўлга қўйиш учун эҳтиёжманд фуқароларга субсидиялар ажратилмоқда.

Коронавирус пандемияси даврида мамлакатимизда касалланганларни тўлиқ давлат таъминоти асосида даволаш, кам даромадли оилаларни янада қийин аҳволга тушиб қолишдан асраш бўйича улкан ишлар тизимли амалга оширилмоқда, “темир дафтар” асосида манзилли ёрдам кўрсатилмоқда. Бу борада Ўзбекистоннинг ўзига хос тажрибаси илғор давлатлар вакиллари, етук мутахассислар томонидан эътироф этилаётгани бежиз эмас.

Парламентдаги ЎзХДП фракцияси партия дастурий мақсадларига мувофиқ равишда мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларни эътироф этади ва уларнинг самарадорлигини оширишга интилади.

Матбуот анжиманида партиянинг парламентдаги фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов фракция фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берди.

Қайд этилдики, фракция жорий йилнинг 9 ойи давомидаги фаолиятини Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва фракциянинг иш режалари ва дастурларида белгиланган муҳим вазифалардан келиб чиққан ҳолда амалга оширди. Депутатлар барча йўналишдаги фаолиятида асосий эътиборни амалий ишларга қаратди.

Хусусан, фракция қонун ижодкорлиги жараёнида жамиятимиздаги эҳтиёжманд қатлами манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича таклифлар беришга алоҳида эътибор қаратаётгани алоҳида қайд этилди.

Қонунчилик палатасининг йиғилишларида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг 148 та қонун лойиҳалари бўйича фракция аъзолари томонидан 326 та таклиф ишлаб чиқилди ва масъул қўмиталарга тақдим этилди. Кўриб чиқилган қонун лойиҳалари бўйича фракциямиз томонидан билдирилган таклифларнинг 137 таси инобатга олинди.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кириб келган қонун лойиҳалари фракциянинг йиғилишларида янгича ёндашувлар билан муҳокама этилмоқда. Жумладан, партия Марказий Кенгаши, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгаш депутатлари, партия фаоллари, ёшлар ҳамда ОАВ вакилларини таклиф этган ҳолда атрофлича муҳокама этилди ва 45 та қонун лойиҳаси бўйича 100 дан ортиқ таклиф олинди.

Шунингдек, ҳисобот даврида фракция ўз фаолиятида парламент назоратини изчил олиб боришга катта эътибор қаратди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача таълим вазири ўринбосарининг “Мактабгача таълим соҳасида олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги, Халқ таълими вазири ўринбосарининг “Халқ таълими тизимининг моддий-техник таъминоти ва таълим сифатини такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган ишлар тўғрисида”ги, Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорининг “Ўзбекистонда фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти ҳолати, мавжуд муаммолар ва истиқболдаги режалар тўғрисида”ги ахборотлари эшитилди. Эшитувлар якуни бўйича таклиф ва тавсиялар берилди.

Халқ демократик партияси фракцияси электорат манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича парламент назоратини кучайтиришга, ҳукуматнинг тегишли тузилмаларига таклифлар бериш бўйича амалиётдан кенг фойдаланишга интилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосарига “Камбағаллик даражасини аниқлаш мезонларини, ижтимоий таъминотнинг минимал стандартлари ва меъёрий асосларини ишлаб чиқиш борасида амалга оширилаётган ишларнинг ҳолати тўғрисида" парламент сўрови жўнатилди. Шу бўйича берилган ахборот парламент ялпи мажлисида танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди.

Республикамизда карантин шароитида мактабларни очишга тайёргарлик кўриш жараёнларида фракциямиз аъзолари ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз фаол иштирок этишди. Фракция томонидан партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар билан бамаслаҳат ҳолда, пандемия шароитида мактаблардаги ўқиш жараёнида ўқитувчи ва ўқувчилар хавфсизлигини ошириш бўйича таклифлар тайёрланиб, фракция томонидан Бош вазир ўринбосарига киритилди.

Алоҳида таъкидландики, ҳозирга қадар фракция аъзоларининг ташаббуси сифатида 4 та қонун лойиҳасининг концепцияси ишлаб чиқилди. Мисол учун, “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси” тушунчаларини қонунчиликда мустаҳкамлаш бўйича қонун лойиҳаси ва концепцияси ишлаб чиқилиб, хулоса бериш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига юборилди. Сайловлар олдидан партиямизнинг яшаш минимуми ҳақида қонун қабул қилиш ташаббуси жамоатчилик томонидан фаол қўллаб-қувватланган эди. Энди бу ғояни рўёбга чиқариш фракция учун принципиал масалага айлангани қайд этилди.

Ҳисобот даврида фракция аъзоларининг сайлов округларида бўлиб, ўз ҳудудидаги аҳоли билан мунтазам алоқа ўрнатишига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада 9 ой мобайнида фуқароларнинг 2 479 та ёзма, виртуал ва оғзаки мурожаатлари қабул қилиниб, ҳозирга қадар уларнинг 1400 дан ортиғи ижобий ҳал этилишига эришилди. Қолган мурожаатлар ечим топиши бўйича назорат ўрнатилган.

Анжуманда шу ва яна бошқа кўплаб масалалар хусусида атрофлича маълумот берилди. Онлайн матбуот анжуманида журналистларнинг депутатлик ва парламент сўрови, “яшаш минимуми” ва “истеъмол саватчаси” бўйича қонун лойиҳаси концепцияси, карантин шаротида даромадидан айрилган эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича саволларига фракция аъзолари жавоб беришди.

 

Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш