Насиба Милтикбаева Кенесовна — доимо ўзгалар ташвиши билан юрадиган инсон. У Бухоро вилоятининг чекка ҳудуди — Ромитан туманининг Қизилравот аҳоли масканида яшайди. Ростгўйлик, дадиллик, жонкуярлик каби сифатлар чеҳрасида намоён. Асосийси, вазмин кўринган чеҳранинг ортида қаттиққўлллик, ҳақиқатни айта олиш жасорати ҳам уйғун.
Ўз ишини тиббиёт соҳасидан бошлаган Насиба Милтикбаева айни дамда Ўзбекистон ХДПдан сайланган вилоят Кенгаши депутати. Хотин-қизларнинг яқин ҳимоячиси сифатида сиёсат майдонига отилиб чиққан опахон овулдошларининг манфаатини ҳимоялаш, мушкулини осон қилиш билан боғлиқ мақсадлари йўлида доимо изланишда. Опани суҳбатга чорлаб, бир неча савол билан мурожаат қилдим.
— Насиба опа, ўзингиз ҳақингизда икки оғиз гапириб ўтинг...
— 1970 йил 22 мартда Ромитан тумани, Қизилравот аҳоли пунктида зиёли врачлар оиласида туғилганман, — дейди суҳбатдошим. — 1977-1987 йилларда ўрта мактабда ўқидим. Ота-онам Қизилравот, асосан, чўл ҳудуди бўлганлиги ҳамда аҳолининг кундалик ҳаёти қўйчилик ва қорамолчиликни ривожлантиришга асослангани боис, ширкат хўжалигида ветеринар врач бўлишган. Отам шифокорлик касбига бўлган меҳримни кўриб, сен албатта врач бўласан, инсонларни даволайсан, дея ёшлигимдан айтиб эркалагани учунми, шу касбга меҳрим бўлакча бўлиб улғайдим. Мактабни битириб, шаҳодатномани қўлимга олган кунимоқ мен ҳам улар каби шифокор бўлмоқчи эканимни ота-онамга айтдим.
Дастлаб Охунбобоев номидаги тиббиёт билим юртини, 1995 йилда Самарқанд давлат тиббиёт институтини тугатиб, акушер-гинеколог мутахассислигини олдим. Оқ халат кийиб, шифокор бўлдим. Меҳнат фаолиятимни Бухоро вилояти туғруқхонаси интерна врачи сифатида бошлаганимга ҳам 25 йил бўлди. 1997 йилдан эса Қизилравот умумий даволаш бўлими акушер-гинеколог врачи сифатида фаолиятимни давом эттирдим. 1998-2007 йилларда ушбу маскан даволаш бўлими бош ҳакими лавозимида меҳнат қилдим. 2007 йилдан ҳозирга қадар Қизилравот қишлоқ врачлик пункти мудираси сифатида фаолият олиб бормоқдаман.
25 йиллик меҳнат фаолиятимнинг ҳар бир довонида бепоён кенгликлар фарзандларининг ҳаёти мужассам. Чўл офтобида тобланган бағрикенг юртдошларимнинг ҳар бири юрагимга яқин. Айниқса, эндигина ишга келган пайтларим марказдан жуда узоқ манзилда жойлашган чўл ҳудудида шифокорлик нақадар керакли ва ҳаётбахш касб эканлигини англардим. Уйимиз кечаю кундуз ҳамма учун очиқ бўларди. Ҳатто кечалари ҳам одамлар ёрдам сўраб келарди. Ўша пайтларда ҳали оилаларда тиббий маданият шаклланиб улгурмаган, зирапча кирса ҳам, иситмаси чиқса ҳам, доктор излаб қоладиган дамлар эди. Қанчалаб инсонлар корига ярадим, қанчалаб оилаларнинг фарзандлик бахтига муяссар бўлгани гувоҳи бўлдим, қанчалаб одамларнинг дардини аритдим. Эҳ-ҳе, уларнинг ҳисоби йўқ.
— Тиббиёт соҳасида сизни “қўли енгил шифокор” дея ҳурмат қилишади...
— Шу ҳудудда тиббий маданиятни кўтариш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ишлари, халқнинг ижтимоий ҳимояга муҳтож катлами билан ишлаш, уларга ҳар томонлама ёрдам бериш депутатлик дастуримдаги режаларимдир. Қолаверса, бу режалар ҳаётий маслагим ҳам. Меҳнатларим муносиб рағбатлантирилиб, 2007 йилда “Соғлиқни сақлаш аълочиси” кўкрак нишони билан тақдирландим.
— Депутатлик фаолиятингиз ҳақида сўзлаб берсангиз.
— Депутатлик фаолиятим 2004 йилдан бошланган. “Шўрча” сайлов округидан 2004-2014 йилларда вилоят Кенгаши депутати сифатида фаолият олиб бориб, ҳудуд ривожига ўз улушимни қўшдим. 2019 йилги сайловда ҳам халқнинг ишончини қозониб, вилоят Кенгаши депутати бўлиш шарафига эришдим.
Мана, 16 йилдирки, халқ вакили сифатида улар орасидаман. Кўнглимга яқин бўлиб қолган одамларнинг дарду ташвиши, муаммолари ечими барчаси менинг гарданимда. Ҳар сафар сайловларда уларнинг менга нисбатан меҳр ришталари мустаҳкамланиб бораётганини дилдан ҳис этаман. Қувонарлиси, одамлар имкониятларимни, салоҳиятимни, меҳнатга лаёқатим ва сўзларим амалларга мувофиқлигига ишонишади. Овулимиз кичик, дўппидеккина, шу ерда туғилиб-ўсганим учун бу ернинг аҳолиси турмуш тарзи, яшаш шароити ва топиш-тутишини яхши биламан. Шу боисдан бўлса керак, уларнинг муаммолари ҳам менга таниш.
— Ромитан тумани марказидан 265 километр узоқликда, Қизилқум кенгликлари бағрида жойлашган Қизилравот аҳоли масканида депутатлик фаолиятини олиб бориш қанчалик машаққатли эканлигини тасаввур қиляпман. Олис чўл ҳудудида халқ вакили бўлишнинг масъулияти ҳам залворли бўлса керак...
— Дарҳақиқат, Қизилравот аҳоли масканида бугунги кунда 500 дан ортиқ юртдошимиз, асосан, чорвачилик ва деҳқончилик билан тирикчилик қилиб келади. Аҳолиси, асосан, қозоқлардан таркиб топган масканни янада обод қилиш, чўлни ватан тутганларнинг ҳаёт сифатини янада яхшилаш, улар турмушида дуч келаётган муаммо ва қийинчиликларни ўрганиш ва ҳал қилиш мен учун ҳамиша долзарб вазифа бўлиб келган. Айниқса, ижтимоий мададга муҳтож аҳоли қатламини қўллаб-қувватлаш, чўл шароитида нисбатан оғир ўтадиган куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш бу ерда жуда муҳим масала ҳисобланади. Бунинг устига, пандемия шароитида аҳолини коронавирусдан ҳимоя қилиш, саломатлик масканимизда аҳоли соғлиғини сақлаш борасидаги ишларни янада жонлаштириш талаб этилмоқда. Аҳолида шикоят кўп, мурожаатлар кети узилмайди. Ечимини кутаётган муаммолар талайгина.
Бу йилги куз-қиш мавсуми аввалгиларига қараганда оғирроқ келиши таъкидланяпти. Пандемия билан боғлиқ қийинчиликлар, нарх-наво ошиши, муҳим истеъмол маҳсулотларига талаб кўпайиши ва бошқа омиллар бунга қўшимча равишда таъсир кўрсатади. Аҳолини мураккаб вазиятга тушиб қолишдан ҳимоялаш чораларини кўриш билан бирга, куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш талаб этилади.
Бу муҳим вазифаларни амалга ошириш, ҳудудда юзага келаётган муаммоли масалаларни ҳал этишга кўмаклашиш жараёнларида биз, депутатлар ҳар томонлама фаол бўлишимиз керак. Шахсан ўзим доимо ишимга виждонан ёндашаман. Тан олиш керак, депутатнинг югур-югури, ташвишлари кўп. Уйма-уй юриш, сайловчиларни тинглаш, муаммоларига елка тутиш, давлат идоралари эшигини такрор-такрор тақиллатишга тўғри келади. Зеро, халқ манфаати учун бундай ташвишлардан чўчимаслик, ҳаракатдан тўхтамаслик керак. Чунки, елкамизда халқ ишончини кўтариб юрибмиз.
Суҳбатдош:
Шаҳло БАҚОЕВА, журналист