Бугун юртимизда илм-фанга эътибор юқори чўққига чиқди. Бу борада муҳим фармонлар, қарор ва давлат дастурлари қабул қилинмоқда. Зеро, мамлакатни қудратли, миллатни буюк қиладиган куч ҳам бу – илм-фан, таълим ва тарбиядир.
Президентимиз раислигида мамлакатимизда таълим-тарбия тизимини такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш масалалари муҳокамасига бағишлаб ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳам илм-фан ва таълим ва тарбия масаласига алоҳида эътибор қаратилди.
Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилгани ҳаммамизга яхши маълум. Мазкур ҳужжат regulation.gov.uz порталига қўйилиб, барча ҳудудларда, маҳаллий кенгашларда ва мактаб жамоаларида ота-оналар иштирокида кенг муҳокама қилинди.
Фармон лойиҳасини биз ҳам атрофлича ўрганиб чиқдик.Эътиборли жиҳати, мазкур ҳужжатнинг жамият тараққиёти учун ниҳоятда муҳим аҳамиятидан келиб чиққан ҳолда муҳокамалар партия фаоллари, депутатлар билан бир қаторда соҳа мутахассислари ва экспертларини кенг жалб қилган ҳолда амалга оширилди. Муҳокамаларда қатнашганлар томонидан ушбу фармон ва ундан ўрин олган бандларнинг аҳамияти юқори баҳоланиб, бир қатор фикрлар билдирилди.
Хусусан, мазкур ҳужжатда Халқ таълими вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда Давлат активларини бошқариш агентлигининг умумтаълим муассасасини сақлаш учун Давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар миқдорини камайтирмаган ҳолда Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятидаги навбатлилик коэффициенти паст бўлган умумтаълим муассасаларини тажриба-синов тариқасида хусусий сектор вакилларига 5 йилга ишончли бошқарувга бериш таклиф этилмоқда.
Бунда ишончли бошқарувчига умумтаълим муассасасида таълим олаётган ҳамда унга бириктирилган микроҳудуд ўқувчиларини ўқитиш, уларни рақобатбардошлигини таъминлаш, таълим сифатини ошириш ва умумтаълим муассасасининг биноларини таъмирлаш, моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича инвестиция мажбуриятлари юклатилади. Қолаверса, ишончли бошқарувчига нодавлат таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш учун умумтаълим муассасасининг бўш турган бинолари ва ер майдонлари ажратилиши кўзда тутилган.
Назаримда, бу таклиф амалга ошиши учун ишончли бошқарувчига янада кенгроқ имкониятлар бериш биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир. Сабаби, беш йил қисқа муддат ва уни камида 10 йил этиб белгилаш лозим. Бундан ташқари, фақат шу таълим муассасасини эмас, балки ҳудуддаги бошқа бўш биноларни ҳам ишончли бошқарувга бериш орқали хусусий секторнинг қизиқишини янада ошириш мумкин. Асосийси, ижобий натижага эришиш учун мазкур ишончли бошқарув тизимини республика ҳудудларидаги барча туманларда жорий этиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Фармон лойиҳасининг 6-банди учинчи хатбошисини қуйидаги иккинчи абзац билан тўлдириш таклиф этилмоқда: “Битирувчи курс талабалари таълим олиш давомида педагогик курсларга қўшимча равишда турдош йўналиш бўйича қайта тайёрлаш курсларида ҳам қатнашлари учун имконият яратилсин”.
Бу қўшимча битирувчиларга ўқишни тугаллаганидан сўнг турдош йўналиш бўйича ҳам мактабларда дарс бериш имконини беради. Натижада ҳозирги пайтда мактабларда маълум бир фан бўйича дарс соатлари вакант турган бир пайтда ишга келаётган битирувчи қайта тайёрлашдан ўтмагунича бундай дарс беришга қўйилмаслиги ҳолатларининг бартараф этилишга эришилади. Энг муҳими, олис ва чекка ҳудудлардаги мактаб ва мактабгача таълим муассасаларида мутахассис педагог кадрлар етишмовчилиги муаммосининг маълум даражада ечилишига қўшимча асос яратилади.
Йиғилишда давлатимиз раҳбари мамлакатимизда хусусий таълим муассасаларига кенг шароит яратилаётгани боис келгуси йилдан эксперимент тариқасида кам қувватда ишлаётган мактабларни танлов асосида салоҳиятли талабгорларга ишончли бошқарувга бериш кераклигини таъкидлади. Олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ва қамровни ошириш, ҳар бир ҳудудда камида биттадан нодавлат олий билим юрти ташкил қилиш муҳимлиги қайд этилди.
Албатта, бу ўта муҳим ташаббусдир. Эндиликда ишончли бошқарувчига нодавлат таълим ташкилоти фаолиятини ташкил этиш учун умумтаълим муассасасининг бўш турган бинолари ва ер майдонлари ажратилади. Бинобарин, бугун таълим хизматларини кўрсатиш бўйича хусусий секторнинг салмоғини кенгайтириш, ҳудудларда нодавлат таълим ташкилотларини ташкил этиш орқали рақобат муҳитини шакллантириш, таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқ.
Исломбек Умиров,
ЎзХДП Самарқанд вилояти Кенгаши
Ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш масалалари сектори мудири.