Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг парламент қуйи палатасидаги фракциясининг видеоселектор йиғилиши янгича форматда ўтказилди. Унда партия Сайловолди дастурида белгиланган долзарб ижтимоий масалалар бўйича Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликларининг партия электоратини қийнаб келаётган муаммолар юзасидан ахборотлари эшитилди, айни кунларда долзарб бўлиб турган вазифалар ҳақида мунозара юритилди.
Дастлаб аҳоли бандлигини таъминлаш ва хуқуқларини ҳимоя қилишда давлат мақсадли жамғармалари маблағларининг қай даражада самарали сарфланаётгани ҳақида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари депутатларга ахборот берди.
Йиғилишни тўлиқ бу ерда кўринг |
Фракция йиғилиши муҳокамаларида партиянинг маҳаллий Кенгашлардаги депутатлари, ҳудудий ташкилотлари фаоллари ҳам масофадан қатнашиб, мутасадди вазирликларга электорат манфаатлари ҳимояси нуқтаи-назаридан ўз савол ва фикр-мулоҳазаларини билдириш имкониятига бўлди.
Шу ўринда айтиш керакки, Халқ демократик партиясининг амалий Ҳаракат дастурига асосан жорий йил ўтган ойларида халқ депутатлари махаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан аҳолини иш билан таъминлашга оид 124 масала ўрганилиб, муҳокама этилган, бу борада ҳудудлар миқёсида аниқ вазифаларни белгилаш бўйича 84 та масала доимий комиссиялар, 76 та масала сессиялар муҳокамасига олиб чиқилган.
Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари бандлик ва меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш йўналишларида ҳақиқий аҳволни доимий ўрганмоқда. Ушбу ўрганишлар натижалари асосида йиғилишда Давлат бюджетидан бандликка кўмаклашиш мақсадида субсидия сифатида ажратилган маблағларнинг самарали сарфланиши, касб-ҳунарга ўқитиш ишлари жойларда суст ташкил этилаётгани, меҳнат ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича давлат назоратида хато-камчиликлар кузатилаётгани ҳақида танқидий фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарорларида белгилаб берилган вазифалар ижросини тўлиқ таъминлаш, бутун республика бўйлаб ишларни тизимли ташкил этиш, бандлик юзасидан барча имкониятлардан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.
Аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича вазирлик тизимидаги барча тузилмалар фаолиятидан аҳолининг хабардорлигини ошириш, шу орқали улар фаолияти устидан жамоатчилик ва парламент назоратини кучайтириш бўйича вазифалар белгиланди. Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирининг тегишли ахборотини эшитиш масаласини Халқ демократик партияси фракциясининг келгуси йил иш режасига киритиш ҳамда бошқа йўналишлар юзасидан таклифлар берилди.
Халқ демократик партияси депутатлари уй-жой ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллигини ошириш, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламини арзон ва сифатли уй-жой билан таъминлаш, тоза ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, айниқса, бу йилги совуқ қиш мавсумида ниҳоятда долзарб эканини таъкидлашди.
Фракция видеоселектор йиғилишида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммоларнинг ечимлари олиб борилаётган ишлар юзасидан ахборот тақдим этиш учун Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазири ўринбосарига сўз берилди.
Депутатлар жойлардаги ўрганишлар, аҳоли мурожаатлари асосида аниқланган муаммоли ҳолатлар бўйича ўз саволлари билан мурожаат этишди.
Маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари жорий йил давомида аҳолини тоза ичимлик суви билан таъминлаш, коммунал хизматлар сифатини ошириш масалаларини ўрганиб, 54 та доимий комиссия, 36 та сессияга олиб чиқиб, тегишли қарорлар қабул қилинишига эришган.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли фармон ва қарорлари асосида аҳолининг ичимлик суви билан таъминланганлик даражасини ошириш, сув ресурсларини бошқаришни такомиллаштириш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Охирги 2 йилда ичимлик суви ва канализация тизимини яхшилашга 2 триллион 400 миллиард сўм ажратилди. Бу аввалги 10 йилда ажратилган жами маблағдан 2 баравар кўп, демакдир. Шунга қарамасдан, мамлакатимизда марказлашган тармоқлар орқали тоза ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 68 фоизни ташкил этмоқда.
Ҳукуматнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган Ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш стратегияси кўра, 2030 йилда аҳолининг ичимлик суви таъминоти даражасини 91 фоизга, шаҳарлар ва туман марказларидаги оқова сув тизими таъминоти даражасини 16 фоиздан 31 фоизга етказилиши режалаштирилган.
Йиғилишда депутатлар 1993 йилда қабул қилинган “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунни бугунги кун талабларига мувофиқ равишда янгилаш зарурати юзага келгани ҳақида фикр билдирди.
Халқ демократик партияси депутатлари Бандлик ва меҳнат муносабатлари ҳамда Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирликлари мутасаддиларига бугунги кунда аҳолини, партия электоратини ўйлантириб келаётган масалалар бўйича савол беришди, таклифлари билан ўртоқлашишди.
Иккита вазирликнинг республикадаги барча тузилмалари фаолияти бўйича қатъий парламент ва депутатлик назоратини мунтазам амалга ошириш, бандлик ва ичимлик суви таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилган режалар белгиланди.