АВТОМОБИЛЛАР ОДАМЛАРГА ХАЛАҚИТ БЕРЯПТИ
АВТОМОБИЛЛАР ОДАМЛАРГА ХАЛАҚИТ БЕРЯПТИ

Муаммони қандай ҳал этиш мумкин?

Юртимизда автотранспорт воситалари сони тез суръатларда ортиб бораётгани қатор муаммоларни келтириб чиқармоқда. Биринчидан, йўлларда тирбандлик юзага келиб, ҳаракатланиш қийинлашаётган бўлса, бошқа томондан, автомашиналарни сақлаш жиддий масалага айланмоқда. Аҳоли пунктлари, маҳалла ва турар-жойларда, шу жумладан, бозор, ишхона ҳамда бошқа объектлар атрофида махсус автотураргоҳлар йўқлиги туфайли одамлар автоуловларини пиёдалар йўлакларида, кўп қаватли уйларнинг кириш ва чиқиш жойларида пала-партиш ва қоидага зид равишда қўйиб кетишга мажбур бўлмоқда.

Мамлакатимизда автомобиль заводи фаолият бошлаган дастлабки йилларда йилига 25 300 та енгил автомобил ишлаб чиқарилган бўлса, ҳозирги кунда “UZAUTO MOTORS”да йилига 250 минг донадан ортиқ автомобиль ишлаб чиқарилмоқда. Яқин келажакда бу кўрсаткич янада ортиб, Ўзбекистон автотранспорт саноати ривожланган Германия, Америка, Англия, Франция ва Япония каби давлатлар қаторига кириши кутилмоқда.

Автомашиналарни сақлаш тизимидаги муаммолар бутун дунёда жиддий ташвиш туғдирмоқда. Бу масалани ривожланган давлатлар мисолида кўриб чиқамиз.

Халқаро тажриба: автомобиль энг кўп бўлган мамлакат — Америкада “парковка” масаласи ўтган асрнинг 30-йилларидаёқ кўтарилган. Ўшанда автоуловларни сақлашга жой қолмагандан кейин ер ости автотўхташ мажмуалари жорий қилина бошланган. Айни пайтда АҚШда энг кўп тарқалган паркинглар – бир неча ярусли, кўп қаватли биноларга ўхшаш, деворсиз ва томсиз, махсус лифтга эга бўлган иншоотлардир. Бундай автотураргоҳга машина автоматик тарзда жойлаштирилади. Кўпгина йирик шаҳарларда одамлар автоуловини шунчаки йўл четида, аҳоли истиқомат қилуви ҳудудда ёки пиёдалар йўлкаларида қолдириб кетмайди. Чунки улар бунинг оқибатида катта миқдорда жаримага тортилиши ёки шахсий автоуловини тегишли мутасадди ташкилотлар эвакуатор билан олиб кетишини билишади.

Америкадаги автоматлаштирилган тураргоҳларнинг афзаллиги шунданки, улар турар жой ва хизмат биноларига яқин ҳудудда жойлашган, иншоотда ёритиш тизими, вентиляция, лифт, зинапоя, фавқулодда ҳолатларда чиқиш йўллари ва қўриқлаш хизматига эҳтиёж йўқ. Ишлаш принципи жуда оддий: пул тўлаб, квитанция олингандан сўнг автомашина платформага юборилади ва автоматик тарзда махсус ячейкага жойлаштирилади. Автоуловни жойлаштириш ва қайтариб олиш 2 дақиқа вақт олади. Кўп қаватли механик автотураргоҳлар 250 тагача автомашинани сиғдира олади. Масалан, Италияда шундай автоматлаштирилган автотураргоҳ борки, унинг диаметри 30 метрни ташкил қилади. Машина махсус манипулятор ёрдамида бўш ячейкага жойлаштирилади. Аммо бу лойиҳа катта маблағ талаб этади.

Нидерландияда аксарият аҳоли қулай велосипедларда ҳаракатланади. Қолаверса, давлат шунчаки ер ости автотураргоҳи эмас, балки ўзида автомашиналарни ювиш шохобчаси, автодўкон, спорт заллари, бассейн ва кинотеатрларни жамлаган ер ости авто сақлаш шаҳарчасини барпо этиш лойиҳасини тасдиқлади. Лойиҳани бажариш учун 10 миллиард евро ва 20 йил вақт талаб қилинади.

Лондонда эса марказий ҳудудга шахсий автотранспорт воситасида кириш жуда қимматга тушади, автомобиль сақлаш жойлари учун тўлов ҳам нисбатан баланд.

Европа, Америка ва Жанубий Кореяда автомобиль воситаларини сақлаш жойлари шаҳар четида, метро станциялари ёнида жойлаштирилган бўлиб, эрталаб ва кун давомида шахсий автомашиналарни шу каби жойда қолдириб, шаҳар ичида метрода ёки жамоат транспортида ҳаракатланишади.

Германияда шахсий автоуловни хонадон айвонида сақлаш тизимини йўлга қўйишган. Бу уйлар 6 қаватдан иборат бўлиб, ҳар бир қаватда 2 та хонадон жойлашган. Автомашинани тепага кўтариш учун махсус лифтлар ўрнатилган.

Бу каби илғор ва замонавий лойиҳалар яқин келажакда мамлакатимизнинг йирик шаҳарларида ҳам қурилишига ишонамиз.

Муаммонинг ечими: Афсуски, бугун йирик шаҳарларимизда автотўхташ жойлари етишмаслиги туфайли йўл ҳаракати қоидаларини бузмай туриб, машинани парковка қилиш қийин. Автотураргоҳлар қўриқланади ва уларда бўш ўринлар топиш доим муаммо. Бунинг оқибатида аҳоли яшаш жойлари, кўкаламзорлаштирилган ҳудудлар, болалар ўйингоҳлари ва пиёдалар йўлкаларида қоидага хилоф равишда, пала-партиш жойлаштирилган автомашиналарга кўп кўзимиз тушади. Бу аҳоли, жумладан, кексалар, ногиронлар, болалар ва ёш болали аёлларнинг юриши, сайр қилиши учун ноқулай шароитни юзага келтирмоқда.

Айниқса, кўп қаватли уйлар атрофида машиналар кўпайиб кетгани болалар ўйин майдончаларида ўғил-қизларнинг спорт билан шуғулланиши, ўйнашига салбий таъсир этиб, уларнинг хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Бу муаммоларни ҳал этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 128-моддасига қўшимча киритиш ҳақида ўйлаб кўриш керак, деб ўйлайман.

 

Боймурод ЮСУПОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бўлим бошлиғи.

← Рўйхатга қайтиш