Давлатимиз раҳбарининг парламентга йўллаган Мурожаатномасида партиямиз учун принципиал аҳамиятга эга бўлган бир қатор ижтимоий масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.
Мурожатномада аҳолига кўрсатилаётган тиббий хизмат сифатини янада яхшилаш, жамиятимизнинг энг катта бўғини бўлган ёшлар таълим-тарбиясига эътиборни кучайтириш, йигит-қизлариннг бандлигини таъминлаш, муносиб иш ўринлари яратиш, шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни қўллаб-қувватлаш бўйича муҳим йўналишлар белгилаб берилди.
Ушбу масалалар бевосита партиямиз Сайловолди дастурига ҳамоҳангдир. Шундан келиб чиқиб, Мурожаатномада белгиланган вазифаларни ҳаётга кенг татбиқ этиш, бу йўналишдаги эзгу ташаббусни амалга ошириш учун астойдил интилишимиз зарур.
Мурожаатдаги яна бир аҳамиятли ва устувор вазифалардан бири, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли фарзандларини янада қўллаб-қувватлашдир. Мамлакатимиз тарихида илк бор чин етим болаларга этибор кучайтирилиши, уларни уй-жой билан таъминлаш учун 50 миллиард сўм маблағ ажратилиши, шунингдек, ногиронлиги бор муҳтож аҳолини протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация воситалари билан таъминлаш, ногиронликни белгилаш бўйича ижтимоий моделга ўтиш билан боғлиқ масалаларни қамраб олиниши мутахассис сифатида мени чексиз қувонтирди. Албатта, бу режалар, бу эзгу ишлар замирида тоза ният бор. У ҳам бўлса, болаларнинг кўнглини ўкситмаслик, уларга имконият ва шароит яратиб бериш, эҳтиёжманд аҳолига яқиндан ёрам беришдир.
Президентимиз Мурожаатларидан келиб чиқиб, партиямиз депутатлари самарали парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш зарур, деб ҳисоблаган ҳолда амалий ҳаракатга янада астойдил киришмоқда.
Мурожаатномадан келиб чиқиб, Янгиер шаҳрида тажриба сифатида аҳоли билан ишлашнинг маҳаллабай тизими жорий этилиб, унга кўра шаҳар Кенгаши депутатлари, сиёсий партия етакчилари ва мутасадди ташкилототлар рахбарлари ишчи гурухларга бириктирилди.
Депутатлар бошчилигида ишчи гуруҳ аъзолари ҳар бир маҳаллага бориб, у ерда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга субсидиялар, микрокредитлар ажратишни ҳамда камбағалликни тугатиш бўйича олиб борилаётган ишларни ўрганиб чиқишади. Бундан ташқари, “Темир дафтар” “Ёшлар дафтари”. “Аёллар дафтари” билан ишлаш, аёллар ва ёшларни касб-ҳунарга ўргатиш, ҳунармандчиликка жалб этиш, ишга жойлаштириш ишлари ҳам тизимли қамраб олинади.
Написа Шарипова,
Янгиер шаҳар Ногирон аёллар “Мурувват” интернат уйи директори,
Янгиер шаҳар Кенгашидаги ХДП депутатлик гуруҳи раҳбари.