Кечаги андоза билан эртанги йўл қурилмайди

 

Кечаги андоза билан эртанги йўл орасида бугунги нафас, иш ва интилиш бўлмоғи, шунга яраша ёндашув, шунга кўра мақсад ва қатъият бўлиши лозим.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолият бошлаганининг илк даврларидаёқ ёшлар масаласи ўз сиёсатининг муҳим йўналиши бўлишини қатор ташаббус ва ислоҳотлари орқали амалда исботлаб келмоқда. 2016 йил 14 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги Қонуни қабул қилингани бунинг яққол далилидир.

Маълумки, 2017 йил 19 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Жаҳон ҳамжамияти томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган ушбу чиқишида Давлат раҳбари бугунги кунда дунё ёшлари – сон жиҳатидан бутун инсоният тарихидаги энг йирик авлод эканини, боиси сайёрамиз аҳолисининг 2 миллиарди ёшлар эканлигига эътибор қаратиб, терроризм ва бошқа иллатларга қарши туриш, инсоният ҳаёти, ёшларнинг эртанги кунини янада нурли, фаровон қилишда уларга бўлган эътибор ҳал қилувчи ахамиятга эга эканлигига урғу берган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, мухтарам Президентимиз томонидан бугунги кунда башарият олдидаги асосий вазифа – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратиш, зўравонлик ғояси "вируси" тарқалишининг олдини олиш эканига эътибор қаратилди. Ушбу тарихий чиқишда, илк бор мустақил Ўзбекистон раҳбари сифатида ёш авлодни ижтимоий қўллаб-қувватлаш, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кўп томонлама ҳамкорликни ривожлантириш лозимлиги қайд этилиб, БМТнинг Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро конвенциясини ишлаб чиқиш таклифи ўртага ташланди ва ўтган давр мобайнида бу таклиф амалга ошди.

 

Муаммо билан юзма-юз

2020 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини тубдан ислоҳ қилиш ва янги босқичга олиб чиқиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони қабул қилинди. Ушбу Фармон юртимиз ёшлари ҳаётини тубдан ўзгартиришга хизмат қилувчи тарихий хужжат, деган тугал фикр учун асослар етарли.

Умуман олганда, ёшларга бўлган эътибор тизимли равишда тадрижий ривожланиб келмоқда.

Давлат раҳбари раислигида 2021 йил 27 январь куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва уларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилиши бу йўналишдаги изчилликнинг муҳим бўғини, адабиёт тили билан айтганда кулминацияси бўлди.

Ҳар қандай сиёсий ёндашувдан ҳоли, реал вазият, аччиқ бўлсада аниқ рақамлар, айни пайтдаги ҳолат ва муаммолар, уларнинг ечимлари хусусида очиқ ойдин муҳокама бўлиб ўтди. Бошқача айтганда, Янги Ўзбекистондаги ёшларга оид янги сиёсат самарадорлиги танқидий таҳлил қилинди, аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Бир нарсани очиқ тан олишимиз керак. Биз кўп йиллар мобайнида бу йўналишда ҳақиқий картинани “тан олмай келдик”.

Юртимиз фарзандлари, жигарбандларимиз хорижда иш излаб, сарсон юрган пайтда биз “Ўзбекистонинг бахтли ёшлари”, деган вақтинчалик фон ёнида гавдаланишни маъқул топдик. Оқибатда, ўзимизда ишчи ўрни яратиб, ёшларни иш билан таъминлаш, хориждагиларни қайтариш, истеъдодларга реал имконият бериш масаласи парда ортида қолаверди. Натижа эса, аччиқ: бугун ёшларга иш керак. Зотан бахтнинг боши ҳам фаровонлик асоси ҳам меҳнатда. Бу ҳаёт ҳақиқати.

Ўтказилган видеоселектор йиғилиш ана шу аччиқ ҳақиқатни иш столининг остидан стол устига олиб чиққани билан аҳамиятлидир.

 

Зеро унда тилга олинган рақамлар вазият жиддийлигини, бетакрор маърузалар ўзини оқламагани, реал иш, аниқ натижа вақти келганини исботлаб турибди. Бинобарин, бугунги кунда Тошкент шаҳрида 26 минг ёш ишсиз бўлган ҳолатда, 77 мингта вакант борлиги, шундан 45 мингтасига олий маълумот талаб этилмаслиги, масалага тизимли ёндашув кечиктириб бўлмас вазифа эканини яққол кўрастиб турибди.

Давлатимиз раҳбари ёшларни касбга ўқитиш орқали малака тоифасини бериб, уларни шундай вакант ўринларга жойлаштириш таклифи билан, масала ечимини ҳам кўрсатиб берди.

Тегишли вазирлик ва идоралар олдига аниқ вазифалар ҳам қўйилди. Хусусан, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига “Ишга марҳамат” мономарказларида, шунингдек, қатор олий таълим муассасалари ва йирик санот тармоқларида малакани баҳолаш марказлари ташкил этиш вазифаси қўйилди. Эътиборлиси, фақатгина шу механизмни тўғри ишлатиш орқали йил давомида 30 минг йигит-қизга малака сертификати бериб, уларнинг бандлигини таъминлаш мумкин бўлиши кўрсатиб ўтилди.

 

Юртимиз бой ўтмиши, жаннатмакон замини, саҳий қуёши билан тилларда достон. Бу гапларни ҳар бирмиз кўп марталаб эшитганмиз. Лекин баъзи сохаларда, айниқса бандлик соҳасида юқорида санаб ўтилган имкониятларга етарли баҳо бера олмаяпмиз. Зотан, саҳий замин бағридан чўп суқиб ҳам ҳосил олиш мумкин бўлган жойда яшаб туриб, шу каби имкониятларни тўлақонли ишга сола билмаётганимиз каби холатлар хам ишсиз ёшлар сонида намоён бўлмоқда.

Давлат раҳбари бандликни таъминлашда энг катта захиралардан бири деҳқончилик қилиш учун ер ажратиш бўлишига қарамай, биргина ўтган йилнинг ўзида бу борада мурожаат қилган 14 минг нафар ёшдан атиги 3 мингига ер берилганини таъкидлади ва бу борада ҳам қатор самарали таклиф ва механизмларни ўртага ташлади.

Хусусан, эндиликда Бош вазир ўринбосари жойларда ҳар 10 гектар экин еридан 1 гектарини ёшларга деҳқончилик учун ажратиш тартибини жорий этади. Албатта, заҳира ерлари ҳам эътибордан четда қолмади. Эндиликда, қудуқлар қазилиб, бундай ерлар ҳам ёшларга фойдаланиш учун берилади. Асрлар оша деҳқончиликдан ризқини олиб келган бободеҳқонлар авлодлари бу имкониятдан самарали фойдаланиб, ўзи ва оиласи тақдирини ўзгартириши ўз қўлларида. Фақатгина, бироз ҳафсала, яхши ният ва меҳнатга ишонч кифоя.

Аҳамиятли томони, ёш авлод бандлигини таъминлашга восита бўладиган ҳеч бир жиҳат четда қолмади. Хусусан, томорқада лимончилик, паррандачилик, қуёнчилик, асаларичилик қилиш бўйича ҳам тегишли топшириқлар берилди. Бу фаолият турларининг ҳеч бири, сармоясиз кутилган самара бермаслиги табиий. Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу йўналишдаги ташаббусларни қўллаб-қувватлаш учун кредитлар ажратиш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади.

 

Танганинг иккинчи тарафи

Имкон интихосиз имтиёз эмас.

Уни аввало тўғри ҳис этиш, ундан тинимсиз меҳнат орқали фойдаланиш, самарали натижалар кутиш ва қатъий ишонч билан олдинга интилиш лозим.

Бу эса инсон руҳияти, унинг тафаккури махсули, маънавият ва маърифат, таълим ва тарбия масаласидир.

Мақола аввалида айтиб ўтганимиздек, вазият реал талқин қилинди ва ёшларни қўллаб қувватлаш масаласи кенг кўламда ўртага ташланди. Чунончи, ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, қобилиятини юзага чиқариши учун зарур шароитлар яратиш бўйича ҳам вазифа аниқ.

Унинг ўз вақтида ижро этилиши эса, мусиқа ва санъат мактаблари, маданият марказлари, музейлар қуриш ҳамда таъмирлаш орқали уларда ёшлар қамровини 30 фоизга етказишдек улкан мақсадга етказади.

Албатта, санаб ўтилган вазифалар ижроси маълум миқдорда маблағга эҳтиёж пайдо қилади.

Шу нуқтайи назардан, жорий йилда бюджетдан ажратиладиган 150 млрд. сўмлик маблағ ана шу жиҳатга молиявий ечимдир.

Шу ерда бир нозик жиҳатни алоҳида хатбошида айтиб кетмаслик, адолатсизлик бўлади.

Пандемия сабаб, мамлакат иқтисодий ҳолати шусиз ҳам кучли ислоҳот талаб этиб турганида, бундай катта маблағнинг айнан ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этишлари учун йўналтирилишини етарли равишда баҳолай билиш керак.

Худди шу тушунчадан ёшлар онгидаги масъулият ҳиссини қувватлаш мумкин, назаримизда.

Демак имконни туганмас имтиёз эмаслигини ҳис этиш учун ёшларнинг маънавий олами, дунёқараши ҳам шунга яраша бўлиши лозим. Қўйилган вазифалар ижроси ана шу нозик масалага ечим бўлади.

Инсон борки, муайян йўналишга табиий иқтидори бор. Фақат уни ўз вақтида пайқаш ва қўллаб-қувватлаш зарур. Бу эса, чекка ҳудудлардаги мактабларда намунавий тўгараклар ташкил этиш, ёшларни аждодларимизнинг бой маданий мероси билан яқиндан таништириш, улар ўртасида ички туризмни ривожлантириш билан боғлиқ вазифалар ижроси билан ўз ечимини топади.

Руҳ ва тан саломатлиги уйғунликда комил инсонни шакллантиради. Соғлик эса, бебаҳо бойлик эканини ортда қолган йил бутун инсониятга кўрсатиб берди. Кучли жисмоний тайёргарлик, етарли ва тўғри овқатланиш, меҳнат қилиш эса, инсонда турли ҳасталикларга табиий иммунитетни шакллантиради. Демак жорий йилда соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиб, спорт билан шуғулланувчи аҳоли сонини 25 фоизга, ёшлар қамровини 20 фоизга етказиш мақсад қилингани ҳам бежиз эмас. Шу мақсадда, болалар боғчаси ва мактабларни спорт анжомлари билан жиҳозлаш учун бюджетдан 100 миллиард сўм ажратилган. Ушбу маблағлар ҳисобидан мактабларда 20 мингта спорт тўгараги ташкил этилади, спорт федерациялари, халқаро мусобақалар ғолиблари мактабларга бириктирилиб, ёшларни қобилиятига қараб, профессионал спортга жалб қилиш чоралари кўрилади.

 

Яна нималар қилиш лозим?

Бир сўз билан айтганда, видеоселектор йиғилишини кузатиб, қатор хулосалар қилиш ва энг муҳими, фақатгина тегишли вазирлик, ташкилот ва идоралар эмас, балки ҳар бир юртдошимиз ўзига “мен хам жамиятга фойдаси тегадиган нимадир иш қилишим мумкинми?", деган саволни бериши лозим. Бинобарин ёшлар масаласи бу миллат масаласидир. Оилада эса, оила аъзоларининг эртанги куни масаласидир. Шундай экан, қўйилган мақсад ва марраларга етишда ҳар кимнинг ўз ҳиссаси бўлиши лозим.

Биринчидан, оилада бола билан мулоқот қилиш, унинг ички кечинмалари, қизиқиши, интилиши ва ҳаракатини тўғри баҳолай олиш лозим. Зотан тўкис бахт бу хар бир инсоннинг ўз севимли машғулоти ортидан кун кўриши жараёнида намоён бўлади.

Иккинчидан, оила, маҳалла, боғча ва мактаб бирлиги жуда мухим масалаки, бунда хар бир ёш уларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси билан ўз алоқаларини мунтазам сақлашига эришиш керак бўлади. Токи қоқилса суяйдиган, адашса тўғри йўлга соладиган, сўраганида жавоб берадиган таянчи бор. Ёшлар онгида давлат қудрати айнан шу институтлар тимсолида гавдаланади.

Учинчидан, устоз ва ота-она мулоқоти. Тан олиш лозимки, кўп ҳолларда жамиятда ўз ўрнини топишда ёшларнинг билим ёки касб-ҳунарга интилиши жуда муҳим. Ҳамманинг иқтидори эса ҳар хил. Шу боис, устоз ва ота-она мулоқоти ана шу кўникмани кашф этиш ва тарбиялашда ҳал қилувчи аҳамиятга эга.

Тўртинчидан, ва энг асосийси, берилган топшириқлар ижросига ўзбекона қилиб айтганда, “кўплашиб ёндошиш”. Яъни, худди соат механизми каби ҳар ким ўз вазифасини ўз вақтида сидқидилдан бажариши талаб этилади. Бошқа йўл ҳам йўқ аслида. Зеро, бизнинг бугунги кун ёшлари тарбиясига бўлган ёндашувимиз жондан азиз фарзандларимиз, набираларимизнинг эртанги кун ҳаётидир.

Эртанинг талаби ҳам аввалгиларга ўхшамайди. Янги технологиялар ҳукмрон бўладиган замонга кириб бўлдик.

Энди фарзандларимизни кечаги қолиплар билан IT мутахассиси қила олмаймиз. Уларга замонавий қарашдан ўзга йўлнинг ўзи мавжуд эмас.

Боз устига ҳозирги ёшларнинг аксарияти замонавий технологияларга жуда қизиқади.

Шундан келиб чиқиб, ҳар бир туманда камида биттадан мактабда IT-тўгараги очиш, яна 100 та Рақамли технологиялар ўқув маркази ташкил этиб, 20 минг йигит-қизни дастурлаш ва ахборот технологиялари соҳасида тадбиркорликка ўқитиш муҳимлиги қайд этилди.

Демак ёшларни қўллаб-қувватлаш фақат сўзда эмас, амалда бўлган даврнинг ҳам янги босқичига кирдик. Энди орқага йўл йўқ.

 

Зулайҳо Акрамова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати.

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш