Жамиятдаги муаммоларнинг олдини олишга қаратилган дастур

 

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Харакатлар стратегияси доирасида ҳар йили махсус Давлат дастурлари қабул қилиниб, ҳаётга жорий этиб келинмоқда.

Эътиборлиси, янги давлат дастурини тасдиқлаш бўйича фармон лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилиб, фуқаролар, шунингдек, чет элда истиқомат қилувчи фуқаролар, халқаро экспертлар, тегишли вазирлик ва идора мутахассислари, бизнес вакиллари, сиёсий партиялар ва бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакилларининг таклифлари, фикр-мулоҳазалари ўрганилди. Бу албатта Давлат дастурлари орқали турли соҳаларда пайдо бўлган муаммоларни бартараф этишга хизмат қилади.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури жамоатчилик муҳокамалари асосида анча такомиллашган дейиш мумкин.

Хусусан, биринчи - давлат бошқаруви йўналиши бўйича 20 та банддан иборат вазифалар белгиланган, 1 та банд таклиф асосида қўшилган. Иккинчи - суд-ҳуқуқ йўналиши бўйича 18 банддан иборат вазифалар белгиланиб, 1 та банд қўшилган. Учинчи - иқтисодиёт йўналиши бўйича 113 та банддан иборат вазифалар қайд этилган, лойиҳа ҳолатидаги 3 та банд чиқариб ташланган. Тўртинчи - ижтимоий соҳа йўналиши бўйича 93 банддан иборат вазифалар кўзда тутилган. Бешинчи - ташқи сиёсат ва ҳавфсизлик йўналиши бўйича 30 банддан иборат вазифалар белгиланиб, 1 та банд чиқариб ташланган.

Давлат дастурини амалга ошириш учун жами 29.5 трлн. сўм, 2.6 млрд. доллар ва 57.5 млн. евро йўналтирилиши назарда тутилган. Буларнинг барчаси бутун дунёда пандемия шароити ҳукм сурган бир пайтда амалга оширилиши алоҳида эътиборга молик.

Давлат дастурининг ҳар бир банди бўйича синчиклаб эътибор берсак, жамиятдаги у ёки бу муаммоларни олдини олишга, халқимиз манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилгани яққол кўринади.

Шулардан биттасини айтай. Ўқитувчи сифатида бир неча йиллар давомида аттестациядан ўтиш учун тест топшириқларини бажараётганимда ҳар доим мени бир савол қийнаб келарди, нега энди бошланғич синфларга дарс берадиган ўқитувчи малака тоифасини олиш учун топширган тестларида логорифмлар бўйича топшириқлар берилиши керак?

Ёки кейинги масала, ҳужжатларни шакллантиришдаги ортиқча оворагарчиликлар, қайсидир аттестациядан ўтадиган ўқитувчини “уддабуронлиги” билан боғлиқ ноҳақликлар фидоий устозларнинг ишчанлик қобилиятига салбий таъсир қилган. Бу каби муаммоларни олдини олиш мақсадида Давлат дастурининг 229-бандида ўқитувчи ва педагогларга тоифа бериш тизимини қайта кўриб чиқиш, шаффофлик ва автоматлаштирилган тизимни этиш бўйича вазифалар белгилангани, албатта, педагоглар томонидан жуда катта мамнуният билан қабул қилинди.

Олий тоифали ўқитувчилар ва кўп йиллар меҳнат қилган тажрибали ўқитувчилари учун имтиёзлар белгилаш бўйича таклифлар ҳам маъқуллангани қувонарли.

Инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, парламентнинг қонун ижодкорлигидаги ташаббуслари, қабул қилинган қонунлар устидан Парламент назорати ҳамда Президент қабул қилган ҳужжатларни ижрочиларга ва кенг жамоатчиликка етказиш бўйича Адлия вазирлигининг ваколатлари қайта кўриб чиқилиши қонунлар ижросига ижобий таъсир кўрсатади, деб ўйлайман.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, маҳаллий Кенгаш депутатлари Давлат дастурини ҳаётга жорий қилишда фаол иштирок этади. Дастурдаги вазифалар халқимиз манфаатларига қаратилган, унга бефарқ бўлишга ҳеч биримизнинг ҳаққимимз йўқ.

 

Шоҳиста Турғунова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси

Теглар

Депутат Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш