“Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!”
“Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!”

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар кенгаши ташаббуси асосида Бухоро шаҳридаги Фавворалар майдонида янгигача услубда ўтказилган тарғибот тадбири бухороликлар учун унутилмас шодиёнага айланди, десак муболаға бўлмайди.

 “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз” шиори остидаги мазкур тарғибот тадбири ҳар қандай расмиятчиликдан ҳоли тарзда очиқ майдонда ўтказилди. Тадбирга таклиф этилган санъаткор ва хонандаларнинг чиқишлари ҳаммага кўтаринки кайфият улашди.

— Мамлакатимиздаги ўзгариш ва янгиланишлар сиёсий партияларнинг  фаолиятида ҳам ўз аксини топмоқда, — дейди Халқ демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши  раиси Зулфия Тўйева. — Бугунги тадбиримиз бунинг ёрқин далилидир. Тараққиётнинг янги демократик босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда янги парламент ва янги маҳаллий кенгашларни сайлаш учун янгича руҳдаги сайлов кампанияси бошланди. Бу жараёнга янгича қарашлар, янгича ғоялар билан кириб келаяпмиз. Ўзбекистон Халқ демократик партияси бунга жавобан сайловолди тадбирларини янгича форматда, халқ орасида ўтказишга киришди.

Тадбирда  Бухоро шаҳар ҳокими Карим Камолов сўзга чиқиб,  одамларни ўйлантириб келаётган, партия Сайловолди дастурига киритилаётган долзарб ижтимоий масалалар хусусида фикр билдирди.

Бухоро шаҳридаги 32-сонли Меҳрибонлик уйи болалари,  27-сон ҳамда 123-сон махсус мактаб интернати тарбияланувчилари ногиронлиги бўлган болалари, эҳтиёжманд оилалар фарзандларига ҳам қувонч улашди. Уларнинг қўл меҳнати маҳсулотлари тадбир доирасида аукцион савдосига  қўйилди.  Шу куни уч нафар ногиронлиги бўлган кишига партия томонидан махсус аравача  топширилди.

– 22 ёшдаман, жисмоний имкониятим чекланган бўлса-да, иштиёқим чеклангани йўқ. — дейди Мақсад Хотамова, — Ёшлар марказида ногиронлиги бор тенгдошларимга тўқиш сирларини ўргатаяпман. Болажонлар учун тўқиган кийим-кечакларни сотиб олишди, бундан жуда хурсандман. Бугунги кўнгилочар тадбирни мириқиб томоша қилдим.

– Бухоро шаҳридаги 27-сон махсус мактаб-интернатининг 10-А-синфида ўқийман, — дейди кўргазмада ўз қўл меҳнати намуналарини намойиш этган Дилдора Жумаева. — Мактабимиздаги ноанъанавий каштачилик тўгараги аъзосиман. Аукционда менинг ҳам каштадўзлик намуналаримни сотувга қўйишди. Қўлимга пул тегди. Бугунги тадбир мен учун унутилмас лаҳзалар бахш этди.

– Тадбирга ўзим тиккан зардўзи  буюмларни олиб келдим, — дейди  32-сон  Меҳрибонлик уйи тарбиячиси Нигора Неъматова. — Уларни қизиқиш билан кўриб, сотиб олаётган харидорлар кўплигидан аввалига шошиб қолдим. Бундай бўлишини кутмагандим-да. Ҳар доимгидек кўргазма бўлса керак, деб ўйлагандим. Халқ демократик партиясидан миннатдорман. Шундай тадбирлар кўпроқ ташкил этилса яхши бўларди.

– Мен Бухоро шаҳридаги “Дўстлик” маҳалласиданман, – дейди суҳбатимизга аралашган опахон Манзура Комилова.— Меҳмонга кетаётгандим. Халқ демократик партиясининг тадбирига тасодифан келиб қолдим. Қизиқарли ўтаётганидан меҳмондорчилик ҳам эсдан чиқди. Лоторея уйинида менга ҳам соврин чиққани кутилмаган совға бўлди.

– Туркманистонданман, — дейди давра меҳмони Холжон Йўлдошева. — Бадиий китоб совға қилишди. Қизиқарлиги тадбир экан. Мириқиб томоша қилдим. Уйга борсам, албатта, яқинларимга бу ҳақда гапириб бераман.

Машҳур эстрада хонандалари чиқишлари йиғилганларнинг кайфиятини янада кўтарди. Болалар иштирокида ўтказилган турли ноанъанавий ўйинлар ғолибларига совғалар улашилди.

Якуний қисмда тадбир иштирокчиларига сайловлар, сиёсий партиялар ва мамлакатимиз парламенти фаолияти ҳақида саволлар берилди. Саволларга биринчи ва тўғри жавоб берган қатнашчилар ҳам совғаларга эга бўлди.

Тадбир барчада катта таассурот қолдирди. Бундай тадбирлар барча туманларда ўтказилмоқда.

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши 

Ахборот хизмати.

Теглар

Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш