Кейинги кунларда ижтимоий тармоқларда ЛГБТ мавзуси билан боғлиқ провокацион ҳаракатлар кучаймоқда. Бундай ҳаракатлардан мақсад инсонларнинг ҳис-туйғуларини бошқариш орқали уларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатларга йўналтиришдир.
Ушбу нотабиий масала орқали юртдошларимиз, айниқса, ёшларни радикал кайфиятга ундовчи фикр-мулоҳазалар, турли чақириқлар кўпаймоқда.
Ҳар хил сунъий ва ноқонуний акциялар ўтказишга, эҳтимол шу тариқа жамоатчилик эътиборини тортишга, ўзини кўрсатишга уринишлар сезилмоқда.
Барча ҳамюртларимиз, хусусан, ёшларни провокацион ҳаракатларга учмасликка, радикал кайфият таъсирига тушиб қолмасликка чақирамиз.
Асосий эътиборимизни реал масалаларни ҳал этишга қаратишимиз зарур. Ёшлар илм эгаллаши, касб-ҳунар ўрганиши, меҳнат қилиб, оиласи фаровонлиги ва инсоний орзу-истакларга эришмоқ учун интилиши лозим.
Халқ демократик партияси ҳар қандай ноқонуний ҳаракатларга қарши ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан қонунларга мувофиқ чора кўрилиши шарт, деб ҳисоблайди.
Тўлқин Тўрахонов