2021 йил 30 мартда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг пленуми бўлиб ўтди. ЎзХДП Марказий Кенгаши мажлислар залида видеоконференция шаклида ўтказилган йиғилишда партия Марказий Кенгаши ҳамда Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари масъул ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пленумни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси раҳбари Улуғбек Иноятов олиб борди ва кун тартибидаги асосий масала – “Мамлакатимизда эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасида партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган устувор вазифалари тўғрисида” маъруза қилди.
Маърузада кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда барча ўзгариш ва янгиланишлар марказига инсон ва унинг манфаатлари қўйилгани, ислоҳотлар “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, деган эзгу мақсад асосида амалга оширилаётгани, Ҳаракатлар стратегияси асосида юртимизда тарихий ўзгаришлар юз бераётгани таъкидланди.
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган вазифалар ҳақида |
Эришаётган натижаларимиз мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрў-эътиборига ҳам ижобий таъсир кўрсатмоқда. Жумладан, Ўзбекистон “Очиқ маълумотларни кузатиш” халқаро индексида 125 поғонага, 44-ўринни эгаллаган бўлса, “Иқтисодий эркинлик” рейтингида 26 поғона кўтарилган.
Бутун республика бўйлаб янгича тизим асосида юритилаётган “Темир дафтар”, “Ёшлар дафтари” ва “Аёллар дафтари” биринчи навбатда муҳтож, кам даромадли, ишсиз фуқароларга ёрдам беришга хизмат қиляпти. Халқимизни ҳаётдан рози қилишдек улуғвор мақсадга эришиш йўлидаги ислоҳотлар “маҳаллабай”, “фуқаробай” тизими асосида кучайтирилиши камбағалликни қисқартириш, юртимизда ижтимоий-иқтисодий фаолликни оширишда, партиямиз электорати манфаатларини ҳимоя қилишда стратегик аҳамиятга эга бўлмоқда.
Бу йил “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари янги ёндашувлар асосида шакллантирилди. Мазкур йўналишда маҳаллий кенгашлар зиммасига янги вазифалар юкланмоқда.
Эндиликда маҳаллий Кенгашлар ҳар бир маҳалла кесимида ижтимоий соҳа, ичимлик суви, йўл-транспорт ва инфратузилма объектлари “манзилли дастури”ни тасдиқлайди. Шундан келиб чиқиб, маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳларимиз мазкур йўналишдаги ишларда фаоллик кўрсатиши зарур. Бу жараёнда барча даражадаги партия ташкилотлари, депутатлар, фаолларимиз белни маҳкам боғлаб, ислоҳотлар кузатувчиси эмас, балки фаол иштирокчиси бўлишга қатъий ҳаракат қилиши лозим, деди партия етакчиси.
Партия ташкилотлари, депутатлик бирлашмалари олдидаги асосий йўналишларни, электорат манфаатларини самарали ҳимоя қилиш борасидаги фаолиятини кучайтириш бўйича ЎзХДПнинг “Йўл харитаси” белгилаб олинган.
У.Иноятов партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари бундан кейинги фаолиятда эътибор қаратиши зарур бўлган вазифаларга тўхталиб ўтди.
Биринчидан, 2021 йилда амалга оширишга оид Давлат дастурида Халқ демократик партияси учун принципиал аҳамиятга эга бўлган ижтимоий-иқтисодий масалалар, уларнинг ечими бўйича белгиланган вазифаларнинг ижроси қандай амалга ошириляпти, қай тартибда иш олиб бориляпти, бунинг учун албатта, ижтимоий йўналишдаги вазифаларнинг бандма-банд ижроси бўйича қатъий депутатлик назоратини амалга ошириш керак.
Иккинчидан, ижтимоий ва иқтисодий соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш бўйича “маҳаллабай” ва “фуқаробай” шаклида олиб борилаётган ишларни ташкил қилишда партия ташкилотлари ва депутатларнинг иштирокини самарали таъминлаш зарур.
Учинчидан, қонунчилик ижроси устидан таъсирчан жамоатчилик ва парламент назоратини ўрнатиш бўйича фаолиятимизни янада жонлантиришимиз керак. Қонун ижодкорлиги, ижтимоий масалаларни таҳлилий ўрганиш, электорат мурожаатларига ечим топиш жараёнларида қуйидан юқоригача бўлган тизим ўртасида узилиш бўлмаслиги жуда муҳим. Шу мақсадда барча даражадаги депутатлар корпусининг “туман – вилоят – марказ” тизими асосида фаолияти йўлга қўйилди.
Тўртинчидан, халқимизнинг ишонч даражасини ошириш мақсадида партиямиз фаолияти очиқлигини таъминлаш, сайловчилар билан “қайта алоқа” механизмларини кучайтириш масаласи бугун ҳар қачонгидан долзарб ҳисобланади.
Бешинчидан, партиямизнинг ахборот маконидаги фаол ўрнини таъминлаш асосий вазифалардан биридир. Бу борада яқинда партиянинг медиа дастури ва пиар стратегияси тасдиқланди. Бундан ташқари, партия маҳаллий кенгашлари ва парламент палаталари алоқаларини янада кучайтириш, партия кадрларининг сиёсий билим ва кўникмаларини ошириш, фаолиятнинг ташкилий ва ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш бўйича таклифлар тайёрлаш зарур.
Олтинчидан, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларида электорат манфаатлари билан боғлиқ масалалар бўйича маҳаллий ижро органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитишда фракция аъзоларининг ҳамкорлигини кучайтириш керак. Бу маҳаллий раҳбарларнинг маҳаллий Кенгашлар депутатлари олдида масъулиятини оширишда алоҳида аҳамиятга эга бўлади.
ЎзХДП Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев партия Сайловолди дастури ижроси ҳақида маълумот берди |
2021 йил мамлакатимиз ҳаётидаги муҳим сиёсий воқеа – Ўзбекистон президенти сайлови ўтказилиши билан аҳамиятлидир. Мазкур сиёсий жараён тегишли қонунчиликка киритилган ўзгартишлар туфайли илк марта октябрь ойининг учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади. Сайловга пухта тайёргарлик кўриш, халқимизнинг, электоратимизнинг ишончини қозониш ҳар биримиздан катта масъулият, жиддий ёндашувни талаб этади.
Халқ демократик партияси сайловга тайёргарлик жараёнларини бошлаган. Айни кунларда партиядан кўрсатиладиган номзоднинг сайловолди дастурига таклифлар олиш бўйича республика бўйича мулоқот тадбирлари ўтказилмоқда.
Пленум кун тартибидаги масала юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, партия фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова, ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси, Жуқорғи Кенгесдаги партия фракцияси раҳбари Халила Ешимбетов, ЎзХДП Фахрийлар кенгаши раиси Шарбат Абдуллаева, ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари Зулфия Тўйева сўзга чиқиб, партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш, аҳоли муаммоларини ўрганиш ва ижобий ечим топишда “маҳаллабай” ишлаш тизимининг самарадорлигини ошириш, ёшлар ва хотин-қизларнинг муаммоларни ҳал қилишда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг иштирокини кенгайтириш борасида фикр ва таклифларини билдирди.
Пленумда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда партия Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг ўтган йилдаги фаолияти натижалари танқидий таҳлил қилинди.
Шунингдек, партиянинг 2020 йил бюджети ижроси, 2021 йил бюджетининг асосий кўрсаткичлари тўғрисидаги ахборотлар эшитилди.
Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосарларини сайлаш ҳамда партия Марказий Кенгаши аъзолари таркибини қисман янгилаш тўғрисидаги ташкилий масалалар кўриб чиқилди.
Пленумда муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.