Хорижда ишлаш истагидаги фуқароларга ҳуқуқий-амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат мигрантларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш долзарб масала. Кейинги йилларда мазкур соҳада тизимли ислоҳотлар амалга оширилиб, муҳим вазифалар белгилаб берилди.
2020 йил 20 октябрда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги қонун қабул қилиниб, унда фуқароларнинг Ўзбекистон Республикасидан ташқаридаги меҳнат фаолиятига доир ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари ҳимоя қилиниши мустаҳкамлаб қўйилди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикасининг ташқи меҳнат миграция тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги, «Хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграцияси тизимини жорий қилиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорлари қабул қилиниб, хорижда меҳнат фаолиятини амалга оширувчи шахсларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш жамғармаси ташкил этилди, меҳнат мигрантларининг соғлиғи ва ҳаётини суғурталаш, уларнинг оила аъзолари учун ипотека кредитларини ажратиш амалиёти жорий этилди.
Бироқ таҳлиллар ташқи миграция масалаларини тартибга солишда бир қатор муаммолар ҳам мавжудлигини кўрсатмоқда. Хусусан, чет элга ишлаш учун кетган 1 840,0 минг нафар мигрантнинг атиги 11 минг нафари, яъни 0,6 фоизи Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ёки хусусий бандлик агентликлари орқали юборилган, холос.
Аксарият ҳолларда фуқаролар чет элга ишлаш учун ноқонуний йўллар билан кетишга мажбур бўлмоқда. Оқибатда иш ҳақларини олиш, турар-жойсиз қолган фуқароларга бир марталик моддий ёрдам кўрсатиш, бахтсиз ҳодиса натижасида оғир жароҳат олган, касалликка чалинган шахсларга тегишли кўмак бериш масаларида ҳам айрим муаммолар мавжуд.
Юқоридагиларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси томонидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирига парламент сўрови юборилган эди. Сўровда вазирликдан ҳамюртларимизни хорижда уюшган ҳолда ишга жойлаштириш ва соҳадаги муаммоларни бартараф этиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда соҳага оид қонунчиликни янада такомиллаштириш масалалари юзасидан нуқтаи назарини билдириш сўралганди.
Парламент сўровига Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигидан жавоб келди. Унда вазирлик томонидан фуқароларнинг меҳнат ва ижтимоий ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлаш, ташқи меҳнат миграцияси жараёнларини тартибга солиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида ахборот берилган.
Жумладан, салоҳиятли иш берувчиларни қидириб топиш ва ҳамкорлик ўрнатиш борасида бир қатор хорижий давлатларнинг меҳнат бозори ўрганилган ва музокаралар олиб борилган. Ўрганишларда Россия Федерацияси ва Қозоғистон Республикасида қурилиш соҳасида ўзбекистонлик фуқароларига эҳтиёж юқорилиги маълум бўлган. Салоҳиятли иш берувчилар ва улардаги иш ўринлари тўғрисидаги маълумотлар вазирлик ва Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги расмий ахборот манбаларида ва "lаbог-migrаtiоп" дастурий мажмуасида ёритиб борилган. Хорижий иш берувчилар билан мамлакатимиз фуқароларини ташкилий танлов асосида вақтинчалик меҳнат фаолиятига жалб қилиш бўйича қатор давлатлардаги мутасадди ташкилотларга ҳамкорлик бўйича алоқа хатлари юборилган.
Россия Федерациясида ишлаш истагида бўлган фуқаролар учун ушбу мамлакатнинг бир қатор компаниялари иштирокида видеоконференц алоқа шаклида 24 та танлов ўтказилиб, унда иштирок этган 17,6 минг нафар ўзбекистонликлардан 6 мингтаси иш берувчилар талабига жавоб бергани учун танлаб олинган.
Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Корея Республикаси Янггу округи администрацияси ўртасида Ўзбекистон фуқароларини Корея Республикасига (“Е-8" виза тури) мавсумий ишларга жалб қилиш мақсадида меморандум, Германия Федератив Республикасининг "GfM GmbH & Со, KG" ва "HR ARENA GmЬН" компаниялари билан онлайн учрашувлар натижасида Ўзбекистон фуқароларини Германия ҳудудида “дуал тизими" асосида ишга жойлаштириш бўйича битим имзоланган. Канаданинг "Sobirovs Law Firm" фирмаси ва “Апоri Management соmрапу” юридик фирмалари вакиллари билан онлайн форматда ўтказилган музокаралар натижасида келишув имзоланиб, фуқароларимизни Канадага ишга юбориш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Жорий йилнинг 16 март куни Наманган шаҳридаги “Ишга марҳамат” мономарказида Москва шаҳри "Кўп тармоқли миграция маркази"нинг Ўзбекистондаги филиали очилган.
"COVID-19" пандемияси даврида хорижда бўлиб турган 69 минг нафар меҳнат мигрантига маслаҳат-ахборот хизмати, 1240 нафарига ҳуқуқий ёрдам кўрсатилган. 3120 нафар меҳнат мигрантига турли даражадаги ижтимоий ёрдамлар кўрсатилган. Оғир вазиятга тушган меҳнат мигрантларини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 1026 та ҳолатда амалий ёрдам берилган, 13,2 минг нафар меҳнат мигрантининг оиласига моддий ёрдамлар кўрсатилган.
"Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили" Давлат дастурининг 261-банди ижроси бўйича 2021 йил 20 март куни "Хорижий мамлакатлардаги Ўзбекистон меҳнат мигрантларига хизмат кўрсатиш уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини самарали ҳимоя қилиш тизимини тyбдан ривожлантириш бўйича идоралараро чора-тадбирлар режаси" тасдиқланган.
Парламент сўровида кўтарилган масалалар юзасидан Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги тегишли чора-тадбирлар амалга оширилишини маълум қилган.
Айни кунларда вазирлик ахбороти ЎзХДП фракцияси аъзолари томонидан ҳар томонлама ўрганилиб, таҳлил қилинмоқда.