Чекка ҳудудларда яшовчи аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишдаги энг катта муаммолардан бири соғлиқни сақлаш тизимидаги кадрлар етишмаслигидир. Мисол учун, бугунги кунда биргина Сурхондарё вилоятида 3600 дан ортиқ шифокорга эҳтиёж сезилмоқда.
Албатта, бунинг ўзига хос сабаблари бор. Биринчи навбатда бу марказлар билан олис ҳудудлардаги шароит ўртасидаги тафовут билан боғлиқ. Негаки ҳеч бир мутахассис ёки ёш кадр барча қулайлик ва шароитлар мавжуд бўлган жойни ташлаб, чекка ҳудудларда ишлашни хоҳламайди. Бунинг учун уларга рағбатлантириш, имтиёзлар тизими жорий этилиши зарур. Бу ғоя Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастурида илгари сурилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 12 ноябрдаги "Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига кўра, 2021 йилдан бошлаб олис ва чекка ҳудудларда оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникалари шифокорлари учун "Қишлоқ шифокори" дастури жорий этилди.
Жойларда депутатлар томонидан ўтказилган ўрганишларда ва аҳоли билан учрашувларда “Қишлоқ шифокори” дастурининг аҳамияти катта экани маълум бўлди. Бироқ, юқорида номи келтирилган фармондаги “охирги 3 йил ичида тамомлаган” жумласи олис ҳудудларга бориб ишлаш истагидаги тиббиёт ходимларига нисбатан чеклов ўрнатмоқда эди. Яъни, битирганига 3 йилдан ошган мутахассислар истаса ҳам бу дастурда қатнаша олмайди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси томонидан мазкур масала бўйича ҳукуматга мурожаат билан чиқди. Унда йил бўйича ўрнатилган чекловни олиб ташлаш таклиф қилинди.
Ҳукумат томонидан дастyрга жалб қилинадиган мутахассислар доирасини кенгайтириш бўйича билдирилган таклиф маъқуллангани, ҳозирда тегишли ҳужжат лойиҳаси ишлаб чиқилаётгани маълум қилинди.
Бу амалга ошса, “Қишлоқ шифокори” дастурида истаган мутахассис қатнашиши мумкин бўлади.
Маълумот учун, амалдаги тартибда тиббиёт олий таълим ташкилотини охирги 3 йил ичида тамомлаган ва бошқа ҳудудда яшовчи шифокорлар олис ва чекка ҳудудларда жойлашган оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларига ишга қабул қилинганда уларга камида 3 йил ишлаб бериш шарти билан 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул маблағлари, уй-жойи бўлмаганларга эса 3 йил давомида хизмат уй-жойлари берилиши ёки базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 баравари миқдорида ҳар ойлик ижара тўловлари давлат бюджетидан компенсация қилиниши кўзда тутилган.
Халқ демократик партияси
Ахборот хизмати.