Маррагача 12 қадам
Маррагача 12 қадам

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2030 йилгача мамлакатимизда ижтимоий демократик давлат асосларини шакллантиришни ўзининг асосий мақсади деб билади. Жумладан, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашларидаги депутатларимиз яқин 5 йил ичида ушбу мақсадга эришиш йўлида 12 қадамни амалга оширишни режалаштирган ва бу қадамлар, биринчи навбатда, халқимизнинг турмуш тарзини яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатларимизда ўз аксини топмоқда. Яъни, илк қадамимиз моҳияти шундан иборатки, пенсиялар, нафақа ва бошқа ижтимоий тўловлар расмий белгиланган яшаш минимумидан кам бўлмаслигини таъминлаш, бу борада конституциявий меъёрларни амалга оширишдир.

Парламентдаги фракциямиз ҳар бир инсоннинг биринчи галдаги ҳаётий эҳтёжларини тўлақонли қаноатлантиришни таъминловчи истеъмол саватчаси қиймати асосида яшаш минимуми таърифини қонун билан мустаҳкамлашга эришиши шубҳасиз ва бу йўлда самарали ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги қадамимиз билан биз давлат ҳар бир инсоннинг ҳаётий зарур ижтимоий хизматлардан бепул фойдаланишини қонунчилик даражасида ва реал ҳаётда кафолатлашини истаймиз. Бу орқали фуқароларнинг таълим олиш, соғликни сақлаш ва тиббий ёрдамдан фойдаланиш, уй-жой, ижтимоий ҳимоя, маданий ҳаётда иштирок этиш ва малакали юридик хизматдан фойдаланиш ҳуқуқлари кафолатланади.

Навбатдаги қадам билан партиямиз эҳтиёжманд аҳоли қатламининг кундалик зарур товар ва хизматлардан фойдаланишни таъминлашга қаратилган. Ана шу мақсадда партия, илғор халқаро тажрибадан келиб чиқиб, кам таъминланган аҳоли қатлами учун кундалик зарур товар ва маҳсулотларни арзон нархларда сотиш бўйича ижтимоий дўконлар тармоғини ривожлантиришни ҳам режалаштирган. Шунингдек, парламентдаги фракциямиз БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини ратификация қилиш ташаббуси билан чиқишини ҳам муҳим қадам сифатида белгилаб олганки, бу мақсадга эришилса, миллий қонунчилигимиз БМТнинг Ногиронлар учун тенг имкониятларни таъминлаш бўйича меъёрий қоидаларига мувофиқлаштирилади.

Бешинчи қадам билан биз энергетика ва моддий ресурсларнинг катта йўқотишларини истеъмолчилар гарданига юклайдиган коммунал хизматлар етказиб берувчиларнинг монополиясига барҳам беришни кўзлаганмиз. Халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз яқин беш йил ичида шаҳарларда ҳам, қишлоқ жойларда ҳам аҳолини қиммат бўлмаган электр, энергия, иссиқлик таъминоти билан таъминлаш бўйича замонавий автоном тизимларни яратишга, бу борада ҳудудий инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга эришишни ўз олдиларига мақсад қилиб қўйганлар.

Олтинчи қадам билан партия аҳолининг ижтимоий заиф қатламига арзон турар жойлар қурилишини кенгайтириш учун қатъий ҳаракат қилади. Жумладан, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз яқин 5 йил ичида ижтимоий аҳволи оғир, яшаш шароитини яхшилашга муҳтож аёллар, фарзандларини тўлиқ бўлмаган оилада тарбиялаётган кам таъминланган оналар ва "Меҳрибонлик" уйлари битирувчиларини уй-жой билан таъминланишини назоратга олади.

Парламентдаги фракциямиз еттинчи қадамида мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонун билан тасдиқлашга эришиш ифодаланган.

Партиямиз парламент, депутатлик ҳамда жамоатчилик назорати ёрдамида эҳтиёжманд аҳолига дори-дармон воситалари, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни харид қилиш қулай бўлиши учун курашади ва бу саккизинчи қадамда акс этган.

Тўққизинчи қадамда биз барча таълим муассасаларида – мактаб, ўрта, олий таълим, шунингдек, касбий таълимда фуқароларнинг билим олиши ва малакасини ошириши учун тенг имкониятлар яратишга эришишни кўзлаганмиз. Бу борада 6 ёшгача бўлган болаларни мажбурий мактабгача таълим ва тарбия билан тўла қамраб олиш, мактаб ўқувчиларига жамоат транспортида бепул юриш ҳуқуқини тақдим этиш, барча мактаблар ва мактабгача таълим муассасаларида ўқувчилар ва тарбияланувчиларни соғлом озиқ-овқатлар билан кафолатли таъминлаш, олий таълим тизимини ривожлантириш, хусусан, таълим шартномалари нархини оптималлаштириш, эҳтиёжи бор талабаларни турар жойлар билан таъминлашни муҳим вазифалар, деб биламиз.

Партия ўқитувчилар ва шифокорларнинг ижтимоий мавқеини янада мустаҳкамлашга яна бир муҳим қадам билан катта эътибор қаратади. Ўн биринчи қадамда халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳларимиз маҳаллий бюджет маблағлари ва хусусий инвестициялар ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳудудий дастурларни амалга оширишни таклиф этади. Ўн иккинчи қадам билан бизнинг парламент фракциямиз аҳолининг ижтимоий кайфиятига таъсир кўрсатувчи меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг мажбурий жамоатчилик муҳокамаси ва экспертизаси механизмини яратишни кўзлаган.

Биз, Ўзбекистон Халқ демократик партияси вакиллари халқимизнинг юксак ишончини оқлаш ва 12 қадамда белгилаб олинган вазифаларни рўёбга чиқариш учун курашамиз!

 

Ўктам СУЛАЙМОНОВ,

ХДП Самарқанд вилоят кенгаши раисининг ўринбосари,

 Мафкура ва тарғибот-ташвиқот масалалари бўлими бошлиғи.

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш