Тарғибот тадбири когонликларни мамнун этди
Тарғибот тадбири когонликларни мамнун этди

 

Тараққиётнинг янги босқичига қадам қўйган Ўзбекистонда парламент ва  маҳаллий кенгашларни сайлаш учун тамомила  ўзгача руҳдаги сайлов компанияси бошланди. Бу жараёнга янгича қарашлар ва янгича ғоялар билан кириб келаётган Ўзбекистон Халқ демократик партияси сайловолди тадбирларини ҳам янгича форматда  халқ орасида ўтказишга киришганидан хабарингиз бор.

Таъкидлаш ўринлики,  ЎзХДП туман ва шаҳар кенгашлари ташаббуси билан ўтказилаётган бундай сайловолди тарғибот тадбирлари воҳамиз аҳлини мамнун этмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Когон шаҳар ва туман Кенгашлари  ташаббуси билан  Когон шаҳридаги Темирйўлчилар Истироҳат боғида   “Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз” шиори остида  ўтказилган тарғибот тадбирида ташриф буюрган санъаткор ва хонандаларнинг қувноқ чиқишлари ҳаммага кўтаринки кайфият улашди.

Тадбирни Халқ демократик партияси Когон шаҳар  кенгаши раиси Шоира Изомова кириш сўзи билан очиб, сайловларнинг юртимиздаги демократик жараёнларни жадаллаштиришдаги аҳамияти, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар ҳақида қисқача маълумот берди.

Тадбир доирасида ўтказилган қизиқарли лоторея ўйинлари шоусида  иштирокчиларга партия ташкилоти томонидан совғалар тарқатилди.

Тадбир давомида  Когон шаҳар  маданият уйи санъаткорларининг  чиқишлари  барчага кўтаринки ва байрамона кайфият улашди. Болалар иштирокида ўтказилган турли ноанъанавий ўйинлар ғолиблари ҳам рағбатлантирилди.

— Мен Зиёкор маҳалласиданман, — дейди иштирокчилардан бири кекса отахон Барот Раззоқов.— Авваллари партия тадбири давра суҳбати тарзида ўтказиларди.  Бу галгиси бошқача ўтгани боис эсда қоларли бўлди. Лоторея ўйинида соврин эгаси сифатида  партиянинг совғаларини олдим. Бундан хурсандман.

— Мен шу истироҳат боғида боғбон  бўлиб ишлайман, — дейди биз билан суҳбатда имконияти чекланган фуқаро Ўткир Садиков.— Қўшиқ айтишга қизиқаман. Доим шу ерда ўтган тадбирларда санъаткорларнинг чиқишларини томоша қилиб туриб уларга ҳавасим келарди. Бугунги тадбирда партия ходимлари менга ҳам саҳнага чиқиш имкониятини беришди. Совғалар билан рағбатлантиришганидан бошим осмонга етди. Биринчи бор ўз санъатимни халққа намойиш этдим. Барчага раҳмат! Бу илк ижро мен учун унутилмас кун бўлди.

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш