Уруш кўрган, жангоҳларида жон олиб, жон берган кексаларнинг ҳар сўзидан ҳикмат топасиз, ҳар каломидан ибрат оласиз. Зеро, тирик тарихга айланган бу инсонлар осойишталик қадридан, очарчилик, қаҳатчилик йилларида азият чеккан бувиларимиз эса тўқлик, тўкинлик қадридан сўз очишади. Айни кунларда орамизда Иккинчи жаҳон урушида иштирок этган, машаққатли даврда яшаган авлоддан саноқли инсонларгина умргузаронлик қилмоқда. Уларнинг дилидан, тилидан шукроналик тушмайди.
Хотира ва Қадрлаш куни арафасида 104 ёшга тўлган Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси, Бухоро шаҳрида яшовчи Аҳмад Ғуломов хонадонига Ўзбекистон Халқ демократик партияси Бухоро шаҳар Кенгаши раиси Робия Казимова ҳамда партиядан сайланган вилоят Кенгаши депутатлари ташриф буюрди. Ташрифдан отахоннинг қалби қувончга тўлди. Шу куни хонадон давлат ва жамоат ташкилотлари, маҳалладошлар, кенг жамоатчилик, фарзанду неваралар билан янада гавжум бўлди.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов Президентимизнинг Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 76 йиллиги ҳамда Хотира ва Қадрлаш куни муносабати билан йўллаган байрам табригини ўқиб эшиттирди. Пул мукофотлари ва совғаларни тантанали равишда топширди. Хурсандчиликдан кўнгли тоғ нуроний отахон шукрона сўзлар айтди. Уруш даврининг азобу уқубатларини, ўзи бошдан кечирган воқеаларни эсга олди. Йиғилганларга Катюша қўшиғини куйлаб берди.
Ҳа, отахоннинг уруш жангоҳларида кечган эзгин хотиралари қайта уйғонди.
У дастлаб ҳарбий хизматга чақирилганида ўсмир эди. Гарчи туғилганлик тўғрисидаги ҳужжатда “бироз улғайган” бўлса-да, ёш боши билан неча-неча қирғинбарот жангларда иштирок этди. Кутилмаганда советлар (1939 йилнинг кеч кузида) Финландияга ҳужум қилди. У Боку шаҳрида ҳарбий тайёргарликдан ўтган пиёда қўшин таркибида фин тупроғи сари йўл олди. Қўлига қурол олган аскарлар сафида кўплаб ўзбек ўғлонлари ҳам бор эдилар. Афсуски, уларнинг кўплари ўша ерларда қолиб кетди. Бу уруш совет ҳукуматига қатор ғалабалар келтирган бўлишига қарамай, якунда армиянинг анчагина ислоҳга муҳтож эканлиги кўриниб қолди. Бундан Иккинчи жаҳон урушини аллақачон бошлаб берган фашистлар Германияси руҳланган ва 1941 йилда иттифоққа бостириб кирди...
Қирқ етти кишилик взвод мўрмалахдай ёпирилиб келаётган фашистларга қаршилик кўрсатиш учун дўзахий олов ўчоғига ташланди. Пиёда қўшинлари ҳужумига қарши 14-ўқчи полки сафида жанг қилди. Қонли тўқнашувлар гоҳ у, гоҳ бу томоннинг ғалабаси билан ниҳояланарди. Ўлим даҳшати эмас, йиллар давомида елкама-елка туриб бирга жанг қилган, ўз биродаридай бўлиб қолган сафдошларнинг дайди ўққа учиши, снаряднинг оёқ остида портлаб, аскарларни жувонмарг қилиши юракларни эзиб юборарди. Украин фарзанди – Андрюша исмлик қадрдони билан кўп жангу жадалларни, дарё ва шаҳарларни босиб ўтди. Юзлаб душман аскарларини йўқ қилди. Афсуски, дарё бўйларида кечган қақшатқич жанглардан бирида эса у дўстидан айрилди. Ўзи эса яраланиб, госпиталга ётқизилди. Тузалгач, яна полкка қайтди.
Белоруссия, Польша каби қатор шаҳарларни душман чангалидан озод этиб, Берлингача етиб борди. Учинчи рейх қулатилгач, иттифоқ қўшини эътиборни Германия иттифоқчиларидан бири – Японияга қаратди. Байкал кўли, Курил ороллари, бир сўз билан айтганда Узоқ Шарққа бориб, Ҳарбин, Хайлар, Меридиан сингари шаҳарларни кўрди. Япон аскарлари эса ўз чегаралари томон чекинишга мажбур бўлди. Қаҳрамонимиз жангларда кўрсатган кўплаб жасорати туфайли кўксини орден ва медалларга тўлдириб, (1946 йилнинг октябрида) Ватанга қайтди. Собиқ трикотаж фабрикасига ишга жойлашди. Уйланди, ҳалол топган ризқ эвазига фарзандларини камолга етказди. Невара ва эваралар кўрди.
Аҳмад бобо Ғуломов бугунги кунда Бухоро шаҳридаги Фитрат номли маҳаллада истиқомат қилади. Етмиш ёшни қоралаган ўғли Маҳмуд аканинг сўзларига қараганда, маҳалла фаоллари, шифокорлар, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари ва бошқа мутасаддилар Аҳмад бобонинг ҳолидан доим хабардор бўлиб туришибди.
– Бу дунёда Ватан деб яшанг, тинчликнинг қадрига етинг, болаларим! Биз Ватанни севдик, Ватан деб жондан кечдик, Ватан эса муносиб мукофотлади —саодатмандлик бахтига етдик, шукр! Бундай бахтиёрлик ҳар бир инсон учун бардавом бўлсин! Ватанни севинг, ватан тинчлигини асранг. Биз кексалар ҳамиша ҳар дуога қўл очганимизда тинчлигимизга шукрона айтамиз.
Бундай шукроналик каломи шу кунларда ҳар бир кекса авлод қалбида жўш ураётир. Сўзи — ҳикмат, ҳаёти — ибрат нуронийларимиз кечмишлари ўсиб келаётган ёшлар учун энг олий қадриятдир.
Шаҳло Бақоева