ЎзХДП фракцияси иккита қонун лойиҳасини маъқуллади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида иккита қонун лойиҳаси муҳокама қилинди.

Дастлаб депутатлар «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳасини кўриб чиқди.

Мазкур ҳужжатга кўра, Жиноят-процессуал кодексига ўзгартириш киритиш назарда тутилмоқда. Хусусан, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш билан боғлиқ жиноятларга доир ишлар бўйича терговга қадар текширувни ўтказиш Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси биринчи ўқиш вақтида фракция йиғилишида атрофлича муҳокама этилгани таъкидланди. Юқоридаги ўзгартиш ва қўшимчаларни ёқловчи ҳамда қарши депутатлар ҳам бўлди. Турли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Якуний овоз бериш натижаларига кўра қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда қабул қилинди.

Шунингдек, депутатлар “Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат хавфсизлик хизмати тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ҳам иккинчи ўқишда маъқуллашди.

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш