Халқ демократик партияси ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашади
Халқ демократик партияси ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашади

 

Халқлар дўстлиги» майдони. Бобою бувилар невараларининг қўлидан тутиб, Халқ демократик партияси ташаббуси билан ўтказилиши режалаштирилган тарғибот тадбири томон ошиқмоқда. Ана, автобус бекати томондан келаётган бир гуруҳ йигит-қизлар майдон тўрида ўрнатилган саҳна сари йўл олди.

Бир йигит Тошкент шаҳар партия кенгаши сектор мудири Нодира Ғафурованинг олдига келиб, партия ҳам кенг майдонда тадбир қиладими, дея савол нигоҳи билан боқди. Нодира Ғафурова эса барчасини ўз кўзи билан кўришни таклиф этди.

Янгича услубдаги тарғибот тадбирида Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов сўзга чиқиб, жорий йилда ўтказиладиган сайловларнинг аҳамияти, партиянинг янги Сайловолди дастурида белгиланаётган асосий ғоя ва вазифалар хусусида тўхталиб ўтди. Партиямиз Сайловолди лойиҳасини ишлаб чиқишда янгича ёндашганини, бунда таклифлар асосан аҳолининг ўзидан олинганини алоҳида таъкидлади.

«Ижтимоий ҳимоя ва фаровонлик учун курашамиз!» шиори остидаги тарғибот тадбирида эл суйган санъаткорнинг чиқишлари одамларга кўтаринки кайфият бағишлади.

– Атрофга, одамларнинг юз-кўзига қараб, партиямиз янгича тарғибот йўлини танлаб адашмаганига яна бир бор амин бўлдим, – дейди Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова. –  Тадбирлар давомида кўп ҳолларда иштирокчилар белгиланган маърузаларни тинглаб, бефарқ ҳолатда ўтирганини ҳам кўрганман. Бугун эса юзлаб инсонлар маданий хордиқ олиш билан бирга, партиямиз фаолияти, илгари сураётган ташаббуслари ҳақида маълумотга эга бўлди.

Биласизми, бир қизалоқ отасининг қўлидан тутиб, майдонни сайр этаётганини кўрдим. Улар билан суҳбатлашдим. Ота бугунги тадбир ҳақида facebook ижтимоий тармоғи орқали хабар топганини, уйга эртароқ қайтиб, турмуш ўртоғи ва фарзандлари билан майдонга келганини айтди. Биз оилаларга хурсандчилик бахш этганимиздан мамнун бўлдик.

–       Бугунги тадбирга дўстларим таклиф этишди, — деди Сирожиддин Оқбоев. – Рости, уларни хафа қилмаслик учунгина келишга рози бўлгандим. «Халқлар дўстлиги» майдонига келиб, йиғилган юзлаб одамларни кўриб, ҳайрон қолдим. Тадбирни кузатиб, Халқ демократик партиясининг тарғибот услуби тўғри эканлигини билдим.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар ҳамда Чилонзор туман кенгашлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбир ана шундай кўтаринки кайфиятда ўтди. Куй-қўшиқлар рақсга уланди.

Бундай тадбирлар республикамизнинг барча ҳудудларида, хусусан, пойтахтимиздаги турли майдонлар, бозорлар ва истироҳат боғларида давом этади.

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши

Ахборот хизмати.

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш