Халқ демократик партиясининг тарғибот тадбирида
Халқ демократик партиясининг тарғибот тадбирида

Ҳасан Абраевнинг орзуси амалга ошди

Ҳасан Абраев яшашни, табиатдаги ўзгаришларни кузатишни севади. Адабиётга қизиқади. Атоқли ўзбек адиблари ҳамда шоирларнинг китобларини меҳр билан ўқийди. Ўзи ҳам шеър ёзишни машқ қилиб туради. Фақат хасталиги сабаб қўлига қалам тута олмаслиги уни озроқ қийнайди. Албатта, дўстлари, тарбиячилар унга яқиндан кўмак бериб келмоқда. Аммо ижодкорга илҳом қачон келишини ҳеч ким билмайдида...

Орзу қилишни яхши кўраман, — дейди Ҳасан Абраев. — Инсон умид билан яшаши, орзулари рўёбга чиқишига ишониши керак. Бошқаларда билмадиму, менинг орзуларим бирин-кетин амалга ошмоқда. Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши Ирода Абдуллаева бизни «Наврўз» боғига таклиф этди. Рости, тадбирнинг энг ҳаяжонли дақиқалари менга аталганини билмагандим. Ўртоқларим, Ҳасан сенинг исмингни айтишяпти, дейишганда ҳам эътибор бермадим. Кейин, тарбиячимиз саҳнага олиб чиқиб, Ирода опа қўлимга ноутбукни тутқазганда ўзимни дунёдаги энг бахтли инсондек ҳис этдим.

«Наврўз» боғида Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши томонидан ташкил этилган тарғибот тадбири ана шундай қувончли онларга бой бўлди. Ногиронлиги бўлган болалар, эҳтиёжманд оила вакиллари боғга дам олиш истагида келган отахон-онахонлар, йигит-қизлар санъаткорларнинг ҳар бир чиқишини диққат билан кузатди. Биргаликда рақс тушишди. Айниқса, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиязов томонидан ижро этилган жаҳон опреаси дурдоналари йиғилганларга манзур бўлди.

Тадбир мобайнида Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши раиси Нигора Эшметова сўзга чиқиб, иштирокчилар билан самимий мулоқот қилди. Йиғилганларга партиямиз томонидан амалга оширилётган ишлар, депутатларимиз томонидан илгари сурилаётган ташббуслар ҳақида гапирди. Халқ демокартик партияси ижтиомий ҳимоя ва фаровонлик учун курашишини таъкидлади.

Очиғи, бир тадбирни ташкил этиш, ўтказиш, одамларни унга жалб этиш осон иш эмас, — деди Ўзбекистон ХДП Шайхонтоҳур туман кенгаши раиси Ирода Абдуллаева. — Тан олиш керак. Илгарилари маҳаллаларда, турли ташкилотларда давра суҳбатлари, семинарлар, тадбирлар ўтказардик. Уч-тўрт мутахассис минбарга чиқиб, илмий атамаларга бой маърузалар ҳам бўлган. Буларнинг қанча қисми иштирокчиларнинг юрагига етиб борганини эса бизга номаълум. Халқ демократик партияси томонидан ташкил этилаётган тарғибот тадбирлари эса узоқ вақт кўпчиликнинг ёдида қолишига ишонаман.

Ҳасан Абраев ҳақида гапирадиган бўлсам, бу болани бир неча йилдан буён биламан. Унинг аксарият шеърларини ўзим қоғозга туширганман. Биринчи китобини чоп этишда, тақдимотини ўтказишда кўмаклашдик. Бу партиямиз томонидан амалга оширилган энг кичик ишлардан бири холос.

Оила аъзоларим билан «Наврўз» боғига келдик, — деди Жамолиддин Файзуллаев. — Фарзандим телевизор орқали шу боғдаги чархпалакни кўрганини, унга чиқиб, сайр қилишни орзу қилганини айтганди. Ўзингиз англаган бўлсангиз керак. Бизда тадбирни юқоридан томоша қилиш имкони бўлди. Чархпалакдаги сайрдан сўнг гумбаз остидаги тадбирни кузатдик. Барчаси яхши ташкилаштирилган, жажжи ўғил-қизларнинг рақслари, ота-оналарнинг улага боқиб турган бахтли нигоҳларини кўриб тўлқинлдандим. Биз телевидение орқали расмий кийинган, жиддий қиёфадаги инсонлар тўпланиб, нималарнидир маслаҳатлашиб, муҳокама қилаётган мажлисларига ўрганиб қолган эканмиз. Бугун бу тасаввуримиз нотўғри эканини билдик.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Учтепа туман кенгаши томонидан «Uchtepa outlet» савдо марказида ўтказилган тадбир ҳам кўтаринки руҳда ўтди.

Тўғриси, фарзандларимни ўйнатиб, шу баҳонада уй юмушларидан чалғиш мақсадида «Uchtepa outlet» савдо марказига келгандим, — дейди Шоира Тоирова. — Қизларим билан музқаймоқ еб ўтиргандик. Савдо маркази майдонида бир гуруҳ ёшлар нималаргадир тайёргарликни бошлади. Қандайдир реклама воситаларини ўрнатишди. Секин хизмат кўрсатиб юрган қиздан сўрасам, ҳозир Халқ демократик партиясини тадбири бошланади, деб жавоб берди. Тадбирда қизим билан шу қадар мазза қилиб ўйнадик. Халқ демократик партияси илгари сураётган ташаббуслар ҳақида ҳам билиб олдик.

Очиғи, Халқ демократик партияси бутунлай тадбирлари ўзгача ноодатий шаклларда, кўчалар ва боғларда ўтаётганини эшитгандим, — деди савдо маркази сотувчиси Ахрор Шодиев. — Лекин партиялар фаолиятини кузатиб борганим учун бу гапга бироз ишонмагандим. Дўстларим Халқ демократик партиясининг «Халқлар дўстлиги» майдонидаги тадбири ҳақиқий шоу бўлди, дейишганди. Бугун гувоҳи бўлдимки, улар алдамаган экан. Тадбир бундай шоуга айланиб кетишини тасаввур ҳам қилмагандим.

Бундай тарғибот тадбирлари республикамизнинг турли ҳудудларида давом этмоқда.

 

Фаррух ТОШХОДЖАЕВ,

Ўзбекистон ХДП Тошкент шаҳар кенгаши АКТ етакчи мутахассиси.

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2019
← Рўйхатга қайтиш