Мамлакатимизда ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, юртимиз истиқболи учун масъулиятни ўз зиммасига олишга қодир, ташаббускор, шижоатли ёшларни тарбиялаш борасида муқобили йўқ тизим яратилди.
Ўзбекистон ХДП Гулистон туман кенгаши томонидан “Ёшларга кўмак” лойиҳаси доирасида бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси ташкил этилди. Тадбирга туман ҳокимлиги, Савдо-саноат палатаси вилоят бўлими, Ўзбекистон Ёшлар ишлари агентлиги туман бўлими, аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази, тижорат банклари ва тегишли идора, ташкилотлар вакиллари иштирок этди.
Ярмаркага асосан доимий иш билан банд бўлмаган ёшлар таклиф этилди. Иш берувчи субъектлар вакиллари корхоналарда ходимларга яратилган шароитлар ҳақида маълумот бердилар. Ярмарка давомида ёшлардан 14 нафари ўзларига маъқул бўлган иш ўринларига ишга жойлашишди, 23 нафарига ўз тадбиркорликларини йўлга қўйишлари учун кредит олишга тавсияномалар берилди. Шунингдек, 10 нафар тадбиркорга 10 нафар ишсиз ёшлар бириктирилди.
Меҳнат ярмаркасида "Ҳар бир тадбиркор – ёшларга мададкор" тамойили асосида ишсиз ва уюшмаган ёшларни тадбиркорликка ўқитиш бўйича ўқув курсини муваффақиятли якунлаган 21 нафар тингловчи ёшларга сертификатлар топширилди. Энди уларга тадбиркорликларини йўлга қўйиш учун тижорат банклари томонидан кредит маблағлари ажратилади.
ЎзХДП Сирдарё туман кенгаши