Маълумки, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар – келажагимиз” жамғармаси томонидан йигит-қизларга имтиёзли кредит маблағлари ажратилиб келинмоқда. Ушбу кредит маблағларининг ажратилиши, аҳоли бандлигини таъминлашда муҳим аҳамиятга эга, албатта. Шу ўринда бир савол пайдо бўлади. Хўш, ушбу кредит маблағлари тадбиркорлик билан шуғулланиш истагини билдирган ёшларга қанчалик амалий ёрдам бериб келяпти? Кредит олган ёшлар ўз тадбиркорлик фаолиятини бошладими? Агар улар ўз ишини йўлга қўймаган бўлса, маблағлар қаерга сарфланаяпти? Ушбу саволларга жавоб топиш мақсадида халқ депутатлари вилоят ҳамда Дўстлик туман Кенгашларидаги ЎзХДП депутатлари масалани атрофлича ўрганишди.
Назорат-таҳлил натижаларига кўра, “Ёшлар – келажагимиз” давлат дастури доирасида ёшлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва бандлигини таъминлаш, янги иш ўринларини яратишга қаратилган чора-тадбирлар натижасида вилоятда 2019 йилда жами 152,9 млрд. сўм миқдорида кредит маблағлари ажратилиши режалаштирилган бўлиб, ўтган 9 ой мобайнида 113 та лойиҳа амалга оширилган ва ушбу лойиҳаларга 26,2 млрд. сўм кредит маблағлари ажратилган.
– Партиянинг вилоят ва Дўстлик туман Кенгаши депутатлари, “Юксалиш” умумиллий ҳаракати, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги жамоатчилик Кенгаши аъзолари, жойлардаги маҳаллий Кенгаш аъзолари, ҳамда “Ёшлар келажагимиз” жамғармасининг масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳ томонидан 2 сентябрдан 4 октябрга қадар шаҳар ва туманларда жамоатчилик назорати мониторинги ўтказилди, – дейди партиянинг “Дўстлик” туман Кенгаши депутати Ҳусан Абдуниёзов. – Ўрганишларга асосан, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳузурида ташкил этилган “Ёшлар келажагимиз” жамғармаси томонидан тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини тахминлашда ажратилган кредитларни мақсадли сарфланишга қаратилди.
Маълум бўлишича, вилоятдаги ёшлар жамғармаси 2019 йилнинг ўтган даври мобайнида жойлардаги миллий банк, халқ банклари томонидан берилган кредит маблағларининг 19 млрд 35 миллион сўм миқдори мақсадли, деб топилди. Ушбу пул маблағлари асосида 90 та лойиҳа амалга оширилди. Лойиҳа доирасида тадбиркорлар томонидан режа бўйича 710 нафар ишчи ўрин яратилиши керак бўлсада, 243 та иш ўрини яратилганлиги аниқланди.
Партиянинг вилоят ва Дўстлик туман Кенгаши депутатлари томонидан маблағларнинг мақсадли ишлатилиши юзасидан олиб борилган мониторинг натижасида, амалга оширилган лойиҳаларнинг 113 тасидан 90 таси учун ажаратилган маблағлар мақсадли сарфлангани аниқланди. Яъни 23 та лойиҳа учун ажратилган маблағлар бошқа мақсадларда сарфланган. Масалан, Жиззах шаҳри “Зилол” маҳалласида яшовчи Ойдиной Асқарова номига расмийлаштирилган 200 млн. сўм кредит маблағининг 98 млн.и “Forward advertise” МЧЖ томонидан реклама маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи ускуна сотиб олиш учун эмас, ёниб турувчи осма реклама баннер учун сарфланган. Қолган маблағ нимага сарфлангани эса маълум эмас...
“Ёшлар келажагимиз” жамғармаси томонидан Жиззах вилоятида 2019 йилда ажратилиши режалаштирилган 152,9 млрд. сўм кредит маблағларидан ўтган 9 ой давомида бор йўғи 26,2 млрд.и ажратилган холос.
Ўрганишлар натижасидан келиб чиққан ҳолда, ёш тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ёшларни янада тадбиркорликка жалб этиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш, шунингдек йўл қўйилган камчилик ва муаммоларни бартараф этиш мақсадида ЎзХДП депутатлари бир қатор таклифлар билан чиқишди.
Депутатларнинг таъкидлашича, давлат дастури доирасида кредит лойиҳаларини молиялаштиришда иштирок этувчи тижораат банклари томонидан ягона кредит портфели ишлаб чиқилиши, кредит олиш билан боғлиқ зарурий ҳужжатлар номенклатурасини барча тижорат банкларига бир хил равишда жорий этиш, шунингдек, тижорат банклари томонидан лойиҳада иштирок этувчи ёш бўлғуси тадбиркорларга тижорат банкларининг кредит сиёсати бўйича очиқлик ва шаффоликни таъминлаш керак. “Ёшлар - келажагимиз” жамғармаси масъул ходимлари, тижорат банклари, солиқ идоралари, бандликка кўмаклашиш марказлари, Жамоатчилик Кенгашлари вакиллари ва депутатлар иштирокида ишчи гуруҳи ташкил этиш ҳамда ҳамкорликда мониторинг қилиб бориш, шу қаторда тадбиркорларни ўйлантираётган муаммоларни биргаликда ҳал этиш чоралари кўрилса, мақсадга мувофиқ бўлади.
Ёшларни тадбиркорликка жалб этиш, жамғармадан ажратилаётган имтиёзли кредит маблағларини тўғри йўналтириш ва мақсадли сарфлаш борасида тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган ёшлар орасида кенг тарғибот-ташвиқот ишларини кенг кўламда олиб бориш керак.
Депутатлар масалани сессия муҳокамасига олиб чиқишга тайёрланишяпти.
Маърифат МАЛОНОВА,
ЎзХДП Жиззах вилоят кенгаши Ахборот котиби.