Халқ агар ҳеч нарсани билмаса, нимани назорат қилади? – Фармон Тошев
Халқ агар ҳеч нарсани билмаса, нимани назорат қилади? – Фармон Тошев

 

Давлат идораларидаги Матбуот хизматлари фақат Ахборот хизмати эмас, балки жамоатчилик билан алоқалар фаолиятини ҳам амалга ошириши керак. Ҳокимликлардаги Ахборот хизматлари фақат ҳокимга эмас, бутун ҳокимликка хизмат қилиши керак. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси, ХДП фаоли Фармон Тошев кеча, 9 июль куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатида бўлиб ўтган Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасининг биринчи мажлисида сўз очди. 

Фармон Тошев Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 16 июндаги “Давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлаш, шунингдек, жамоатчилик назоратини самарали амалга оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва 2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг ижроси хусусида гапираркан, шундай дейди: 

  • "Президент бизнинг олдимизга ошкораликни таъминлаш бўйича иккита вазифа қўяпти. Биринчиси, давлат органлари раҳбарлари нуқтайи назарини очиқликка  шакллантириш, иккинчиси аҳолини ҳам очиқликка тайёрлаш.  

Биз фақатгина битта ташкилот билан шуғулланиб қолмаслигимиз керак. Халқ бизнинг ҳар бир тадбиримиздан ўзига бирор нарса олиши, хабардор бўлиши керак. 

Бу [“Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги] қонун бекорга чиқарилмаган. Мен ҳам ушбу қонуннинг ташаббускорларидан бўлганман. 2014 йилда Сенатга олиб чиқишда иштирок этганман. Лекин, бу қонун ишламади. Нима учун ишламади? Биринчидан, реклама қилинмади. Иккинчидан, жамият бунга ҳали тайёр эмасди. Энг муҳими, 6-7 йилдан кейин Ахборот хизматларига пул ажратиляпти, ваҳоланки, қонун чиққан кундан бошлаб пул берилиши керак эди. Мен ушбу қонун ишламаслиги ҳақида қанчадан қанча сўровлар юборганман”, дейди Тошев ташаббускорлигини эслаб. 

Одатда оммавий ахборот воситалари ходимлари Ахборот хизматлари, матбуот котиблари ҳоким ё вазирларнинг шахсий адвокатига айланиб қолгани, улар ОАВ билан ҳамкорликни фақат қайсидир мақоласини чиқаритириш учун йўлга қўйиши ҳақида нолиб келади. Журналист-сенатор Фармон Тошев ҳам масаланинг айнан шу жиҳатига эътибор қаратиб, ташкилотлардаги Матбуот хизматлари Ахборот хизмати ва жамоатчилик билан ишлаш дея юритилиши кераклиги, улар ҳокимларнинг кўланкасидан чиқиб, жамоатчилик билан ишлаши кераклигига ишора берди. 

  • "Биз ошкораликни нотўғри тушуняпмиз. Гўёки бўлган воқеани ҳаммага айтсак, ошкор қилинди дегандек. Йўқ, бундай эмас. Ошкоралик – режаларни олдиндан ошкор қилиш. Биз қайси вилоятда нима қурилади, нима бўлади, шуларни олдиндан билишимиз керак. Ҳозир депутатларни шундай тарбиялаяпмиз. Ҳар битта сессиямизда йўл харитасини тасдиқлаб, ҳаммага эълон қиляпмиз. У сув бўладими, газ бўладими, бандлик бўладими, йўл бўладими... Халққа ҳаммасини айтяпмиз. Халқ ўзи кейин назорат қилади. Халқ агар ҳеч нарсани билмаса, нимани назорат қилади?", дея мажлис иштирокчиларига юзланди Фармон Тошев. 

Йиғилишда Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Дилшод Саиджонов кўплаб ташкилотлар Ахборот хизматларида бор-йўғи бир нафар ходим ишлаётгани, айни вақтда Ахборот хизматларини штатларини кўпайтириш ва аниқ белгилаш масаласи кўриб чиқилаётганини таъкидлади. Сенатор Фармон Тошев бунга ҳам мунобат билдириб, гап ходимнинг кўп ё камлигида эмас, ўша ўринда қанчалик мутахассис ишлаётганида эканини урғулади. 

"АОКАдан илтимосим бор: гап штатда эмас, гап ўша ерга мутахассис танлашда, уни нуқтайи назарини тўғри шакллантиришда”, дейди Тошев. 

Йиғилишда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбирининг қайд этишича, мажлисда Президентнинг жорий йил 16 июндаги фармонида берилган топшириқлар ҳамда Қўмитанинг жорий йил иккинчи ярим йилликка мўлжалланган иш режаси муҳокама қилинган. Шунингдек, экспертлар гуруҳи ҳам тасдиқланган. Ушбу гуруҳдан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов ҳам ўрин олган.

 

Диёра Абдураҳмoнова

www.qalampir.uz

← Рўйхатга қайтиш